Ўзбекистон | 23:28 / 17.07.2020
44996
4 дақиқада ўқилади

БМТ махсус маърузачисининг Ўзбекистон прокуратураси ҳақидаги хулосалари эълон қилинди

Бош прокурор лавозимига номзодни тайинлаш ва уни четлатиш бўйича аниқ мезонларнинг йўқлиги прокуратура мустақиллиги таъминланишига тўсиқ бўлиши, жиддий коррупция эҳтимолини юзага келтириши мумкин, дейилади БМТ вакилининг Ўзбекистонга ташрифидан тайёрлаган ҳисоботида.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судлар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг Ўзбекистон суд тизими ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисобот маърузачининг 2019 йил 19-25 сентябрь кунлари ҳукумат таклифи билан Ўзбекистонда бўлиб, суд тизими бўйича ўтказган кузатув хулосаларига асосланган.

Ҳисоботда мамлакатда прокурор лавозимига номзодларни тайинлаш механизми такомиллаштирилиши зарурлиги қайд этилган.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга кўра, бош прокурор президент томонидан 5 йил муддатга тайинланади, номзод Сенат томонидан маъқулланади. На Конституция, на бошқа қонунларда мазкур лавозим учун кўрсатиладиган номзод қандай малакага эга бўлиши кераклиги, уни саралаш ва тайинлаш тартиби ҳақида сўз юритилмаган. Хусусан, бош прокурорни лавозимидан четлатиш асослари ҳам қонунда белгилаб қўйилмаган.

Маърузачининг фикрига кўра, жорий тартиб бош прокурорни тайинлаш ва лавозимидан четлаштириш жараёнларига ҳокимиятнинг қонун чиқариш ва ижро бўғинлари томонидан таъсир кўрсатилмаслигини кафолатламайди. Улар прокуратуранинг институционал мустақиллигига тўсқинлик қилиши, жиддий коррупция эҳтимолини юзага келтириши мумкин. Бош прокурор номзодини саралаб олиш ва тайинлашнинг аниқ ва объектив мезонларини ишлаб чиқиш, бунга фуқаролик жамиятини ҳам жалб қилиш жараённинг шаффофлигини оширади ва прокуратуранинг сиёсийлашиши рискини камайтиради.

Махсус маърузачи прокурор лавозимига номзодлар танлов асосида кўриб чиқилишини олқишлайди, аммо афсус билан қайд этадики, номзодларни танлаб олиш мезонлари ҳам, ушбу жараён ҳам номзодлар номақбул мотивлар асосида танлаб олиниши рискини минимум даражага туширишга кафолат бера олмайди.

Бундан ташқари, барча прокурорларнинг бош прокурор томонидан 5 йил муддатга тайинланиши прокуратура органлари мустақиллиги бўйича халқаро стандартларга мос келади, деб бўлмайди.

Прокуратура органларининг мустақиллигини таъминлаш учун Прокурорлар кенгаши каби тузилманинг ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади», – дейилади ҳисоботда.

Диего Гарсия-Саян

Шунингдек, ҳужжатда прокурорлар судларнинг кучга кирган қарорлари бўйича протест билдириши ҳуқуқ принципларига мос келмаслиги таъкидланган.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга кўра, прокурорлар суд жараёнларида иштирокидан қатъи назар, суд қарорларининг ва суд иши бўйича жамланган материалларнинг қонунийлигини текшириш, маъмурий, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ишлар бўйича юқори турувчи суд органига протест киритиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, бу ҳуқуқ кучга кириб бўлган қарорларга нисбатан ҳам амал қилади.

Махсус маърузачининг фикрича, собиқ иттифоқ ҳуқуқ тизимини эслатувчи бундай ваколатлар ҳокимиятнинг бўлиниш принципи ва судлар мустақиллигига хилофдир ва коррупция эҳтимолини пайдо қилади.

Судларнинг хатолари апелляция ва кассация тартибида ёки истисно ҳолларда фақатгина ишга доир янги ҳолатлар юзага чиққандагина қайта кўриб чиқилиши лозим», дея баён қилинган ҳисоботда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича таклиф билан чиққан эди.

Мавзуга оид