Спорт | 12:12 / 30.05.2018
17494
15 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Португалия

ПОРТУГАЛИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби – «Европа Бразилияси»
Либоси: қизил
Конфедерация – УЕФА
Федерация – Португалия футбол ассоциациялари федерацияси
ЖЧ ярим финалчиси – 1966, 2006
Европа чемпиони - 2016
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Роналду (149)
Энг кўп гол киритган – Роналду (81)
Илк ўйин – 1921 йил. 18 декабрь. Испания - 1:3
Энг йирик ғалаба – 1994 йил. 18 ноябрь. Лихтенштейн – 8:0
1999 йил. 9 июнь. Лихтенштейн – 8:0
2003 йил. 19 ноябрь. Кувайт – 8:0
Энг йирик мағлубият – 1947 йил. 25 май. Англия – 0:10

Португалия футболи ҳозирда Европада етакчи сифатида тилга олинса-да, ЖЧ тарихига назар ташласак, мунтазам Португалияни кўрмаймиз. Ушбу юрт вакиллари атиги 6 марта жаҳон чемпионати финал қисмида иштирок этишган. Аммо жамоа ўзи қатнашган мусобақаларда доимо барчани ўзига мафтун этган ва асосий даъвогарлар сифатида тилга олинган. Жамоанинг «Европа Бразилияси» деб аталишига фақат Бразилияда португалларнинг истиқомат қилишигина сабаб бўлган эмас, албатта.

Португалия ўзининг илк жаҳон чемпионатига Англияда ўтган 1966 йилдаги мундиалда эришди ва тўфон мисоли футбол оламига ёриб кирди. Жамоанинг етакчиси, асли мозамбиклик бўлган Эйсебиони тўфонга қиёслашарди, худди шу шаклда жамоанинг ўйини ҳам барчанинг тилига тушди. Гуруҳ босқичида Бразилия, Венгрия каби гигантлар, Болгария каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушган қаҳрамонларимиз ҳар бир рақиби дарвозасига уч маротабадан тўп киритишни уддасидан чиқди. Айниқса ҳал қилувчи сўнгги турда, футбол қироли Пеле ҳам ҳеч нарса қила олмади. Эйсебионинг икки голи Португалияга 3:1 ҳисобидаги ғалабани олиб берди ва сўнгги икки жаҳон чемпионати ғолиблари гуруҳ босқичидан уйга равона бўлишга мажбур бўлдилар.

Чорак финалда португалияликларга гуруҳ босқичида сенсация кўтариб, Италияни доғда қолдирган Шимолий Корея рўбару келди. Сенсация давом этди, шимолликлар илк 25 дақиқадаёқ Португалия дарвозасини 3 бор аниқ нишонга олишди. Эпчил ва тезкор корейслар бутун назоратни ўз қўлларига олишади ва асосий қурол Эйсебио қаттиқ қўриқланарди. 27-дақиқада тўп аввал Эйсебиога, кейин эса дарвоза тўрига бориб тушади. Ўйин охиригача ҳужумчи икки бор пенальтидан ва икки бор ўйиндан тўп киритади ва Португалия 5:3 ҳисобида ғалаба қозонади.

Умуман Англияда ўтган чемпионат Эйсебио ва Португалия терма жамоаси фаолиятида ёрқин из қолдирди. Португалия терма жамоачи ҳужумкор ва техник футбол кўрсатди. Ҳатто кўпгина мухлислар терма жамоа финалга чиқишини чин дилдан исташганди. Эйсебио тўққиз тўп киритиб, мусобақанинг энг яхши футболчиси ва бомбардири унвонига лойиқ кўрилди. Лекин, жисмоний ва тактик жиҳатдан шаклланган ва Чарлтон, Мур каби юлдузларга эга бўлган Англия терма жамоаси ярим финалда ғалаба қозонди. Чарлтоннинг узоқдан берилган икки зарбаси голга айланди, Эйсебио эса атиги бир маротаба жавоб бера олди. 3-ўрин учун баҳсда Собиқ Иттифоқ устидан ҳам ғалаба қозонилди - 3:1. Бу ғалаба Португалия тарихида энг юқори чўққи эди ва 2006 йилга келибгина, терма жамоа Сколари бошчилигида ярим финалда ўйнаш бахтига муяссар бўлди.   

Португалия терма жамоасининг иккинчи мундиали Мексика-86 га тўғри келади. Бу сафар жамоа ўзининг ажойиб ўйинларини кўрсатмаган бўлса-да, жанжалли воқеалар билан эсда қолди. Майли, бошидан бошлайлик...

Хуллас Португалия терма жамоаси ЖЧ-86га йўлланмани ГФРдаги ажойиб ғалаба эвазига қўлга киритди ва бутун халқ ушбу жамоага қаттиқ ишона бошлади. Ҳақиқатдан ҳам жамоа кучли эди ва миллий федерация ҳам тайёргарлигига оригинал суръатда ёндошди. Ечимини кутаётган энг катта муаммо Мексика шаҳарларининг анча баландликда жойлашгани эди. Гуруҳ босқичидаги илк ўйинлар ўтказилиши керак бўлган шаҳарлар - Монтерей ва Гвардиларахара хавотир оладиган даражада баланд бўлмаса-да, асосий тайёргарлик Мехико (баландлик – 2238 м) шаҳри учун амалга оширилиши зарурлиги таъкидланганди. Жамоа учун танланган Салтилио шаҳарчасига келган футболчилар тайёргарлик учун ҳаддан зиёд эътибор қаратиб юборилганини сезишди. Гўёки, журналист-у мухлислардан тинч, иқлим жиҳатидан ҳам Мехико учун яқин ҳисобланган бу шаҳарча тараққиётдан анча орқада эди. Португалиялик футболчилар у ерда қаттиқ қийинчиликларга учрашди, дам олиш кунларини оддий ишлаб чиқариш цехида ўтказишар, шаҳардан ул-бул харид қилиб келиш учун жўнатилган одам ҳам пулни олиб ғойиб бўлади. Спарринг рақибни-ку қўяверасиз, жаҳон чемпионатида ўйнашга келган португаллар маҳаллий ишчиларнинг ҳаваскор жамоасига қарши майдонга тушишга мажбур бўлганди. Ҳатто бир португалиялик журналист футболчидан ўйин пайтининг ўзида интервью олишга муваффақ бўлганини узоқ вақт эслаб юришганди.

Бу шароит албатта футболчиларга ёқмади ва улар «ё мукофот пулларимизни оширасизлар ёки биз ўйнамаймиз» деб шарт қўя бошладилар. Федерация ва жамоа тил топишди, жамоа илк ўйинда Англия терма жамоаси устидан ғалаба қозонди. Аммо кейинчалик ўша мундиал кашфиётларидан бири Польша терма жамоасидан минимал ҳисобда мағлубиятга учрадилар, сўнгги турда эса Марокаш терма жамоаси 3:1 ҳисобида устун келиб португалияликларни гуруҳда сўнгги ўринга тушириб юборди. Ва табиийки, бу натижа федерацияни ҳам, мухлисларни ҳам ғазаблантирди. «Олдин ютиб, кейин мукофот талаб қилинглар» дейишди тепадагилар. Натижада жуда кўп футболчилар дисквалификация қилинди, терма жамоадан четлатилди.

Португалия осмонидаги янги умид учқунлари 80-йиллар охирида кузатилди. Кетма-кет икки бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида (1989, 1991) ғалаба қозонган авлод нафақат Португалияда, балки бутун Европада «олтин авлод» деб тилга олина бошланди. Байа, Коуту, Фигу, Консенсайо, Кошта, Паулета, Пинту, Димаш каби футболчиларнинг улғайиши-ю, барчанинг «энасини кўрсатиши» кутила бошланди. Афсуски, бу олтин таркиб ёшлигидаги каби катта ғалабаларни қўлга кирита олмади.

Бу авлоднинг илк йирик турнири Англияда ўтказилган Евро-96 бўлди. Туркия, Хорватия ва Дания терма жамоалари жой олган гуруҳдан эсон-омон чиқиб олган «олтин авлод»ни биргина Карел Поборскининг айёрона зарбаси тўхтатиб қолди.

Франциядаги мундиалга бора олмаган Португалия кейинги Европа чемпионатларида кучли ўйин кўрсатди. Жумладан Евро-2000 да ярим финалга, ўз майдонида ўтган кейинги чемпионатда эса финалгача борди. ЖЧ-2002да эса жамоа умуман ўзига ўхшамади. Ҳаммаси яхши кетаётган бир пайтда АҚШга ютқазиб қўйди ва гуруҳ босқичидан турнирни тарк этди.

Португалия учун ҳисобдаги тўртинчи мундиал Германияда ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида «олтин авлод»дан асар ҳам қолмаган, аммо Роналду, Деку, Алмейда, Гомиш каби янги ва кучли авлод пайдо бўлганди. Гуруҳ босқичида Ангола, Эрон ва Мексика жамоалари мағлуб бўлди ва Португалия гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлаган тўрт жамоадан бири бўлди. Нимчорак финал эса анча кучли саналган Нидерландия терма жамоаси эди. Россиялик ҳакам Иванов бошқарган ушбу ўйин барчанинг ёдида бўлса керак, сариқ ва қизил карточкалар босиб кетган ушбу ўйинда Португалиянинг ягона голи барча масалани ҳал қилганди.

Чорак финал Англияга қарши кечди. Ушбу жамоалар ўртасида азалдан қарама-қаршилик мавжуд бўлиб, ЖЧ-66 да Англия, ЖЧ-86 да Португалиянинг қўли баланд келгани юқорида айтилди. Сўнгги иккита Европа чемпионатида футбол ватандошлари йўлига айнан Португалия терма жамоаси тўғаноқ бўлганди. Бу сафар ҳам «Европа Бразилияси»нинг қўли баланд келди, Уэйн Рунининг майдондан четлатилиши оқибатида Португалия бир ўйинчи кўп бўлиб ўйнашга муваффақ бўлди ва ҳисоб очилмагач, пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Жамоа тарихидаги иккинчи ярим финал ҳам рақиб фойдасига якунланди. Ўша ўйинга келиб «қутуриб кетган» Зидан ва унинг жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Юпатувчи ўйин»да эса иккита оғир ўйиндан чиққан Португалия ўзига кела олмади – Германияга мағлуб бўлинди – 1:3

2010-2012 йилларда жаҳон ва Европа чемпионатларида Испания тенгсиз бўлди. Мана шу мусобақаларда Испанияга энг яқин кела олган, энг муносиб қаршилик қила олган жамоа айнан Португалия эди. Аввалига жаҳон чемпионатида қўшнилар 1/8 финалда тўқнашишди. Давид Вильянинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилди. Европа чемпионатида эса, ярим финалда Испания фақат пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Испанлар финалда 4:0 ҳисобида ютгани ҳисобга олинса, муддатдан олдинги финал айнан Португалия билан кечганди дейиш мумкин.

Сўнгги жаҳон чемпионатини эса, Португалия жуда ёмон бошлади. Германия билан ўйиндаги 0:4 ҳисобидаги мағлубият гуруҳдаги кейинги ўйинларга ҳам таъсир қилди. АҚШ билан дуранг, Гана устидан ғалаба кейинги босқич учун етарли бўлмади. Тўплар нисбатига кўра америкаликлар гуруҳда иккинчи ўринни олишди.

Бугунги Португалия

Фото: Спорт-Экспресс

Португалия тарихидаги ягона йирик ғалаба икки йил олдин Францияда рўй берди. Ўн икки йил олдин Европа чемпионатини ўз майдонидаги финалда бой берган Португалия бу сафар худди шу услубда мезбонларни мағлубиятга учратишди. Португалия икки йил олдин Европада тенгсиз деб топилган ва муҳими, ўша турнирда бир қатор ёш футболчилар ёрқин ўйин кўрсатишган бўлса-да, бугунга келиб, ҳеч ким Португалияни яққол фаворит дея олмаяпти. Сабаби, ўша икки йил олдин ёрқин чақнаган юлдузлар кейинги мавсумларда сўниб қолишди. Мусобақа кашфиёти бўлиб, бир қатор грандлар ортидан қувган Ренату Саншеш оқибатда «Бавария»ни танлаб, у ерда ўзини кўрсата олмай, «Суонси»га бориб қолди. Андре Гомиш «Барселона»да асосий футболчи бўлолмади. Жозе Фонте ва Вильям Карвалью ўз вақтида топ клубга ўтиш имкониятини қўлдан бой берди. Жоау Мариу, Адриен Силва каби футболчилар ҳам ўртамиёна жамоалар сафида юрибди.

Фақатгина Бернарду Силва ўз фаолиятида ўсишга эришганини айтиш мумкин. У «Монако»да жуда кучли мавсум ўтказди ва Пеп Гвардиола жамоасига транcфер қилинди. Англияда ҳам Силва йўқолиб қолмади ва «Манчестер Сити»нинг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Катта эҳтимол билан жаҳон чемпионатидаги асосий фигуралардан бири айнан Бернарду бўлади.

Бош мураббий: Фернанду Сантуш

Фото: Спорт-Экспресс

1954 йил 10 октябрда туғилган. 1987 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Сантуш Португалиянинг учала гигант клуби - «Порту», «Бенфика» ва «Спортинг»да ҳам ишлашга муваффақ бўлган. У 1999 йилда «Порту» билан мамлакат чемпионига ҳам айланган.

2010 йилдан 2014 йилгача эса, Греция терма жамоаси бошқарди ва грекларни ўз тарихида илк маротаба жаҳон чемпионати нимчорак финалига олиб чиқди. Ўша пайтда гуруҳ масаласини ҳал қилолмай Паоло Бентуни истеъфога чиқарган португаллар эътиборларини юртдошларига қаратишди ва терма жамоани Сантушга топширишди. Натижа ёмон бўлмади, мураббий илк уринишдаёқ Португалияни Европа чемпионига айлантирди. Ўша мусобақада таркиб жиҳатидан кўп жамоалардан ортда бўлган Португалиянинг натижалари айнан Сантушнинг тактик билими ва қарорлари эвазига бўлганини кўпчилик эътироф қилди. Мисол учун, финал ўйини охирларида Сантуш захирадан майдонга туширган Эдер ғалаба голини уриб, Португалияни чемпионга айлантирганди.

Сантуш терма жамоадаги ёш футболчиларни ҳам, Криштиану Роналдунинг бу жамоадаги ўрни ва аҳамиятини ҳам жуда яхши ҳис қилади, керак бўлганда аралашмаслик, керак бўлганда ўз қарори билан натижани ижобий томонга ўзгартиришда беназирдир. Европа чемпионати гуруҳ босқичида Португалия қийналиб қолганда ҳам, босим остида қолганда ҳам бирликни сақлай олгани ва якунда ғолибга айлангани мураббийнинг қатъий руҳият соҳиби эканини ҳам кўрсатади. 

Эътибор бериш керак: Гонсалу Гуэдеш

Фото: Спорт-Экспресс

Европа чемпинатидан сўнг Португалия осмонида пайдо бўлган умидлардан бири Гонсалудир. У 1996 йилнинг ноябрида туғилган. «Бенфика» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. «Бенфика» сафидаги яхши мавсумдан кейин унга «ПСЖ» эътибор қаратди ва 30 миллион евро эвазига сотиб олди. Шундоқ ҳам юлдузларга тўла Парижда Гуэдешга жой топиш осон эмасди. Натижада ўтган йилнинг ёзида «Валенсия»га ижарага бериб юборилди.  

Испаниядаги мавсумни Гуэдеш барқарор ўтказди ва «Валенсия» сафида аксарият ўйинларда майдонга тушди. Унинг беш голи ва 10 голли узатмаси «Валенсия»га яна Чемпионлар Лигасига қайтишига катта ёрдам берди. Уни нафақат «Валенсия» ўз сафида олиб қолмоқчи бўляпти, балки «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона» каби клублар ҳам у билан жиддий қизиқишмоқда. Жаҳон чемпионати эса, Гуэдешга ўзини исботлаш ва янги даражага чиқишга яхши имконият бўлади.

ЖЧ-2018

Россияда Португалия В гуруҳида яна ўша эски дўсти Испанияга қарши бир гуруҳда тўп суради. Португалия учун чемпионат ҳам айнан шу ўйин билан бошланади. Ўйин 15 июнь куни Сочида бўлиб ўтади. Марокашга қарши 2-тур ўйини 20 июнь куни Москвада, сўнгги тур эса, Эронга қарши 25 июнь куни Саранскда. Европа чемпионатидаги ғалабадан сўнг мундиалда ҳам ғалаба қозонишни 1974 йилда Германия, 2010 йилда Испания уддасидан чиққан. Португалия айнан шу натижани такрорлаш учун Россияга бормоқда.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид