Спорт | 13:29 / 17.09.2024
12022
13 дақиқада ўқилади

Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида

Криштиану Роналду YouTube каналида Рио Фердинанд билан суҳбатининг 3-қисмини эълон қилди. Унда собиқ жамоадошлар дунё юлдузининг Манчестерни можароли тарк этиши, Криштиану Жуниорнинг футболчи бўлиш истаги ва фаолиятини тугатгандан сўнг нималарни соғиниши борасида гаплашишди.

Рио Фердинанд: — Қара, студиянг бўйлаб «Манчестер Юнайтед»да бўлган даврларингдан олинган суратларни илиб чиқибсан. Сен билан бу клуб ҳақида гаплашишим керак. Кел, бироз орқага қайтамиз, сен билан Манчестерга қайтишингдан аввал телефон орқали гаплашдик. Тунги соат 1 да қўнғироқ қилгандинг. Аввалига бу сени жуда хурсанд қилган воқеа бўлса керак. Лекин кейинроқ ҳаммаси ўзгариб кетди. Сен ҳозир ўшанда интервюда айтган гапларингни исботлай олганингни ҳис қиласанми?

Роналду:  Ҳақманми ёки йўқ, энди бу мени қизиқтирмайди. Ўшанда айтишим керак бўлган гапларни гапирганман. Мен учун ҳаммаси ортда қолган. «Манчестер Юнайтед»га ўзимга тилаган ҳамма нарсани тилайман. Улар яна дунёнинг энг яхши жамоаларидан бирига айланишини истардим. Мен бу клубни севаман. Мен бўлиб ўтган барча воқеаларни унутиб юборадиган одам эмасман: у ерга қайтганимдан жуда хурсанд бўлгандим, кўплаб голлар уриб, тўпурарлардан бирига айландим. Биринчи мавсумимда жамоа билан яхши натижаларга эриша олдим. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг ҳар турида гол уришга эришдим.

Лекин олдин ҳам айтганимдек, клубда ҳамма нарсани янгилаш ва яхшилаш керак. Мураббий чемпионлик учун кураша олмаслигини айтганди. Сен «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи экансан, бундай дейишга ҳаққинг йўқ. Сенда ресурслар ва салоҳият камлигини билсанг ҳам, ўзингни ғалаба учун курашадигандек тутишинг керак.

 Биз бор пайтимизда шундай эди. Балки, ҳамма гап мураббийдадир? Чунки клубнинг стандартлари ўзгариб кетди ва кутилмалар ҳам шунга яраша бўлиши керакдир…

— Балки, мен ҳам шундай деб ўйлайман. Лекин бу клуб қайтадан қурилиши учун вақт керак. Улар — ҳали ҳам дунёнинг энг зўр клубларидан бири. Лекин ўзгаришлари керак. Ҳатто ўзлари ҳам бу ягона йўл эканини билишади. Сен бу борада дастур ҳам тайёрладинг, жамоадаги инфратузилма яхшилана бошланганини кўрдим ва янги раҳбарлар ижобий ўзгаришлар қилмоқда. Мен бундан хурсандман. Барчаси шу тахлит юз бергани мени бахтли қилмайди, бироқ ҳаётимиздаги баъзи нарсаларни бошқара олмаймиз. Яна қайтараман, менинг «Манчестер Юнайтед»га муҳаббатимга заррача путур етмаган ва уларга доим энг яхшиларини тилайман.

— Ҳозирги таркибдаги умидни кимда кўрасан: Гарначо, Рэшфорд, Ҳойлунд. Улардан нимадир кутса бўлади, деб ўйлайсанми?

 Мен уларда келажак ёрқин эканига ишонаман. Лекин улар фақат иқтидорга боғланиб қолмасликлари керак. Фақат клубнинг комплекс тарздаги ривожланиши жамоага муваффақият олиб келиши мумкин. Улар энг пастки нуқтадан қайта қуришни амалга ошириши керак, акс ҳолда рақобатлаша олишмайди. Ҳа, яхши натижалар кузатилиб туриши мумкин, Лига Кубогини ютиб қолишлари эҳтимол, аммо Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси ва Премер-лигада зафар қучишлари анча қийин. Умид қиламанки, адашяпман, бироқ қийин бўлиши аниқ.

 Руд (Ван Нистелрой) ҳозир жамоага қайтган. У вазиятни ўнглаши мумкинми?

— Менимча, унинг катта ёрдами тегади. Агар тен Ҳаг уни эшитса, Руднинг анча фойдаси тегади. Боиси, у клубни билади ва ҳозирги раҳбарият олдинги даврларда жамоада бўлганлар фикрини эшитиши керак: Руд, Рой Кин, Пол Скоулс, Гари Невилл… Бир клубни билмай туриб, уни ривожлантира олмайсан. Офисда ўтирган бир йигит мен футболни яхши тушунаман, ҳар куни телевизорда кўраман-ку, деб ўйлайди. Йўқ, бунинг иложи йўқ. Футболни тушунадиган инсонлар 99 фоиз унинг ўзидан чиқади. Дунёдаги энг муваффақиятли мураббийлар кимлар: Гвардиола, Фергюсон… Улар футболчи бўлган, кийим алмаштириш хонасида ўтирган. Улар футболчилар билан қандай ишлаш кераклигини тушунишади. Сен ҳам, мен ҳам Формула 1'га бориб, нимадир қила олмасдик, чунки билмаймиз.

— Ҳали бола эканлигингдаёқ «Манчестер Юнайтед»да пайдо бўлдинг, озғингина йигитча эдинг. Соч турмагинг жуда кулгили эди, спагеттига ўхшарди. Тишинг ҳақида гапирмай ҳам қўя қоламан. Лекин ҳаммасидан ҳам кўра сен завқ улашувчи эдинг, майдонда қиладиган ҳаракатларингга ҳамма ҳайрон қоларди, ҳатто юлдузимиз Руд ҳам. 6 йилдан кейин эса «Реал»га кетдинг, юзинг буткул ўзгарди, кетворган қадди-қоматга эга бўлдинг, «Олтин тўп» ва дарвоза олдида қотилга айландинг…

— Мен буни «Манчестер Юнайтед»да ўрганганман. Чунки у ердаги сўнгги мавсумимда Чемпионлар Лигаси ва Премер-лига тўпурари бўлганман. Қандай қилиб ўзимни ўзгартирдим? Тушундимки, бизнинг позицияда финтлар эмас, голлар муҳимроқ экан. Мен ёшлигимда бажарган финтларимдан роҳат олганман ва уларни қайта томоша қилишни ҳам ёқтирардим. Ёш ўтган сари эса бир пайтлар завқ билан бажарган айрим ишларингни камроқ қадрлай бошлайсан ва янада муҳимроқ нарсаларга эътибор қаратасан. Мен англаб етдимки, Чемпионлар лигаси, «Олтин тўп» ва «Олтин бутса» каби совринларни ютиш учун сенга голлар ёрдам берар экан. Финтлар устаси эмас, кўпроқ гол урадиганлар газеталарнинг бош саҳифаларидан жой олади.

— Сен кўп клубларда юқори даражада ўйнагансан ва уларда доим ёш-иқтидорли футболчилар бўларди. Улар сенинг олдингга келиб маслаҳат сўрашни, сен билан гаплашишни жуда хоҳлашса керак. Уларга қандай кўрсатмалар берасан?

 Мени биласан-ку, алдашни ёқтирмайман. Манчестерга келганимда машғулотларда Гари Невилл, сен, Рой Кин, Гиггз кабиларни кўрганман. Мен сизларга қараб кўп нарсаларни ўрганганман, ҳар бирингиздан қайсидир кучли жиҳатингизни олишга уринганман ва бу орқали ўз шахсиятимни яратишим мумкин бўларди. Мисол учун, сен жуда кучли ҳимоячи эдинг, марказий ҳимоячиларга хос тарзда бақувват, мускулларинг шишиб турарди ва бунинг учун машғулотлардан кейин қолиб, залда машқ қилишингни билардим. Ва энг муҳими, биз ўша пайтда жуда ҳам яхши атмосферага эга эдик. Ҳаммамизда ўзимизга яраша эго бор эди, лекин уни жамоа манфаати йўлида яширишга ҳаракат қилардик.

Жамоа нимадир ютиши учун майдондагилар бир-бирининг нима қилаётганини билиши керак. Бизнинг ҳамма совринни ютганимиз шунчаки тасодиф эмас. Эсингдами, ҳаммамиз жамоадаги вазифамизни ва нима қилаётганимизни яхши билардик. Мана шу нарса жамоани шакллантиради. Испанияни олайлик, қандай қилиб улар Еврони ютишди? Улар ҳам нима қилаётганини биларди, тасодифан ғалабага эришмадилар. Улар ҳаммани енгишди, демак, мусобақани ютишга муносиб эдилар, уларни олқишлаш керак. Бу — менинг фикрим.

— Кел, яна бир марта марказий ҳужумга ўтиб, кўплаб гол уришни бошлаганингга қайтайлик. Сен айнан нимани ўзгартиргандинг? Бу сэр Алекс Фергюсоннинг фикримиди ёки Руд сенга қандайдир маслаҳатлар бериб турармиди? Умуман, вингердан даҳшатли ҳужумчига айланишда ниманидир ўзгартиришинг кераклигини кимдир сенга айтганми?

— Мен атрофимни диққат билан кузатиб, кўп нарсаларни ўргангандим. Аввал ҳам айтдим, мен ҳатто ҳимоячилардан ҳам нималарнидир ўрганганман. Руд, мисол учун, гавда билан ўйнашда биринчи рақамли эди. Машғулотда ҳар иккала оёғим билан ишлашга ҳаракат қилардим. Аввалига чап оёғим у қадар кучли эмасди, бироқ уни ривожлантирдим. Чунки атрофимдагилар тинмай ишлаётганини кўрардим ва мен ҳам машқ қилиш жараёнида ўзимни яхшироқ ҳис қила бошлаганман.

Шу тариқа, голлар ура бошлайсан ва ўзингга бўлган ишончинг кўтарила бошлайди. Ўзимга айтганман: «Криштиану, финтларни яхши бажарасан, фақат ўзингга фойда келтирадиган ва кучли бўлган тарафларингга эътибор қарат». Менинг фикримча, бу — футболда узоқ вақт қолмоқчи бўлган одам учун энг яхши йўл. Ҳаммамиз ҳам вақт ўтган сари баъзи нарсаларни йўқотиб борамиз. Барча спорт турлари учун бу — нормал жараён. Ниманидир йўқотсанг, нимагадир эришасан ва уларга фаолиятинг давомида мослашиб боришинг керак. Мен ҳам 10 йил аввалги футболчи эмаслигимни яхши биламан. Мана сени қара, 10 йил аввалгидан кўра соқолингдаги оқлар кўпроқ, кўпроқ вазн йиғгансан (кулади). Нима деётганимни тушундинг-а, мослашиш керак. Бошқа йўли йўқ.

— Сенинг Еврода Францияга қарши беллашувда қилган ҳаракатингдан ҳайрон қолгандим. Ҳимоячи бутунлай бошқа тарафга қараб турганди ва сен бутунлай кутилмаган ҳаракат билан ҳужумни давом эттирдинг. Шу каби нарсаларни қандай ўрганасан? Кимларнидир кузатасанми? Сенинг мухлисларингда бу каби хислатларни қандай қилиб ўзимда шакллантирсам бўлар экан, деган савол бўлиши мумкин?

 Мен учун 18 ёшимда Португалиядан Премер-лигага кўчиб ўтишим катта юриш бўлган. Алекс Фергюсон ва ўртача ёши 25 дан юқори бўлган, тажрибали футболчилар билан ўйнаш муҳим қадам эди. Улар менга ёш боладек муносабатда бўлишарди ва мени асрашга уринишарди. Ва шулар таъсирида мен дунёдаги энг яхши футболчи бўламан, деб ўйлай бошладим. Ёш футболчи сифатида бундай имкониятдан фойдаланиб қолишим кераклигини тушунганман ва уларни диққат билан кузатдим. Боиси, мен доим ўрганишни хоҳлайман ва буни яхши кўраман.

 Сен ҳақингда одамларга энг кўп айтадиган нарсам ҳам шу — самимийлик. Сен ҳеч қачон сўрашдан уялмайсан.

— Худди шундай. Саволлар бераман ва улардан келажагим йўлида фойдаланаман. Менимча, эришганларимнинг калити мана шунда — ўрганишга бўлган мислсиз очлик. Бу нафақат футбол, балки ҳаётда ҳам муваффақиятга эришиш учун асосий унсур бўлиши мумкин.

— Сендан ўғлинг — Криштиану Жуниор ҳақида сўрамоқчиман. У ҳам футболчи бўлмоқчи эканига қандай қарайсан?

— Ҳозирги авлодга ниманидир айтиш ва тушунтириш қийин. Шунинг учун ўзларига қўйиб беришинг керак. Доим уларга мендан ўрнак олишни айтаман. Чунки улар ҳар куни уйда қандай ишлашимни кўришади. Уйда ҳам, машғулотда ҳам, ўйинда ҳам улар мени кузатишади ва дадам доим қаттиқ меҳнат қилади, дейишади. Ҳозир Криштиану Жуниор футболчи бўлишни хоҳлаяпти ва мен унга катта босим ўтказмайман. Бироқ уни ҳаракатга чорлаб қўяман, у атиги 14 ёшда ва аллақачон унда Роналдунинг ўғли бўлиш босими бор. Бунинг устига менинг ҳам унга босим қилишимни тасаввур қилиб кўр. Хато қилишига қўйиб бериш керак, ўзига ёққан ишларни қилавериши керак. Умид қиламанки, келгусида профессионал футболчи бўла олади. Агар бундай бўлмаса ҳам, бошқа қайсидир касбнинг эгаси бўлади ва мен уни доим қўллаб-қувватлайман. Биз машҳур одамлармиз ва фарзандларимизга у қадар катта босим қўя олмаймиз.

— Сен билан мен қийинчиликда катта бўлганмиз ва бизда ўзига хос очлик бор эди. Футболда шу нарса бизни меҳнат қилишга ундади ва биз бой бўлдик. Болаларимизда эса бу ҳис йўқ, қандай қилиб уларни меҳнатга ундайсан?

 Фақат ўзим ўрнак бўлиш орқали. Мен учун бу — ягона йўл. Фарзандларимга яхши тарбия беришга ҳаракат қиламан».

— Фаолиятингни якунлагач, нимани кўпроқ соғинасан? Сени биламан, яна камида 4-5 йил ўйнамоқчисан. Агар қўлингдан келса, қойил қолмай илож йўқ.

— Мен гол ургандаги адреналинни соғинишим аниқ. Ўйиндаги асабийликни қўмсасам керак. Бошқа жиҳатлардан ҳаммаси жойида, бизнесларим бор. Аммо футбол адреналинини тополмаслигим аниқ, шунинг учун имкон қадар узоқроққа боришга ҳаракат қиляпман. Футболда қолиш учун бор кучим билан ишлаяпман ва бир неча йиллардан сўнг бунинг ҳам иложи бўлмайди. Икки-уч мавсум яна нималарнидир кўрсатиб туришим мумкин, лекин ундан кейин… У давр ҳақида ўйлашниям хоҳламайман. Шунинг учун ҳозирги ҳаётимдан имкон қадар роҳат олишга ҳаракат қиляпман. Қолган бизнесларим эса ўз-ўзидан кетаверади.

Шунча ўтган йиллар сабабидан йиғлайманми? Балки, ҳа. Чунки йиллар ўтган сари кўнглим бўш бўлиб кетяпти. Лекин қайғуришим керак бўлган нарсалар кўп ва футболдан кейин ҳам ҳаётим давом этади. Бу ҳам мен учун янги чақириқ бўлади, чунки ҳаётнинг бошқа сфераларини ҳам ўрганишим керак бўлади.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Мавзуга оид