Спорт | 22:00 / 28.05.2018
6239
15 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Швейцария

Фото: fifa.com

ШВЕЙЦАРИЯ:
Мустақиллиги:
 24 октябр, 1648 йил
Бошқарув шакли: Федератив парламентал республика
Аҳолиси: 8.6 миллион (98-ўрин)
Валюта: Швейцария франки

ШВЕЙЦАРИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Конфедерация – УЕФА
Федерация – Швейцария футбол Иттифоқи
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Хайнц Херманн (118)
Энг кўп гол киритган – Александр Фрай (48)
Илк ўйин – 1905 йил. 12 февраль. Франция - 0:1
Энг йирик ғалаба – 1991 йил. 5 июнь. Сан Марино - 7:1
Энг йирик мағлубият – 1911 йил. 29 октябрь. Венгрия – 0:9

Европанинг умумфутбол байрамларида швейцарияликлар бироз эътибордан четда қолсалар-да, мамлакат футболи қитъада энг қўҳналардан саналади. Хусусан, Буюк Британиядан ташқарида футбол илк бор айнан Швейцарияда ўйнай бошланган. 1860 йилда британиялик талабалар Лозаннада илк футбол клубига асос соладилар, 1879 йилда эса ҳозиргача мавжуд бўлганлар ичида, мамлакатнинг энг биринчи клубларидан бири “Санкт Галлен” ташкил топади. ФИФАни ташкил этган илк етти мамлакатдан бири ҳам Швейцария бўлган.

Терма жамоа илк мундиаллардан иштирок этишни бошлаган. Уругвайда ўтган дастлабкисида йўл кира харажатлари катталиги туфайли бормаган швейцарияликлар, 1934 йилдаги қўшни Италия мундиалига боришга пул топишди. Аслида сабаб фақат пул эмас, ўшанда уларга қарши саралаш баҳсларида рақиблик қилган Руминия майдонга руйхатда киритилмаган футболчини тушириб юборган, буни билиб қолган ташкилотчилар дурангни Швейцария ғалабасига айлантириб берганди. Финал босқичида Швейцария голландларни енга олди, аммо чорак финалда мусобақа финалчиси Чехославакияга имкониятни бой берганди.  

Каттароқ шов-шув кейинги жаҳон чемпионатида рўй берди. Швейцария терма жамоаси турнирнинг асосий фаворити бўлмиш Германияга қарши кечган иккинчи учрашувда (биринчиси дуранг бўлганди) ирода кўрсата олганди. Биринчи бўлим охирларигача 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётган қаҳрамонларимиз оқибат ҳисобни 4:2 га айлантира оладиган кучни ўзларида топа олдилар. Дунё ҳайратда. Чорак финалда венгрлардан мағлубият кузатилган бўлса-да, ўша ғалабанинг ўзи ҳақиқий матонат эди. Маҳаллий матбуот ушбу ўйинни 13-асрда Швейцария мустақиллигига олиб келган революцияга, футболчиларни эса ўша революционерларга қиёслай бошлади. Бу ғалаба ҳатто бадиий адабиётда ҳам ўз ўрнини топганди, Отто фон Вальтер ўз романларидан бирида ўша ўйин радиошарҳини асарига киритган бўлса, яна бир адиб Жованни Орелли ўша ўйинда жамоанинг илк голини киритган Валашекка атаб бутун бир роман (“Валашек қўшиғи”) ёзганди. Албатта бу ғалаба буюк эди, аммо бунчалик достон бўлишининг бошқа, менимча асосий сабаби ҳам бор бу ерда. Сабаби Швейцария футболи, аниқроғи терма жамоа узоқ давр мобайнида бошқа халқаро катта ютуқларни қўлга кирита олмаганди.    

Жаҳон урушидан кейинги илк мундиалда, майдон эгалари Бразилия терма жамоаси билан дуранг ўйнаганликларига қарамасдан гуруҳда қолиб кетишди, 1954 йилда эса, терма жамоа турнирни мезбон сифатида қабул қилганига қарамасдан яна чорак финалда қолиб кетишди. Бу сафар ҳам эсда қоларли ғалаба кузатилди, икки карра чемпион Италия устидан қозонилган ғалаба билан бошланганди турнир, аммо чорак финалдаги Австриядан қабул қилинган мағлубият (5:7) барчасини унуттириб юборди. Ўша ўйинда мезбонлар илк йигирма дақиқада учта тўп киритишга муваффақ бўлишган, лекин оқибатда ташаббусни қўлдан чиқаришганда. Ўйин “Лозанна жанги” номи билан мундиал тарихи зарварақларига муҳрланди.

Фото: Getty Images

Уёғига эса Швейцария чинакамига аутсайдерга айлана борди. ЖЧ-58 га бора олишмади, Чилида ўтган кейинги жаҳон чемпионатига йўлланма анча қийин баҳсларда, аниқроғи Швецияга қарши кечган қўшимча учрашувдаги ғалаба эвазига киритилган бўлса-да, финал босқичининг барча ўйинини бой берди. Италиялик таниқли мураббий Алфредо Фони қўл остида ҳам жамоа ўзига келмади, саралашни омадли якунлаганига қармасдан, яна мусобақанинг барча ўйинини бой берди, бунинг устига учта ўйинда ҳаммаси бўлиб тўққизта гол терма жамоа дарвозасидан жой олганди. Рақиблар кучли, ГФР, Испания ва Аргентина эди, аммо маҳаллий матбуот мағлубиятининг асосий сабабини етакчилар Якоб Кун, Лео Эйхман ва Вернер Ляймгрубернинг тунги саёҳатларидан ахтарди. Ушбу воқеа анча жанжалга сабаб бўлганди, бир йил ўтибгина футболчилар ва матбуот орасидаги муаммога барҳам берилганди.     

Фото: wikipedia.org

Шу билан Швейцария терма жамоаси АҚШда, яъни орадан 28 йил ўтибгина дунё мухлислари кўз ўнгида пайдо бўлди. Бу орада бўлиб ўтган 6 мундиалда Швейцария саралашда қолиб кетганди. Англиялик мураббий Рой Ҳожсон бошқарувидаги терма жамоа саралаш босқичини муваффақиятли ўтказди ва Италия билан биргаликда АҚШ-94 га йўл олди. Гуруҳдаги рақиблар эса бир қараганда оддий, аммо тенг кучли жамоалардан ташкил топганди. Илк учрашув майдон эгаларига қарши кечди ва томонлар муроса кўчасини танладилар. Шапьиюза, Бреги, Сфорца каби футболчилар илк ўйинданоқ омма эътиборини торта бошлагандилар. Руминияга қарши кечган иккинчи учрашув эса умуман бенефисга айланиб кетди, Хажи бошчилигидаги руминлар 4:1 ҳисобида тор-мор этилди ва Швейцария гуруҳда яққол пешқадамга айланиб олди. Сўнгги тур олдидан ҳар қандай вариант ҳам швейцарияликларни плей-офф иштирокчисига айлантирарди, балки шунинг учунми, Колумбияга қарши кечган учрашувда жанубий америкаликлар ҳар томонлама устунлик қилдилар 0:2. Аммо бу ўша Пеле чемпион деб бўлади, деб башорат қилган Колумбияликларнинг мундиалдаги илк очколари эди, табиийки, нимчорак финалга Колумбия эмас, Швейцария йўл олди. Тўғри, гуруҳ ғолиблиги кейинги рақибларнинг кучи борасида бироз енгиллик бериши мумкин. Аммо бизнинг ҳолатимизда ундай деб бўлмасди. Масалан, гуруҳ ғолиблигини қўлга киритган Руминия нимчоракда Аргентинага, АҚШ эса Бразилияга рўбару келганда. Гуруҳдошлар ичида энг “омадли” бўлиб чиққан қаҳрамонларимизга эса нисбатан “кучсиз” бўлган Испания рақиблик қиладиган бўлди.

Ўша ўйинда Испания ҳар томонлама кучлилик қилди. Йерро 15-дақиқада ҳисобни очган бўлса, кейинчалик, испанлар яна иккита тўп киритдилар ва плей-оффдаги ягона йирик ҳисоб айнан ўша учрашувда қайд этилди.

Фото: Getty Images

Янги аср бошларидан терма жамоага ўтмишдаги машҳур футболчи Якоб Кун мураббийлик қила бошлади. Кўпчилик бу қарорни навбатдаги хато деб баҳолаган бўлса-да, мураббий тез фурсатда натижаларни олиб кела бошлади. Жумладан ЖЧ-2006 саралашида чинакамига қаҳрамонлик кўрсатиб, Истамбулдан “омон чиқиш”ни уддаладилар. Илк учрашувни уйда ўтказиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа, жавоб учрашувида чинакамига қаттиқ қаршиликка учрадилар. “Даҳшатли босим” остида кечган ўйин 4:2 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунланди, сафардаги гол устунлиги Швейцарияни плей-офф ғолибига, яъни мундиал иштирокчисига айлантирди. Ўйиндан сўнг катта жанжал чиқди, ҳакамнинг нохолис бошқарганлиги, меҳмонларнинг симулянт эканлиги ҳақида “хулосалар” турклар ва меҳмонлар ўртасида жанжални келтириб чиқарди. Футболчилар, мураббийлар, мухлислар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Жуда турк футболчилари, шунингдек, швейцариялик Бенжамин Хуггел катта миқдорда жарима тўлади. Сўнгги сўз, яъни жанжал ташаббускори Туркия терма жамоаси устидан якуний хукм эса Йозеф Блаттерда қолганди. Ўшанда турклар учун ҳатто бир неча йилга ФИФА мусобақаларидан четлаштириш хавфи ҳам мавжуд бўлиб, кўпгина турк оммавия ахборот воситалари, шунингдек, футбол кишилари Блаттернинг асли швейцариялик эканлигига урғу бериб, босим ўтказа бошладилар. Албатта Блаттер бу босим остида кескин чора қўллай олмасди, оқибат Туркия кейинги учта уй учрашувини томошабинларсиз ўтказишга мажбур қилинди. 

Германия-2006 да Швейцария Франция, Того ва жанубий Корея терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди ва икки ғалаба, бир дуранг билан гуруҳ ғолибига айланди. Эътиборли жиҳати, бу ўйинларда Швейцария ўз дарвозасини сақлаб қолди, жумладан кейинги ўйинларда ҳам, Цюбербуллер ЖЧ-2006 да ўз дарвозасидан тўп ўтказмаган ягона дарвозабон сифатида қайд этилди. Сабаби, Украинага қарши кечган нимчорак финал учрашувида ҳам дарвозалар дахлсиз қолган, ўйиндан кейинги пеналтилар сериясидагина украиналикларнинг қўли баланд келганди.

Фото: Getty Images

Швейцария кейинги жаҳон чемпионатида ҳам “қуруқ серия”ни давом эттирди. Рақиб эса, европа чемпиони Испания терма жамоаси эди. Фернандешнинг голи эвазига испанлар мағлуб этилдилар. Бу мағлубият Испания учун ягона бўлгани, кейинчалик кетма-кет олти учрашувда ғалаба қозонган Дел Боске шогирдлари якунда жаҳон чемпиони бўлганини яхши биласиз. Швейцария эса, гуруҳдаги бу устунликни сақлаб қола олмади, аввалига Чилига бой берган Хитцфелд шогирдлари сўнгги турда Ҳондурас дарвозасини ишғол қила олмадилар – 0:0. 4 очко терма жамоанинг кейинги босқичга чиқишига етарли бўлмади.

Бразилияда ўтган мундиалда Швейцария гуруҳ масаласини ҳал қила олди. Французлардан йирик ҳисобда мағлуб бўлинганига қарамай, бу сафар “қаҳрамонларимиз Ҳондураснинг дарвозасига йўл топа билишди. Хердан Шакиринг хет-триги Швейцарияни кейинги босқичга олиб чиқди. Жамоа янада узоқроққа бориши мумкин эди, бунга жуда яқин ҳам қолганди. Аргентина билан ўйинда Месси ва унинг жамоадошлари 118-дақиқа давомида европаликлар дарвозасига йўл топа олишмади. Икки жамоанинг имкониятларини тенглаштириши мумкин бўлган пенальтилар сериясига жуда яқин қолганда, Анхел Ди Мария Мессининг тўп узатишини голга айлантирди.

САРАЛАШ

Саралаш баҳсларида Швейцария Португалия, венгрия, феррер ороллари, Латвия ва Андорра билан бир гуруҳдан жой олди. Кўриниб турибдики, бу гуруҳдан энг кучли икки жамоа аллақачон аниқланиб бўлганди. Фақат гуруҳ ғолиби бўлиш ва тўғрида тўғри йўлланмани қўлга киритиш масаласи турган ва бу осон эмасди.

Фото: AP

Швейцария дастлабки 9 ўйинни ғалаба билан якунлаб, гуруҳ пешқадами бўлиб турган бўлса-да, Португалия ҳам изма из таъқиб қилар, Роналду жамоадошлари ҳам Швейцариядаги мағлубиятни айтмаса, 8 ғалаба бор эди. Ҳаммаси сўнгги турда, Португалияда ҳал бўлар эди. Ўйин 2:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди ва швейцарияликлар гуруҳда 2-ўринга тушиб қолдилар. Аммо Шимолий Ирландия терма жамоасига қарши ўтиш ўйинларида (1:0, 0:0) Швейцария тажрибалироқ эканини исботлади.

МУРАББИЙ:

Фото: AFP

Владимир Петкович, 54 ёшли босниялик мураббий терма жамоани 2014 йилдаги жаҳон чемпионатидан кейин қабул қилиб олганди. Унгача, Петкович фақат Швейцариянинг бир қатор жамоалари ва Туркияда фаолият олиб борди. Унинг мураббийлик фаолиятидаги энг ёрқин даври 2012-14 йилларга тўғри келади. Петкович ўшанда “Лацио” билан бирга Италия кубогида ғолиб келганди. Италияда “Ювентус”дан бошқа жамоалар учун соврин ютиш қанчалик қийин эканини яхши биласиз. Айнан Римдаги муваффақият Швейцария федерациясининг эътиборини кўпроқ жалб қилган бўлиши мумкин.

Петкович тарихда биринчи марта Швейцарияни Европа чемпионатида гуруҳдан олиб чиқди. Бу сафар ҳам Швейцарияга гуруҳда французлар ҳамроҳ бўлишганини ҳам таъкидлаш жоиз. Аммо нимчорак финалда жамоа рақибидан яхшироқ ўйин кўрсатганига қарамасдан, дуранг қайд этилди ва пенальтилар сериясида Польшанинг қўли баланд келди.

БУГУНГИ ШВЕЙЦАРИЯ

Фото: REUTERS/ Arnd Wiegmann

Бугунги Швейцария терма жамоасига умумий қилиб тажрибали деб баҳо бериш мумкин. Таркибда саккиз нафар футболчи терма жамоа сафида 50 дан ортиқ ўйинларда майдонга тушиб улгурганининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак бермоқда. Шунингдек, жамоа таркибидаги мувозанат ҳам доимо Швейцариянинг ўзига хослиги ва ютуғи бўлиб келган. Яъни таркибдаги футболчиларнинг савияси бир биридан у қадар узоқ эмас. Тўғри, Шакири, Джака каби машҳурроқ номлар бор, лекин қолган футболчилар ҳам уларнинг даражасига чиқа оладилар.

Дарвозани Менхенгладбахнинг “Боруссия” клуби вакили Янн Соммер қўриқлайди. У Бундеслигада номи чиққан дарвозабонлардан саналади ва ўз вақтида “Бавария” ҳам унга харидор бўлганди. Бошқа “Боруссия” дарвозабони Роман Бурки ҳам Швейцария терма жамоаси аъзоси эканига ҳам эътибор қаратиш лозим.

Рикардо Родригес, Стефан Лихштайнер, Фабиян Саар, Йохан Журу каби ҳимоячиларни алоҳида таништириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Юқорида тилга олинган юлдузли ярим ҳимоячилардан ташқари, Гелсон Фернандес (Айнтрахт), Стевен Цубер (Хоффенхайм), Валон Беҳрами (Удинезе) каби футболчилар ҳам ўтган мавсумни юқори савияда ўтказдилар.

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: Брел ЭМБОЛО

Фото: Getty Images

Брел Эмболо 1997 йилда туғилган. Тезкор, юқори техникага эга, ҳар икки қанотда ҳам фойдали ҳаракат қила оладиган ҳужумчи аслида Евро-2016 даёқ ўзини кўрсатиб улгурганди. Ўшанда Эмболо билан “Манчестер Юнайтед” жиддий қизиққан, лекин ёш футболчи катта футболда янада кўпроқ тажриба тўплашга қарор қилган ва “Шальке” билан беш йиллик шартнома имзолаганди. Эмболонинг трансфер қиймати ўшанда 27 миллион еврони ташкил қилган. Ҳозир бу пуллар у қадар катта кўринмаса-да, фақат Швейцария чемпионатида ўзини кўрсатган 19 ёшли футболчи учун, тағин немис клуби томонидан бунча пул тўланиши эътирофга сазовор.

Бу чемпионат Эмболо учун илк жаҳон чемпионати бўлади. Аммо терма жамоада уч йиллик тажрибага эга бўлган ҳужумчи ниҳоят ўз истеъдодини намойиш қилиш ва каттароқ клублар назарига тушиш пайти келганини жуда яхши тушунади.

ЖЧ-2018

Фото: REUTERS

Россияда Швейцария Е гуруҳида Бразилия, Коста Рика ва Сербияга қарши тўп суради. Дастлабки турдаёқ жамоани кимсан Бразилия синовдан ўтказади. Бу ўйин 17 июнь куни Ростовда бўлиб ўтади. Сербияга қарши учрашув 22 июнь куни Калининградда бўлиб ўтиши мўлжалланган. Гуруҳдаги охирги ўйин 27 июнь куни Нижний Новгородда Коста Рикага қарши бўлади. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ  

Мавзуга оид