Жамият | 16:28 / 04.06.2018
54041
2 дақиқада ўқилади

Анвар қори Турсунов ҳаёт

Фото: ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келган Анвар қори Турсунов бетоб эканлиги ҳақида аввал хабар берилган эди. KUN.UZ Анвар қорининг аҳволи қандай эканлиги билан қизиқди. Бунга ижтимоий тармоқларда у киши ҳақидаги турли ножўя гап-сўзлар тарқалгани ҳам сабаб бўлди. 

Анвар қори Турсуновнинг ўринбосари ва «Ислом ота» жоме масжиди имом хатиби Жасурбек қори Рауповнинг айтишича, Анвар қорининг аҳволи аввалгига нисбатан бироз яхшиланган. У ҳозирда кома ҳолатида эмас ва муолажалар ҳали ҳам давом этяпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати ҳам Анвар қори Турсуновнинг аҳволига доир баёнот берди. 

“Бугун ижтимоий тармоқларда, норасмий ахборот саҳифаларида Анвар қори Турсуновнинг вафот этганликлари ҳақида мутлақо асоссиз ва ёлғон хабар тарқатилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги маълум қиладики, айни дамда устоз Анвар қори Турсунов ҳаётлар. Маълумки, устозимиз бундан бир неча кун олдин инсулт касали билан шифохонага ётқизилган эдилар. Ҳозирда шифохонада муолажа олишда давом этмоқдалар. Азиз юртдошларимизга тарқатилаётган хабарларга текширмасдан ишониб кетавермасликларини илтимос қиламиз. Устозимизга бу муборак кунларда Аллоҳ таолодан мукаммал шифо сўраб қоламиз. Дуоларингиздан умидвормиз”, - дейилади матбуот хизмати баёнотида.

KUN.UZ сайти Анвар қори Турсуновнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб қолади. 

Мавзуга оид