Жамият | 08:00 / 13.06.2018
250537
3 дақиқада ўқилади

Анвар қори Турсунов вафот этди

Тошкент шаҳри бош имом хатиби Анвар қори Турсунов бугун, 13 июнь куни тонгда вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати тасдиқлади.

Анвар қори апрель ойи бошларида микроинсультни бошдан кечириб, шифохонада қолаётган эди. Кейинчалик унинг комадан чиққани айтилди, бироқ аҳволи барибир оғирлиги маълум қилинганди.

Анвар қори Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида хизматчи оиласида туғилган. 1966-1976 йилларда Ҳамза туманидаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

1981-1984 йй.  – “Ёшлик” журналида муҳаррир, 1984-1987 йй. – Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, 1987-1989 йй. – Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходими, 1989-1994 йй. – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррири, 1994-1999 йй. – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби, 1999-2015 йй. – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Ахрор Валий» жоме масжиди имом-хатиби, 2015 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани «Минор» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келган.

Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган. Анвар қори Турсуновнинг Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг «Асбобун нузул» («Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари») таржимаси, «Фазилатлар китоби», «Инсон мукаррам зот» номли китоблари нашр этилган.

Маълум бўлишича, марҳумга жаноза бугун аср намозидан сўнг «Минор» масжидида ўқилади.

KUN.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Мавзуга оид