Дунёнинг энг махфий беш ҳарбий базаси
Ниқобланган ракета шахталари, жамоавий пунктлар, махфий лаборатория ва ер ости бункерлари - Ер шарида ҳарбий ҳаракатларнинг боришига кучли таъсир ўтказа олувчи ташқи томондан кўримсиз бўлган ҳарбий объектлар тармоқлари талайгина. Бу объектлар ҳақида китоблар ёзишади, фантастик фильмлар суратга олишади, компьютер ўйинлари уларга бағишланади, бироқ у ерда аслида нима бўлаётганини ҳеч ким билмайди...
Area 51
АҚШнинг Невада штатидаги афсонавий "Зона 51" ҳарбий-ҳаво базаси фантастик-жангари фильмларда бир неча марта намоён бўлган. Бу ер ҳақида турли гап-сўзлар тарқалган: ўзга сайёраликлар технологияларининг ўрганилиши, "учар ликопчалар" яратилиши, бутун инсониятни йўқ қила олувчи жангари вируслар культивацияси, генетик тажрибалар ва ҳ.к. Фитна назарияларнинг тарқалиши Пентагонни баъзи тафсилотларни очишга мажбур қилди.
Расмий маълумотларга кўра, "Зона 51"да тажрибавий учар қурилмалар ва қуролланиш тизимлари ишлаб чиқилмоқда. Бу ерда Lockheed U2, A-12 ва SR-71 каби разведка самолётлари ҳамда машҳур "кўринмас" F-117 Nighthawk самолётлари синовдан ўтказилгани маълум қилинган. Уларнинг фюзеляжи учбурчак шакли тасодифий гувоҳларда номаълум учар жисмлар (НУЖ) билан боғлиқ тажрибалар юритилаётганига доир тасаввур уйғотган бўлиши мумкин. Баъзи маълумотларга кўра, айни дамда "Зона 51"да SR-91 Aurora - ўта махфий гипертовушли стратегик кўринмас разведка самолёти устида ишланмоқда. Америка ОАВ хабар беришича, бу самолёт соатига 20 минг километргача тезликни ривожлантиради, бироқ Пентагон ҳозирча бу хабарни тасдиқламаган.
Guantanamo Bay
Гуантанамо кўрфази (Куба)даги Америка ҳарбий-ҳаво базаси фаолият юритаётганига 100 йилдан ошди. Унинг майдони - 117 квадрат километр атрофида. База бандаргоҳи 50 тагача йирик кемани ва ҳатто авиаташувчиларни ҳам сиғдира олади. Қуруқликда 1,5 мингдан зиёд хизмат ва турар-жой объектлари, механизациялашган порт, кема таъмирловчи устахоналар, сузувчи док, озиқ-овқат, ўқ-дори, ёнилғи-мойлаш материаллари омборхоналари мавжуд. База контингенти - 10 мингга яқин ҳарбий персонал. Улар учун барча қулайликларга эга махсус шаҳарча қурилган.
База ўз ҳудудида жойлашган Гуантанамо қамоқхонаси сабаб салбий томондан танилган. Америкаликлар бу ерда 2002 йилдан буён умумий ҳисобда суд ва терговсиз мингдан ортиқ кишини сақлашган. Бу ердаги тартибга доир турли миш-мишлар матбуотда тарқалган. Терроризмда гумон қилинган шахсларни қийнашган, ухлашга беришмаган, ярим оч режимда сақлашган. Шу йўллар билан уларнинг айбловларга иқрор бўлишларига эришишган. 2009 йилда АҚШ президенти Барак Обама қамоқхонани ёпиш тўғрисидаги фармонни имзолаган, бироқ у бугунги кунда ҳам фаолият юритишда давом этмоқда. Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг маълумотларига кўра, у ерда 40 га яқин маҳбус сақланмоқда.
Yulin
Хитойнинг Хайнан ороли қирғоқларидаги йирик Юлин ҳарбий-денгиз базаси ҳақида нисбатан яқинда хабар топилди. 2008 йилда Америка разведка хизматлари Хитой халқ-озодлик армияси тоғли ҳудудда ўзининг ядро қуроллантирувчи кучларининг денгиз компонентлари учун улкан объектни қурганидан гувоҳлик берувчи суратларни тарқатишди. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга кўра, Юлин базасида қитъалараро баллистик ракеталар жойлашган 20 тагача сув ости қайиқлари сиғади. Ёнида эса икки авиаташувчи зарба гуруҳлари жойлашиши мумкин.
Махфий тарзда ва қисқа муддатларда барпо этилган бу база Хитой мудофаа тизими учун жуда муҳим. Ғорларда яширинган сув ости ракета ташувчилари ўта кучли ядровий зарбага бардош бериб, сездирмай денгизга чиқиш ва рақибга ҳужум қилишга тайёр. Базанинг чиқиш жойи нечта экани ҳануз ноаниқ. Унинг ички қурилмаси ҳақида ҳам маълумот йўқ. Энг асосийси: Хитойнинг яна бундай базалари бор ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.
Mount Cheyenne
АҚШ миллий хавфсизлигининг юраги Колорадо-Спрингс шаҳри атрофидаги уч километрли Шайенн тоғи ва унинг остида яширин NORAD (Шимолий Америка ҳарбий-космик мудофааси қўшма қўмондонлиги маркази) ер ости комплекси жамоа пункти ҳисобланади. Бу тузилма Америка ва Канада ракета ҳамда ҳаво мудофаасини бир бутун тизимга бирлаштиради. Ядро уруши рўй берган тақдирда, мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ҳарбий кучларни айнан Шайенн тоғидаги бункердан бошқаради.
Ер ости базасининг қурилиши 1961 йилда бошланган. Шайенн тоғи тубида уч йил ичида сунъий ғорлар тизими яратилган. Уч туннель (узунлиги - 180 м, баландлиги - 20 м, кенглиги - 15 м) яна тўрт туннель (узунлиги - 100 м, баландлиги - 17 м, кенглиги - 10 м) билан кесишиб, ўзига хос панжарани ҳосил қилади.
Бу камераларда 15 металл контрукция жойлаштирилиб, улардан 12 таси уч қаватли биноларни ҳосил қилади, қолгани - 1-2 босқичли. 9,5 метрли қалинликдаги паст углеродли пўлат қатламларнинг ташқи томони ички пўлат каркас билан қўллаб-қувватланган. Конструкцияларнинг барчаси махсус пружиналарга ўрнатилган бўлиб, бу комплексни зилзилалар ва ядровий зарба асоратларига чидамли қилади. Шайенн тоғидаги бункер ҳозирда ҳам фаолият юритади.
Olavsvern
Норвегиядаги Олавсверн денгиз базаси совуқ уруш йилларида Тромсё шаҳри жанубидан 15 километр масофада, Рамфьорден ва Баллс фьордлари қўшилган нуқтада қурилган. Конструктив жиҳатдан бу - тўғридан-тўғри денгизга олиб чиқувчи қуруқ док. Базанинг умумий майдони 25 минг квадрат метрга етади, унинг фортификацияси билан Норвегиянинг НАТО бўйича иттифоқдошлари шуғулланишган. Совуқ уруш йилларида комплекс асосан Шимолий Муз океанини назорат қилган Америка субмаринлари томонидан фойдаланилган. Уларнинг вазифаси Совет иттифоқининг сув ости ракета ташувчиларини кузатишдан иборат бўлган.
СССР тарқалганидан кейин база узоқ вақт ишсиз қолди ва 2011 йилда уни сотувга қўйишди. Охир-оқибат Олавсвернни ишбилармон Гуннар Вильгельмсен сотиб олди ва Россия илмий-тадқиқот кемалари базасига ижарага берилди. У бугунга қадар ушбу мақомда қолмоқда.
Мавзуга оид
00:20 / 13.12.2024
Bloomberg Москванинг Сурия ҳукумати билан ҳарбий базаларига оид музокараларидан хабар топди
19:18 / 16.11.2021
Минск Россия ҳарбий базаларига эҳтиёжи йўқлигини билдирди
09:45 / 05.08.2021
Дунёда коронавирус юқтириш ҳолатлари сони 200 миллиондан ошди
09:21 / 22.03.2021