Ўзбекистон | 16:21 / 05.06.2018
25570
2 дақиқада ўқилади

434 кишига оқлов ҳукми эълон қилинди - Бош прокуратура

Бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида прокуратура ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифинг Ўзбекистон Республикасида ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси мавзусида олиб борилди.

Берилган маълумотга кўра, 2007-2016 йилларда Ўзбекистонда атиги 32 нафар шахс оқланган бўлса, 2017-2018 йилларда жами 434 нафар шахсга оқлов ҳукми эълон қилинган. Бунга асосан жиноят қонунчилиги либераллашуви ва қайта тергов жараёнида амалга оширилган ишлар сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Умирбек Мадраҳимовнинг айтишича, прокуратура 2000дан зиёд ғайриқонуний ҳужжатлар устидан тегишли протестларни билдирган. Фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан жойлардаги 259та моддий-маданий меросларга жами 13 миллиард сўмлик зарар етказилган. Прокуратура жавобгар шахсларга тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Брифингнинг иккинчи қисми йиғилган ОАВ вакиллари билан очиқ савол-жавоб тарзида амалга оширилди. Иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволларига жавоб олишди. 

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевнинг айтишича, прокуратура бундан буён очиқ шаклда фаолият юритади 

«Прокуратура бундан буён очиқ шаклда фаолият юритади. Оммавий ахборот воситалари билан биргаликда энг тез кўринишда ишни олиб боради. Маълумотлар олинишининг энг тезкор вариантлари кўрилади. Бундай бўлишига мен ваъда бераман», - дея прокуратура вакилининг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид