Спорт | 12:41 / 05.06.2018
10714
9 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Хорватия

ХОРВАТИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: «Оловлилар»
Конфедерацияси: УЕФА
Либоси: оқ-қизил (шахмат)
ФИФА рейтингидаги ўрни: 18
Жаҳон чемпионати: 3-ўрин (1998)
Европа чемпионати: Чорак финал (1996, 2008)
Жамоа сардори: Лука Модрич
Терма жамоа тарихида энг кўп гол урган: Давор Шукер (45)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Дарио Срна (134)
Тарихдаги энг йирик ғалаба: 10:0 - Сан Марино (2016)
Энг йирик мағлубият: Англия 1:5 - (2009)

Тарихи
Хорватия ва Сербия футболда қайсидир маънода Украина ва Россияни эслатиб юборади. Бу икки давлат ҳам 1991 йилгача битта - Югославия таркибида бўлишган. Югославия футбол тарихида (ЖЧ финалчиси, Европа чемпиони) муҳим ўринда туради ва жамоа меросхўри сифатида кўпроқ серблар тилга олинади. Аммо ажралгандан кейинги ўйинлар, мамлакатда етишиб чиққан юлдузларга эътибор берсангиз, Хорватия улоқни олиб кетади. Терма жамоа формасидан тортиб, улар ижро этадиган романтик футболгача бетараф мухлисларни ром этган. Ҳар қандай турнирда хорватларга қандайдир илиқ ҳислар билан ёндашадиган мухлислар юртимизда ҳам топилади.

Хорватия ўзи иштирок этган илк жаҳон чемпионати саралашида бир йўлланмани айнан Украина терма жамоасидан тортиб олганида ҳам рамзий маънода бордек. Икки эгизак жамоалар ичида ўзини дунёга танитиш навбати дастлаб Хорватияга берилди. ЖЧ-98 да хорватлар Аргентина, Ямайка ва Япония билан бир гуруҳга тўп суриб, ушбу гуруҳда 2-ўринни олишлари кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлмади. Жамоа таркибидаги Просинечки, Асанович, Ярни, Шукер, Билич, Шимич, Ковач, Влаович каби футболчилар аслида икки йил олдин Англияда ўтган Европа чемпионатидаёқ имкониятларини намойиш этиб улгуришганди.

Аммо чорак финалда Европа чемпиони Германия устидан ғалабадан сўнггина кўпчиликнинг эътибори уларга қаратилди. Шахмат либосдаги йигитларга дунёнинг катта қисми мухлислик қила бошлади. Германия 4 йил олдинги Болгариядан учралган мағлубиятни жуда яхши эслайди ва бу сафар ўйинга жиддийроқ ёндашишни ният қилган бўлиши табиий. Лекин ўша куни хорватлар чинданам кучли эди - 3:0.

Фото: Спорт Экспресс

Ярим финалда хорватлар Францияга қарши майдонга тушди. Иккинчи бўлим бошларида Шукер турнирдаги ўзининг бешинчи голини уриб, ҳисобни очгач, майдон эгалари жуда қийин вазиятга тушиб қолганди. Чунки аввалги босқичда французлар Парагвай дарвозасига зўрға, сўнгги дақиқаларда йўл топишганди холос. Аммо ҳеч ким учун кутилмаган, содир бўлиши қийин бўлган воқеа юз берди - Лилиан Тюрам дубль қайд этди.

Тушунтириш учун, бугунги авлодга, масалан, Маскеранонинг бир ўйинда икки гол уришидек гап эди ўшанда. Қизиғи, Тюрам Франция терма жамоаси тарихида энг кўп майдонга тушган рекордчи саналади. У 147 ўйинда ўйнаган ва атиги 2 гол муаллифи бўлган. Ўша икки гол, ўша оқшомда хорватлар дарвозасига кирганди.

Учинчи ўрин учун баҳсда хорватлар анча кучли ва юлдузли Нидерландияни мағлуб этишганди. Давор Шукер эса бу ўйинни ҳам голсиз тарк этмади ва 7 ўйинда 6 гол билан турнир тўпурари бўлди.

Кейинги мундиалларда Хорватия яхши натижа кўрсата олмади ва доим турнирда гуруҳ босқичидан тарк этди. Аммо барибир, Италия устидан 2002 йилдаги жуда чиройли ғалаба ва айниқса, Евро-2008 чорак финалида турклар билан драматик қўшимча вақтлар ҳамманинг эсида бўлса керак. Ёки ўша Европа чемпионати саралашида гуруҳда ёрқин ўйин ўтказиб, ҳеч нарса керак бўлмаган сўнгги турда Англияни мағлуб этганликлари ва инглизларни турнирдан четда қолдирганликлари ҳам катта воқеа.

Умуман, натижадан қатъи назар, Хорватия чиройли ва ҳужумкор ўйин билан доим мухлисларни ўзига жалб қила олади. Айниқса, бу сафар балки ўша 1998 йилдан буёғига пайдо бўлган энг юлдузли таркиб ўзининг сўнгги ҳақиқий мундиалига келаётганини тасаввур қилсак, натижа эътибори билан ҳам хорватлар ҳайрон қолдириши эҳтимоли бор.

Бугунги Хорватия

Фото: Спорт Экспресс

Ростан ҳам, бугунги Хорватия жуда кучли ва юлдузли таркибга эга. Ва бу фақат илк бор ҳамманинг кўз олдига келадиган Лука Модрич, Иван Ракитич ва Марио Манжукичгина эмас.

Ҳимоя марказида «Ливерпуль» аъзоси Деян Ловрен тўп суради. АПЛ мухлислари уни кўпроқ хатолари орқали билишса-да, Ван Дейк билан бирга тўп суриш Ловренни янги босқичга олиб чиқди. Сўнгги Чемпионлар лигаси финалининг энг яхши ўйинчиларидан бири айнан Ловрен бўлганини таъкидлаш лозим. Киевнинг «Динамо»си собиқ футболчиси Домагой Вида ҳам саралаш ўйинларида терма жамоанинг асосий ҳимоячилардан бирига айланди. У билан Киевда бирга ўйнаган Йосип Пиварич ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Шунингдек, «Атлетико» таркибида мавсум кашфиёти бўлган Шим Врсалкони ҳам унутмаслик керак. У нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ҳам жуда фойдали ўйинчилардан биридир. Бекорга «Манчестер Юнайтед» ушбу футболчи билан жиддий қизиқиб қолгани йўқ. 

Моуриньо мухлис бўлган яна бир футболчи Иван Перишич юлдузли ярим ҳимоянинг муҳим бўлаги ҳисобланса, унинг жамоадоши Марсело Брозович ҳам «Интер»да жуда яхши мавсум ўтказди. А Серияда тобланаётган Милан Бадель («Фиорентина») ва Марго Рог («Наполи») каби футболчиларга ҳам керак бўлганда ишониш мумкин.

Ҳужумда эса, Марио Манжукичга «Ҳоффенҳайм» аъзоси Крамарич ёрдам беради. Бу тандем саралаш баҳсларида биргаликда 8 голга муаллифлик қилишди.

Россияга борадиган таркиб

Дарвозабонлар: Доминик Ливакович (Динамо З), Ловре Калинич (Гент), Даниел Субашич (Монако)
Ҳимоя: Шим Врсалко (Атлетико), Иван Стринич (Милан), Ведран Чорлука (Локомотив), Деян Ловрен (Ливерпуль), Тим Йедвай (Байер), Дуе Чалета-Сар (Ред Булл), Домагой Вида (Бешиктош), Йосип Пиварич (Динамо К)
Ярим ҳимоя: Лука Модрич (Реал), Иван Ракитич (Барселона), Иван Перишич (Интер), Матео Ковачич (Реал), Марсело Брозович (Интер), Милан Бадел (Фиорентина), Филип Брадарич (Рьека)
Ҳужумчилар: Марио Манджукич (Ювентус), Андрей Крамарич (Хоффенхайм), Никола Калинич (Милан), Анте Ребич (Айнтрахт), Марко Пьяса (Шальке)

Мураббий

Фото: Спорт Экспресс

Деярли бутун саралаш босқичини хорватлар Анте Чачич қўл остида ўтказди. Аммо Исландия ва Туркияга қарши ўйинлардаги мағлубиятлар, ҳамда Финляндия билан дуранг унинг истеъфосига сабаб бўлди. Терма жамоа эса Златко Даличга топширилди.

Кўпчилик учун номаълум бўлган бу исм мамлакат футбол жамоатчилигида норозиликларни келтириб чиқарганди. Аммо Далич белгиланган вазифани аъло даражада уддалади - аввал хорватлар Украинадаги қийин ўйинда ғалаба қозониб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди, у ерда эса, Греция устидан ишончли зафарга эришилди.

Аслини олганда, тушунмовчиликларга асос бор, Златко Далич 12 йиллик мураббийлик фаолиятида айтарли натижаларга эришмаган. Фақат камтаргина «Вартекс»ни 2006 йилда Хорватия кубоги финалига олиб чиққанини эслаш мумкин. Албания, Саудия Арабистони ва Кувайтдаги фаолият, у ерларда ҳам пичоққа илинарли натижа қайд этилмагани Далич номзодининг шубҳа остига олинишига сабаб бўлганди. Айтишларича, уни терма жамоага олиб келиш мамлакат футбол федерацияси президенти, футбол афсонаси Давор Шукернинг шахсий қарори бўлган экан.

Златко катта босим остида ишлаган бўлишига қарамасдан, дастлабки вазифани уддалади. Энди эса, у учун олдинга яна бир қадам ташлаш ва йигирма йиллик танаффусдан сўнг Хорватияни жаҳон чемпионати плей-офф босқичига олиб чиқиш вазифаси турибди.

ЖЧ-2018

Қуръа хорватларга саралаш ўйинларида ҳам гуруҳдош бўлган Исландияни рўбару қилди. Саралашда ҳар икки ўйинда ҳам майдон эгалари устун келганди. Шунингдек, ўша ёрқин ЖЧ-98 да Хорватия билан гуруҳдош бўлган Аргентина ҳам шу ерда. Нигерия эса плей-офф учун европаликларга энг асосий рақиб ролини ўйнаб беради.

Мундиал ҳам Хорватия учун айнан Нигерияга қарши муҳим ўйин билан бошланади. Бу ўйин 16 июнь куни Калининградда бўлиб ўтиши белгиланган. 21 июнь куни Нижний Новгородда Месси жамоадошларига қарши ўйин ўтказилса, гуруҳдаги сўнгги матч 26 июнь куни Ростовда Исландияга билан кечади.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид