Жаҳон | 21:43 / 04.07.2018
8579
2 дақиқада ўқилади

Каламуш Тайбэй метросида саросима келтириб чиқарди

Фото: taiwannews.com.tw

Тайбэйда метро вагонига кириб қолган каламуш саросима келтириб чиқарди. Бунинг натижасида бир неча киши жабрланган, деб хабар берди Taiwan News нашри.

Каламуш поезд станциядан силжиганда пайқаб қолинган. Каламушни кўриб кўрқиб кетган йўловчилар бақир-чақир қилиб бошқа вагонга ёпирилишган. Бу одамларга каламушни кўрмаган одамлар ҳам қўшилиб кетган. Оломон орасидан кимдир йўловчиларга бир киши пичоқ билан ҳужум қилаётгани ҳақида гап тарқатган.

Шундан кейин вагонларда тиқилинч юзага келган. Одамлар саросимада югура бошлашган, баъзилар оёқ остида қолиб кетган. Поезд кейинги станцияда тўхтаганда, поезд ичидаги йўловчилар ташқарига отилиб, платформада турган бошқа йўловчиларни йиқитиб кетишган. 

Бўшаб қолган вагонлар суратлари ва видеосида полда шошилинчда тушириб қўйилган буюмлар, телефон ва оёқ-кийимлар ётганини, шунингдек, қон изларига ўхшаш доғларни кўриш мумкин. Икки киши жароҳат олган.

2014 йилда Тайбэй метросида пичоқ билан қуролланган киши поезддаги йўловчиларга ҳужум қилган. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 24 киши жароҳат олган. Қотил сўроқ қилинганда ёшлигидан шундай ҳужумни режалаштириб юрганини айтган. У 144 йиллик қамоқ ва 4 марта қатл этиш жазосига маҳкум қилинган. Қотил 2016 йилда отиб ташлаш йўли билан қатл этилган.

Мавзуга оид