Спорт | 11:53 / 25.11.2024
14439
15 дақиқада ўқилади

«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари

Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Burak Akbulut/Getty Images

Англия: тен Ҳагдан яхшироқ

«Саутҳемптон» – «Ливерпул» 2:3
Голлар:
0:1 – 30 Собослаи, 1:1 – 42 Армстронг, 2:1 – 56 Фернандеш, 2:2 – 65 Салоҳ, 2:3 – 83, пеналти Салоҳ
«Саутҳемптон» – Маккарти, Уокер-Питерс, Фрэйзер (Сугавара, 77), Стивенс, Даунс, Ҳарвуд-Беллис, Армстронг (Арчер, 77), Лаллана (Арибо, 37), Фернандеш, Диблинг, Онуачу (Угочукву, 52).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Конате, Брэдли, Жонс (Мак Аллистер, 62), Гравенберҳ, Гакпо (Диас, 62), Собослаи, Салоҳ, Нунес (Эндо, 90).
Огоҳлантиришлар: Брэдли (13), Конате (16), Лаллана (23), Гакпо (49), Армстронг (73), Салоҳ (84).

Шанба куни «Ливерпул» «Манчестер Сити»ни йирик ҳисобда мағлуб этган «Тоттенҳэм»дан совға олганди. Бир кун ўтиб эса қизилларнинг ўзи имкониятдан фойдаланиб, иккинчи ўрин билан орадаги фарқни саккиз очкога етказиш талаб этиларди. Жамоа учун қулай вазият юзага келганди, аммо миллий жамоалар ўйинлари вақтида юзага келадиган танаффусдан кейинги ўйинлар топ-клублар учун осон кечмайди. Лекин рақиб турнир жадвалининг сўнгги ўрнидаги жамоа бўлганидан келиб чиқиб, мерсисайдликларда муаммо бўлиши кутилмаётганди ва амалда ҳам фаворитлар ҳисобни очишди. Ўйиндаги биринчи гол — жамоанинг ўзига хос тажовузкор прессинги натижаси бўлди, мезбонлар ўз жарима майдонидан чиқишда қўпол хатога йўл қўйди ва тўпга эга чиққан Собослаи шунчаки олис бурчакка аниқ зарба йўллаши қолганди.

Аммо аутсайдер дарҳол Келлеҳерни қийин аҳволга солиб қўйди. Ирландиялик посбон мураккаб эпизодда қутқаришига тўғри келди. Кейин эса у пеналтини ҳам қайтарди, аммо Армстронг қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, хатосини тузатди. Танаффусдан қайтганидан кейин Арне Слот жамоаси қарши ҳужумда гол ўтказиб юборди ва ҳисобда ортда қола бошлади. Турнир жадвали пешқадами ҳалокат ёқасида қолганди, аммо «Саутҳемптон»нинг хатоларидан фойдаланиб, натижага эришди. Гравенберҳ тўпни офсайд қопқони ҳосил қилишда хатога йўл қўйган ҳимоячилар ортига ташлаб берди, Салоҳ эса бир ҳаракат билан тўпни олдинга чиқиб келган ва нотўғри позиция танлаган дарвозабоннинг ёнидан ўтказиб, дарвоза тўрига йўллади.

Ўйин охирларига бориб Сугувара жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади, Салоҳ пеналтини аниқ ижро этиб, голини футболкасини ечиб ташлаган ҳолда нишонлади. Энди мерсисайдликлар турнир жадвалида энг яқин таъқибчисидан 8 очко илгарилаб кетди, бунга энг катта ҳисса қўшган мисрлик ҳужумчи эса қаторасига саккизинчи мавсумда голли ҳаракатларини камида ўнтага етказмоқда, унинг АПЛ сафар ўйинларидаги голлари сони 100 тага етди.

«Ипсвич» – «Манчестер Юнайтед» 1:1
Голлар:
0:1 – 2 Рэшфорд, 1:1 – 43 Ҳатчинсон.
Ипсвич – Мурич, Дэвис, Берджесс, О`Ши, Туанзебе, Каюсте (Тэйлор, 65), Морси, Смодич (Кларк, 65), Ҳатчинсон, Бернс (Чаплин, 82), Делап (Ал-Ҳамади, 81).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Эванс (Шоу, 56), де Лигт, Мазравий, Гарначо (Маунт, 86), Бруну Фернандеш, Диогу Далот, Эриксен (Зиркзе, 68), Каземиро (Угарте, 56), Диалло, Рэшфорд (Ҳойлунд, 68).

«МЮ» мухлислари сўнгги вақтларда шу қадар кўп жабр чекишдики, кўпчилик Рубен Аморимни дарҳол барча муаммоларга барҳам бера оладиган сеҳргар сифатида кута бошлади. Ва унинг дебют ўйинининг иккинчи дақиқасида жамоанинг бу мавсумдаги энг яхши ассистенти Диалло (учта голли пас) кутилмаганда марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Рэшфорд учун гол уюштириб берганида португалиялик мураббий сеҳрига ишонувчилар сони геометрик прогрессияда ўса бошлади.

Фақат жамоанинг олдинги мураббийларида ҳам дебют учрашувларида тезкор голлар бўлганди. Масалан, Дэвид Мойеснинг 2002 йил «Эвертон»даги илк ўйинида. Аморимда эса ҳеч қандай сеҳрли таёқча йўқ эди ва манкунианликлар шу куни илк бор уч марказий ҳимоячи схемасида ҳаракатлангани ўйинга таъсир кўрсатди. Жамоа ҳали бу схемани тўлиқ ўзлаштирмаган ва Онана шу куни кўп тер тўкишга мажбур бўлди.

У биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам яқин масофалардан йўлланган зарбаларни қайтара олди, аммо Ҳатчинсоннинг узоқдан йўллаган зарбаси қаршисида ожиз қолди, бу эпизодда тўп Мазравийнинг бошига теккан ҳолда траекториясини ўзгартирди ва олис «тўққизлик»ка қадалди.

Аморим эса клуб анъанасига содиқ қолди, бунгача ҳам ҳеч бир мутахассиснинг «МЮ»даги илк ўйинида дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинмаган. Шу билан бирга, ҳеч бир мураббий жамоадаги илк ўйинида дуранг қайд этмаганди, лекин бу ўз премерасида ютқазган («Брайтон»га 1:2 ҳисобида) Эрик тен Ҳагнинг натижасидан яхшироқ. Фақат мухлислар турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган жамоага қарши ўйиндан фақат ғалаба кутишганди. Иккинчи бўлимда икки марказий ҳужумчи — Ҳойлунд ва Зиркзе бир вақтда майдонга тушиши ҳам ёрдам бера олмади. «Ипсвич» ҳимоячилари уларни тўхтатишди, меҳмонларнинг янги мураббийлар штабида қиладиган иш ҳали кўп.

Испания: Валверде сардор ролида

«Леганес» – «Реал» 0:3
Голлар:
0:1 – 43 Мбаппе, 0:2 – 66 Валверде, 0:3 – 85 Беллингҳем.
«Леганес» – Дмитрович, Хави, Настасич, Серхио Гонсалес, Мунир (Раба, 59), Брашанац (Аллер, 75), Хуан Крус, Неу (Чикко, 58), Тапия, Алтимира (Розе, 75), де ла Фуэнте (Диего Гарсия, 86).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Асенсио, Валверде, Беллингҳем (Эндрик, 87), Себалйос, Камавинга, Гулер (Браим Диас, 75), Мбаппе (Модрич, 83), Винисиус Жуниор.
Огоҳлантиришлар: де ла Фуэнте (49), Алтимира (69).

Жароҳатлар эпидемияси туфайли Раул Асенсио «Реал»нинг бошланғич таркиб футболчисига айланди. Карло Анчелотти унга захира вариант сифатида 17 ёшли Диего Агуадони асосий жамоага жалб қилган. Бу ўсмир табиийки, захира ўриндиғида қолди, дарвозага эса жароҳатидан тузалган Куртуа қайтди. Яна бир эътиборли воқеа — Валверде сардорлик боғичини олиши бўлди. Уругвайлик яримҳимоячи яна ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнамоқда.

Винисиус ҳужум марказида, Мбаппе ўзи учун қулай бўлган чап қанотда ҳаракатланди. Бешинчи дақиқада у Дмитровичнинг реакциясини текшириб кўрди, 10-дақиқада Винисиуснинг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган пасига очилиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Аммо одатдагидек офсайддан. Бу ўринда арбитр Рохасга ҳеч қандай савол йўқ, аммо 35-дақиқада баҳсли вазият юзага келди. Вини рақиб жарима майдони ичида йиқилди ва ҳимоячилар унга қўполлик қилгандек кўринди. Аммо пеналти берилмади.

Бўлим охирида эса мадридликлар ҳужумидаги юлдузлар ҳамкорлиги билан ҳисоб очилди. Бу ҳужумни Камавинга ва Беллингҳемнинг прессингдаги ҳаракатлари бошлаб берди, ўнгроққа силжиган Винисиус Жуниор Мбаппени бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Бу гол жамоадаги тизимнинг яққол намойиши бўлди, чунки «Реал» майдоннинг учинчи қисмида эгаллаб олинган тўплар билан гол уришда топ-5 лигаларда етакчи (5). 

Иккинчи бўлим бошида ҳам меҳмонлар пеналтига даъво қилишди. Настасич икки қўли билан жарима майдонига кириб бораётган Беллинҳемни ушлаб қолди — Рохас бу эпизодни ҳам эътиборсиз қолдирди.

«Реал» ҳакам ёрдамисиз ҳам уддалади. «Қаймоқранглилар» рақиб жарима майдони яқинида стандарт вазиятга эга бўлди. Ниҳоят бошланғич таркибда тушган Себалйос тўпни Гулерга юмалатиб берди, у эса тўпни Валвердега қолдирди. Уругвайлик яримҳимоячи ерлатиб кучли ва аниқ зарба берди, «Леганес» футболчилари ҳосил қилган жонли девор тўпни ўтказиб юборди ва у стандарт вазиятдан урган голлари сонини яна биттага оширди. Бу вазиятда дарвозабон тўп яқин бурчакка келишини кутмаганди.

Ўйин охирларида Беллингҳем тўсиндан қайтган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Мадридликлар захирада бир ўйини бор ҳолда «Барселона» билан орадаги фарқни тўрт очкогача қисқартирди.

Италия: «Рома» яна ютқазди

«Комо» – «Фиорентина» 0:2
Голлар:
0:1 – 19 Адли, 0:2 – 68 Кин.
«Комо» – Аудеро, Сала (Йовине, 46), Барба (Феллипе Жек, 78), Доссена, Голданига, Да Кунья (Браунедер, 86), Энгелҳардт (Верди, 79), Алберто Морено, Пас, Фадера (Белотти, 79), Кутроне.
«Фиорентина» – Де Хеа, Гозенс, Раниери (Кайоде, 81), Комуццо, Додо (Понграчич, 81), Адли, Каталди (Соттил, 56), Бове, Белтран (Иконе, 66), Колпани (Мартинес Куарта, 66), Кин.
Огоҳлантиришлар: Пас (29), Белтран (58), Доссена (87).
Четлатиш: Доссена (90+2).

Танаффусдан олдин кучли намойиш этишга киришиб, учинчи ўринга кўтарилиб олган «Фиорентина» секинлашмоқчи эмас ва Комода ғалабали серия етти ўйинга етказилди. Бу «фиалкалар» тарихида иккинчи бор шундай муваффақиятли оралиқ бўлмоқда, бундан яхшироқ серия (қаторасига саккиз турда ғалаба) узоқ 1960 йилда кузатилганди. Клуб рекордини такрорлаш учун Раффаэле Палладино шогирдлари бир ҳафтадан кейин «Интер»ни мағлуб этиши талаб этилади ва Флоренцияда ўтказиладиган бу ўйин қайсидир маънода жамоанинг амбициялари ҳозирда эгаллаб турган ўрнига (ЕЧЛга йўлланма берувчи) мос келиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беради. «Комо»га қарши ўйинда эса савиядаги фарқ эвазига ғалабага эришилди, ҳисоб 1:0 ҳолатида эканида Де Хеа супермен режимини ёқишига ҳам тўғри келди. Рақиб ҳужумларидан бирида иккинчи ёшлигини ўтказаётган испаниялик яқин масофадан йўлланган кучли зарбани қайтарди, кейин эса такрорий зарбани ҳам тўсди, чизиқ устида тўпни рақиб оёғи остидан олиб қўйиб, учинчи зарбага имкон қолдирмади. Айтиш мумкинки, тажрибали дарвозабон жамоани уйғотди ва қаторасига тўртинчи турда гол урган Мойзе Кин асабий якунни бекор қилди. У мавсум стартида етти гол уриши — фаолиятида биринчи бор кузатилмоқда.

«Наполи» – «Рома» 1:0
Гол:
1:0 – 54 Лукаку.
«Наполи» – Мерет, Оливера, Буонджорно, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса (Фолоруншо, 86), Кварацхелия (Нерес, 67), Лукаку (Симеоне, 79), Политано (Маццокки, 86).
«Рома» – Свилар, Анхелинио, Ндика, Манчини (Дибала, 88), Челик (Абдулҳамид, 78), Пеллегрини (Балданци, 46), Пизилли (Дал, 78), Кристанте, Коне, Ал-Шаъровий (Ҳуммелс, 46), Довбик.
Огоҳлантиришлар: Ндика (38), Пизилли (60), Кристанте (90+1).

Охирги турдан кейин «Рома» икки ойча ишлаган Иван Юрични бош мураббийликдан бўшатди ва штурвални учинчи бор Клаудио Раниерига ишониб топширди. У эса биринчи ўйинини чемпионат пешқадами «Наполи»га қарши сафар ўйини билан бошлашига тўғри келди. Римликлар биринчи бўлим давомида рақибга биринчи рақам остида ўйнашга қўйиб берди ва жанубликларнинг ҳужумларини қайтариб, яққол хавфли вазият юзага келтирилишига йўл қўймади.

Аммо иккинчи бўлимда мезбонлар Хвичанинг саъй-ҳаракатлари билан ғалаба голи уришли, у майдон марказида туриб ўнг қанотдан рақиб жарима майдонига кириб борган Ди Лоренцони тўп билан таъминлади, сардор эса дарҳол қулай вазиятда турган Лукакуни топди. Ўтган мавсумда «Рома»да тўп сурган белгиялик ҳужумчи Ҳуммелсдан устун келди. Римликлар ҳужумида Довбикнинг фаоллиги меҳмонларни қутқара олмади, украиналикнинг бир неча метрдан бош билан йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Раниери мағлубият билан бошлади, Антонио Конте эса Неаполга яққол пешқадамликни қайтарди, аммо турнир жадвалида таъқибчилар жуда яқин жойлашган.

«Лацио» – «Болоня» 3:0
Голлар:
1:0 – 68 Жиго, 2:0 – 72 Дзаккани, 3:0 – 90+2 Деле-Баширу.
«Лацио» – Проведел, Пеллегрини, Романиоли (Жиго, 46), Хила, Ладзари, Весино (Диа, 60), Ровелла, Гендузи, Дзаккани (Тшауна, 74), Кастелянос (Деле-Баширу, 85), Педро (Исаксен, 60).
«Болоня» – Раваля, Миранда, Лукуми, Бекема, Де Силвестри, Побега, Фройлер (Фаббиан, 74), Карлссон (Моро, 46), Одгор (Даллинга, 74), Орсолини (Урбански, 46), Кастро (Ҳолм, 80).
Огоҳлантиришлар: Побега (23), Жиго (63), Тшауна (84), Пеллегрини (90+1), Холм (90+1).
Четлатиш: Побега (35).

Пешқадамлар гуруҳидаги яна бир жамоа «Лацио» эса турни якунлаб берди ва «бургутлар» биринчи бўлимдаёқ кулгили ҳолатда сон жиҳатдан устунликка эришишди. Римликлар дарвозабони Гендузига ноқулай пас узатди, аммо рақиб яримҳимоячиси Побега тўпни олиб қўйишга уриниб, рақибини йиқитди ва унга иккинчи сариқ карточка кўрсатилди. Иккинчи бўлимда Жиго ватандоши учун қасд олиб, бурчакдан ошириб берилган тўпга бош билан зарба йўллаган ҳолда ҳисобни очди. Кўп ўтмай Дзаккани мезбонларнинг устунлигини оширди. Бу ғалабадан кейин А серия турнир жадвалида ҳайратомуз вазият юзага келди: «Наполи»дан кейин жойлашган тўрт жамоа — «Интер», «Фиорентина», «Аталанта» ва «Лацио» пешқадамдан фақат бир очко кам жамғарган.

Кун статистикаси

«Ливерпул» бош мураббийи Арне Слот АПЛда дастлабки 12 ўйинидан 10 тасида ғалаба қозонган 3-мутахассис бўлди, бунгача бундай натижа фақат Карло Анчелотти ва Гус Ҳиддинк томонидан қайд этилганди.

«Майнц» ҳужумчиси Буркардт жорий мавсумда сафар ўйинларида 6 гол урди. Бу кўрсаткич бўйича у топ-5 лигаларда фақат Левандовскидан ортда.

7 йилдан буён «Порту» камида Португалия Кубоги яримфиналига чиқиб келаётганди. «Аждарлар»нинг серияси жорий мавсумдаги турнир 1/16 финалида «Морейренсе»га қарши сафар ўйинида (1:2) тўхтади.

«Саутҳемптон» АПЛда дастлабки 12 турдан 10 тасида ютқазган 8-жамоа бўлди. Олдинги етти ҳолатда бундай старт чемпионшипга тушиб кетиш билан якунланганди.

«Нант» бу йилда 15 та уй ўйинидан 12 тасида ютқазди (+1=2-12). «Канарейкалар» охирги турда «Гавр»га 0:2 ҳисобида ютқазиб, ушбу жамоани турнир жадвалида ўзидан олдинга ўтказиб юборди.

«МЮ» ҳужумчиси Маркус Рэшфорд АПЛдаги голлари сонини 85 тага етказиб, бу борада Эден Азар, Фернандо Торрес ва Луи Саа билан тенглашиб олди.

Мавзуга оид