Спорт | 18:43 / 07.06.2018
20550
13 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Миср

МИСР ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: «Фиравнлар»
Конфедерация: АФК
Либос ранги: оқ-қизил
ФИФА рейтинг ўрни: 45
Жамоа сардори: Эссам Ал-Хадари
Африка чемпиони: 7 марта (1957, 1959¸1986, 1998, 2006, 2008, 2010)
Терма жамоа тарихидаги энг кўп гол урган: Хассам Хассан (70)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган Аҳмад Ҳассан (184)
Энг йирик ғалаба: Лаос 15:0 (1963)
Энг йирик мағлубият: Италия 3:11 (1928)

Тарихи

Миср ўз тарихида атиги икки маротаба жаҳон чемпионатида қатнашган. Табиийки, Африка қитъаси деганда ҳамма кўпроқ, мундиалларда доимий қатнашиб келган Камерун ёки Нигерияни кўз олдига келтиради. Лекин ўша фиръавнлар сингари, Миср футболининг тарихи ҳам анча аввалги даврларга бориб тақалади. Бемалол айтиш мумкинки, Миср бошқа кўпгина соҳалар сингари ўз қитъасида биринчи бўлиб футбол ўйнаган.

Ўтган аср бошларида, то жаҳон чемпионатлари у қадар оммавийлашмаган пайтларда Олимпиададаги футбол мусобақалари ҳам жуда катта нуфузга эди. ФИФА томонидан ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон кубоги деб эътироф этиладиган бу турнирда, 1928 йилда Миср терма жамоаси ярим финалгача етиб борганди. Тўғри, бу ўйин деярли бир дарвозага бўлган ва Италия терма жамоаси 11:3 ҳисобида ғалаба қозонган. Аммо Миср ўша натижаси билан ҳам тарихда қолди – агар ўша турнирни ҳам жаҳон чемпионатининг «аждоди» деб билсак, ҳалигача ҳеч бир Африка жамоаси мундиал ярим финалига чиқа олмаган.

1934 йилги жаҳон чемпионатида ҳам Миср қатнашди. Умуман мундиалда қатнашган илк Африка терма жамоаси ҳам Миср бўлди. Биринчи раундда Венгрия терма жамоасига қарши ўйин 2:4 ҳисобида европаликлар фойдасига ҳал бўлди.

Иккинчи уриниш эса, орадан ярим асрдан кўп вақт ўтиб, Италияда ўтган 1990 йилдаги жаҳон чемпионатига тўғри келди. Ўшанда мисрликлар гуруҳда қолиб кетган бўлишсада, ёмон таассурот қолдиришмаганди. Жуда кучли гуруҳга тушиб қолган мисрликларга Европанинг уч кучли жамоаси – Нидерландия, Англия ва Ирландия рақиб бўлганди.

Фото: Livesport

Дастлабки ўйинда Миср Европа чемпиони нидерландияликларга қарши саф тортди. Ҳимояда жуда тартибли ва европаликларга хос прагматик ўйин кўрсатган мисрликлар турнир фаворитларидан бири билан дурангга имзо чекиб, сенсация кўтаришганди. Кифтнинг 2-бўлим бошларида урган голига ўйин тугашига 7 дақиқа қолганда, Абдулғани пенальтидан жавоб берганди. Миср иккинчи турда ҳам дуранг ўйнади. Бу сафар ирландлар африкаликлар дарвозасига йўл топа билмади. Аслини олганда, ўш пайтлар учун Африка жамоасининг сўнгги тур олдидан гуруҳдан чиқиш имконини сақлаб туриши ҳам катта воқеълик бўлса-да, Камеруннинг ёрқинроқ ўйинлари ва сенсацияси олдида Мисрнинг натижалари бироз соя остида қолгандек кўринди холос.

Ушбу гуруҳда 3-тур арафасида ўйинларнинг барчаси дуранг билан якунланган ва охирги ўйинлардаги натижалар гуруҳ ғолибларини аниқлаб берарди. Қизиғи, тўрт жамоанинг бир хил натижа ва очко билан тенг бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам катта эди. Нидерландия ва Ирландия нариги жуфтликда 1:1 ўйнашди, Миср эса, Англияга кичик ҳисобда ютқазиб қўйди. Иан Райтнинг биргина голи ўйин натижасини ҳам, гуруҳ тақдирини ҳам ҳал қилди.

Шу шу Мисрни биз катта майдонларда кўрмадик. Мисрнинг ўтган 28 йилда мундиалсиз қолишини аслида мамлакатдаги футболнинг пасайиши билан боғлаш ҳам қийин. Сабаби, мисрликлар Африкада етакчиликни сақлаб туришди, мана шу ўтган даврда Миср тўрт марта Африка чемпионига (шундан 3 марта кетма-кет, бу ҳам Африка учун рекорд натижа) айланди. Бу даврда ҳеч қайси жамоа бунча кўп ғолиб чиқмаган. Умуман Африка кубоги тарихида ҳам Мисрнинг ғалабалари сони энг кўп – 7 марта. Иккинчи поғонадаги Камерун ҳисобида 5та чемпионлик бор холос.

Саралаш босқичи

Название

Миср Бразилияда ўтган мундиал йўлланмасини қўлга киритишга ҳам жуда яқин бўлганди. Ягона йўлланма учун рақобатчи бўлган Жазоир билан Мисрнинг барча кўрсаткичлари тенг бўлиб қолди ва омадли жамоа қўшимча учрашувда аниқланиши кўзда тутилганди. Бу ўйин 1:0 ҳисобида жазоирликларнинг ғалабаси билан якунланган.

Лекин бу сафар аввалги хатолар такрорланмади ва Уганда, Конго ва Гана терма жамоалари билан курашилган ҳал қилувчи босқичнинг дастлабки турлариданоқ мисрликлар жиддий мақсадлари борлигини исботладилар.

Мисрнинг Конгога қарши ўйиннинг 90+5 дақиқасида пенальтидан гол уриб, жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлгани видеоси бутун интернет бўйлаб тарқалганди. Кўпчилик ўша гол Миср тақдирини ҳал қилган деб ўйласа-да, аслида ундай эмас. Тўғри, айнан ўша Салоҳнинг ғалаба голи Мисрга йўлланмани нақд қилди, аммо агар ўша пенальти ноаниқ бажарилиб, ўйин дуранг билан якунланган тақдирда ҳам Мисрда яна бир учрашув бор эди. Яъни, ўша гол туфайли Миср муддатидан олдин йўлланмага эга бўлганди холос.

Мураббий: Эктор Купер

62 ёшли аргентиналик мураббийни кўпчилик яхши билади. Айниқса, унинг 2000 йиллардаги «Валенсия»си Европани зир титратган, қаторасига икки марта Европа Чемпионлар Лигаси финалига чиққанди. Бу финалларни «Валенсия» «Реал» ва «Бавария»га бой берган бўлса-да, жамоанинг камтар бюджети ва ўртача таркиби учун бу натижанинг ўзи ҳам катта ғалаба, табиийки, мураббийнинг улкан хизмати эди. Ўша ўртамиёна футболчилар айнан Купер давридаги ёрқин йиллар туфайли футбол юлдузларига айланишди. Эктор Купер Испанияда  энг яхши мураббий сифатида эътироф этилди. Айнан ўша йиллари пойдевор қўйилган таркиб эса, бир неча йил ўтиб, Рафа Бенитес бошчилигида Испания чемпионига айланди.

Куперни кейин «Интер»га таклиф қилишди. Аслида Купер даврида ниҳоят «Интер» Скудетто учун курашадиган даражага қайтган бўлса-да, тан олиш керак, «Валенсия»даги ёрқин жамоа ҳосил бўлмади. Массимо Моратти уни истеъфога чиқарди. Эктор Куперни кейинчалик Европада кўпроқ «Мальорка» мураббийи сифатида кўрдик – Испаниянинг камтарона жамоаси Купер бошчилигида еврокубокларга йўл олиб, УЕФА кубоги финалигача чиқиб борганди. Демак, Купер учун камтарона таркибга эга бўлган таркиб билан бир бош баланд сакраш қулайроқ. Айтиш мумкинки, Мисрда ҳам ундан худди шу вазифани кутишмоқда.

Купер Мисрга 2015 йилда келди ва терма жамоа бирданига янги ўт олган машина сингари ҳаракатлана бошлади. Ушбу мураббий қўл остида Миср барқарор ва ишончли жамоага айланди, мухлислар мураббийни ёқтириб қолишди. Масалан, Купер қўл остида Миср 36 ўйиндан 9тасида мағлубиятга учради. Топ терма жамоалар учун бу ёмондир, аммо Миср каби ўртамиёналар учун бу жуда яхши натижа. Бу мағлубиятларнинг аксарияти ўртоқлик ўйинларида бўлганини ҳам таъкидлаш керак.

Ҳозирги Миср

Название

Эктор Купер бошчилигидаги бугунги Миср кўпроқ ҳимоявий ва қарши ҳужумларга асосланган футбол намойиш этмоқда ва кўп жиҳати билан ўша 2001 йилдаги «Интер»ни эслатиб юборади. Бу тактика ўзини оқлаши мумкин, чунки Муҳаммад Салоҳ ва Рамазон Субҳи каби тезкор футболчиларга эга бўлган жамоа рақиблари ҳужум қилаётганда ҳам ҳимояни унутмасликлари шарт бўлиб қолади.

Табиийки, Мисрнинг асосий кучи сифатида Муҳаммад Салоҳни яна бир бор эслаш керак. Бу инсон бутун Миср халқини футболга, спортга қизиқтираётгани, шахсияти атрофида ижобий муҳитни яратаётгани ҳам сир эмас. Салоҳнинг соч турмаги Мисрнинг фахрига айланган, ҳар бир мисрлик болакай унга ўхшашни, улғайганда у каби ўйнашни орзу қилмоқда. Муҳаммад Салоҳ номини мисрликлар Рамзес, Клеопатра ва Тутанхамон билан бир қаторда тилга олаётганликларига нима дейсиз?

Фото: Business Insider

Сабаби бор албатта, Салоҳ сўнгги икки йилда катта ўсишга эришди ва ушбу мавсумда «Олтин тўп»нинг асосий даъвогарларидан бири ҳисобланади. Саралаш ўйинларида ҳам айнан Салоҳ терма жамоани ўз елкасида кўтариб чиқди. Конго, Гана ва Уганда билан ўйинларнинг ҳар бирида Салоҳнинг голлари Мисрга ғалаба келтирди.

Афсуски, ЕЧЛ финалидаги кўнгилсиз ҳодиса Мисрнинг чемпионатни бироз хавотир билан кутиб олаётганликларига сабаб бўлди. Рамос билан тўқнашувда Салоҳ елкасидан жароҳат олди. Аввалига футболчининг уч ойга, кейинроқ эса, уч ҳафтага сафдан чиққанини айта бошлашди ва катта эҳтимол билан у дастлабки турни ўтказиб юбориши тахмин қилинаётганди. Аммо Салоҳ ҳозир таркибда ва уни дастлабки ўйиндаёқ тайёр ҳолга келтиришга қаттиқ ҳаракат қилишмоқда. Тўғри, сўнгги тайёргарлик босқичида Салоҳнинг жамоадошлари билан бирга бўлмагани барибир ўз салбий таъсирини ўтказиши ҳам мумкин.

Айтиш керакки, Салоҳдан ташқари ҳам Миср таркибида Европада таниқли бўлган футболчиларни учратиш мумкин. «Арсенал» ярим ҳимоячиси Муҳаммад Эл-Ненни, Рамазон Субҳи («Сток Сити»), Аҳмад Хассан («Брага»), Аҳмад Хегази («Вест Бромвич») ва Аҳмад Ал Муҳаммади («Астон Вилла») каби футболчилар шулар жумласидандир.

Купер учун яна бир муаммо сифатида жаҳон чемпионатининг Рамазон ойида бошланиши тилга олинмоқда. Мисрнинг Россиядаги илк ўйини шу ойга тўғри келади ва таркибдаги бир қатор футболчилар рўза тутган бўлишлари мумкин.

ЯКУНИЙ ТАРКИБ
Дарвозабонлар:
1. Эссам Ал-Хадари («Ал-Таавон», Саудия Арабистони), 23. Аҳмад Эл-Шенави, 16. Шериф Акрами (иккиси – "Ал-Аҳли")
Ҳимоячилар: 7. Аҳмад Фатхи ("Ал-Аҳли"), 3. Аҳмад Эл-Муҳаммади ("Астон Вилла", Англия), 13. Муҳаммад Абдул-Шафи («Ал-Фатеҳ», Саудия Арабистони), 6. Аҳмад Хегази,
2. Али Габр (иккиси — «Вест Бромвич», Англия), 4. Омар Габер («Лос-Анджелес Гэлакси», АҚШ), 20. Саад Самир, 12. Айман Ашраф (иккиси — «Ал-Аҳли»), 15. Маҳмуд Ҳамди Эл-венш («Замалек»)
Ярим ҳимоячилар: 17. Муҳаммад Эл-Нени («Арсенал», Англия), 19. Абдалла Эл-Саид («КуПС», Финляндия), 18. Маҳмуд Фадлалла «Шикабала» («Ал-Раэд», Саудия Арабистони), 14. Рамазон Субҳи («Сток Сити», Англия), 8. Тариқ Ҳамид («Замалек»), 22. Амр Варда («Атромитос», Греция), 5. Сэм Морси («Уиган», Англия), 11. Маҳмуд Абдул-Монейм Қаҳрабо («Ал-Иттиҳод», Саудия Арабистони), 21. Маҳмуд Трезеге Ҳассан («Қосимпоша», Туркия)
Ҳужумчилар: 10. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», Англия), 9. Марван Муҳсин («Ал-Аҳли»)

Эътибор бериш керак: Рамазон Субҳи

Шу ойнинг охирида 21 ёшга тўладиган ярим ҳимоячи «Ал Аҳли» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2014 йилгача 8 йил ушбу клуб академиясида таҳсил олган ва ўша йили, 17 ёшда катта футболда дебют қилганди.

2016 йилда у «Сток Сити» назарига тушди ва унинг трансфер суммаси 5 миллион еврони ташкил қилди. Ёш футболчи сўнгги икки мавсумда етарлича ўйинларда Англия футболи темпига дош берди. Унинг ҳисобида бир гол ҳам бор.

Терма жамоа сафида эса, Субҳи 2015 йилда дебют қилган. Анча тезкор ва яхши техникага эга бўлган, асосан чап қанотда ҳаракат қиладиган футболчи олдинги чизиқда Салоҳ билан яхшигина тандем ҳосил қилиши мумкин.

«Сток Сити» бу мавсумда Премьер Лигани тарк этди. Субҳи агар кейинги мавсумда ҳам ҳамманинг кўз ўнгида қолишни истаса, мана шу жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатиши керак бўлади.

ЖЧ-2018

Миср терма жамоаси жаҳон чемпионатида майдон эгалари жой олган А гуруҳида бўлишади. Жаҳон чемпионатининг иккинчи учрашуви айнан Миср иштирокида бўлиб ўтади. 15 июнь куни Екатеринбургда мисрликлар Уругвайга қарши майдонга тушишади. Россияга қарши ўйин 19 июнь куни Санкт Петербургга мўлжалланган бўлса, охирги тур 25 июнь кунига белгиланган. Саудлия Арабистонига қарши араб дербисини кўрмоқчи бўлганлар ўша куни Волгоградга етиб боришлари керак.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид