Фан-техника | 20:44 / 11.07.2018
22756
4 дақиқада ўқилади

Провайдерлар сифатсиз интернет учун абонентга жарима тўлайдиган бўлди

Фото: iStock

Маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет хизматларини кўрсатиш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар тарқатди.

Мазкур ҳужжатга асосан, маълумотлар узатиш тармоғи орқали қуйидаги хизмат турлари тақдим этилиши мумкин:
•  маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш (турли стандартлар бўйича), трафик транзити, шунингдек маълумотлар узатишнинг халқаро тармоқларидан, жумладан Интернетдан фойдаланиш;
•  реал вақтда ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш;
•  электрон хабарлар қабул қилиш ва узатиш (шу жумладан, электрон почта);
•  конфиденциал ахборотни криптографик ва бошқача муҳофаза қилиш;
•  кичик (қуйи) тармоқ ажратиш;
•  домен ва домен номлари тизимини рўйхатга олиш ва олиб бориш;
•  IP-адрес ажратиш ва тутиб туриш;
•  IP-телефония ва IP-телевидение (IPTV);
•  хостинг хизматлари.

Қоидаларга асосан, Wi-Fi хизмати ташкилотчиси чекланган доирадаги фойдаланувчиларга пулсиз ёки пуллик асосда Wi-Fi хизматлари кўрсатиши мумкин. Фойдаланувчиларнинг чекланган доирасини аниқлаш шартлари Wi-Fi хизмати ташкилотчиси томонидан белгиланади.

Қоидаларга мувофиқ Wi-Fi хизмати ташкилотчиси оператор ёки провайдер билан биргаликда мавжуд конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни, шунингдек порнографияни тарғиб қилишга қаратилган ахборотнинг ва тарқатилиши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган бошқа ахборотнинг тарқатилишига йўл қўймасликка қаратилган чораларни кўриши лозим.

Истеъмолчи маълумотлар узатиш тармоғи хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилганда, шунингдек бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар сифати шартнома шартларида белгиланганидан паст даражада бўлганда қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:
•  камчиликларини бепул бартараф этиш;
•  оператор ёки провайдер билан келишув бўйича маълумотлар узатиш тармоғи хизмати кўрсатилиши мумкин бўлган янги муддатни белгилаш;
•  маълумотлар узатиш тармоғи хизматининг нархини қайта ҳисоблашни талаб қилиш.

Маълумотлар узатиш тармоғида юзага келган шикастланишлар шартномада белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, оператор, провайдер абонентнинг талабига кўра шартномада белгиланган миқдорда жарима (пеня) тўлайди. 

Оператор, провайдер томонидан жарима (пеня) тўланганлиги уларни шартнома бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.

Оператор, провайдер, Wi-Fi хизмати ташкилотчиси ўз ихтиёрида бўлмаган маълумотлар узатиш тармоғининг ресурслари, серверлари ва сегментлари мазмуни, улардан фойдаланиш имконияти ва ишлаш қобилияти учун жавобгар бўлмайди.

Қуйидаги маълумотлар оператор ёки провайдер томонидан абонентнинг сўровига мувофиқ 24 соат мобайнида ҳеч қандай чекловларсиз тақдим этилиши шарт:
•  маълумотлар узатиш тармоғининг кўрсатиладиган хизматлари тўғрисидаги;
•  маълумотлар узатиш тармоғидан фойдаланиш хизматларига бўлган тарифлар тўғрисидаги;
•  абонентга унинг шахсий ҳисобварағининг ҳолати ва маълумотлар узатиш тармоғи хизматларидан фойдаланиш ҳақини тўлаш бўйича қарздорлик тўғрисидаги, жумладан абонентга уланган хизматлар: маълумотлар узатиш вақти, тезлиги, олинган ва (ёки) узатилган ахборот ҳажми, шунингдек лимитланган трафикли тарифлардаги трафик қолдиғи тўғрисидаги;
•  техник носозликлар тўғрисидаги.

Мавзуга оид