Light | 02:45 / 15.07.2018
25313
7 дақиқада ўқилади

Ҳақиқий етакчига керак бўлган 20 та хусусият ва кўникма

Сизга интилишлари учун ўз устингизда ишланг.

1. Ишга содиқлик

Бу сифатга эга бўлиш етакчи учун ҳамда унинг қўл остидагилар учун ҳам бирдек муҳим саналади. Агар ўз ғоянгизга содиқ бўлсангиз, жамоа ҳам айнан шу йўлдан боради. Ана ўшанда натижадор ҳамкорлик таъминланади.

Фото: Лайфхакер

2. Оддийлик

Кўп ҳолларда юқоридан қараш хулқ-атвори ҳамда чалкаш ғоялар ортида ўз-ўзига бўлган ишончсизлик  ва жоҳиллик яширинган бўлади. Бироқ вазифаларни амалга оширишдаги юқори натижаларга етакчи учун ҳам, унинг жамоаси учун ҳам бирдек тушунарли бўлган аниқ шаклланган қарорлар орқали эришилади.

3. Шахсий назорат

Ўз-ўзингизни бошқара олмасангиз, одамларни бошқара олмайсиз. Агар раҳбар кўпинча ўз-ўзини назорат қилиш кўникмасини йўқотса ва қўл остидагилар билан мулоқотда бақиришга ўтса, жамоа жипс ҳамда ҳамкорлик самарали бўлмаслиги аниқ.

4. Сезгирлик ҳисси

Тўғри сўз ва ҳаракатларни танлай олиш кўникмаси - жамоа ва раҳбар ўзаро муносабатларининг асосидир. Ғамхўрлик, эзгулик, бағрикенглик ва энг муҳими, ўзгаларнинг ҳуқуқлари ва фикрини ҳурмат қилиш сезгирлик ҳиссини шакллантиришнинг асоси саналади.

Фото: Лайфхакер

5. Серҳаракатлик ва иштиёқ

Ҳаракатсизлик муваффақиятсизликка етаклайди. Ҳатто мағлубият ҳолатида ҳам етакчи жамоани руҳлантира олиши, муваффақиятга ишонч ҳиссини сингдириб, ходимларни олға ҳаракат қилишга ундай олиши керак.

6. Синчковлик

Қўл остидагиларнинг турли вазиятлардаги ҳаракатларини аниқ биладиган етакчи тўғри қарорлар қабул қилади. У тўғри кўрсатмалар беради, мажбуриятларни тақсимлайди ва жамоада ҳурматга сазовор бўлади.

7. Ҳақгўйлик ва очиқлик

Иккиюзламачиликни сезиш осон. Ҳақиқий етакчи ҳақгўй бўлиши лозим, ахир у қўл остидагиларнинг ишончи кафилидир. Компаниянинг муаммолари ҳақида гапирмаслик ва ўзи ҳақида нотўғри тасаввурни шакллантириш ярамайди. Эртами ёки кечми  - жуда ноқулай вазиятга тушиб қолиш ва обрўни йўқотиш мумкин.

8. Адолатли бўлиш ва эҳтиросга берилмаслик

Ҳаммага бир хил муносабатда бўлиш кўникмаси – одамларни бошқарадиганлар учун муҳим жиҳат. Ҳурмат даражаси ёки ҳамкасблардаги фахр ҳисси уларда етакчи мавжудлиги билан аниқланади. Севимли ходимларни ажратиш, кўникмаларга эга бўлмаган жамоа аъзоларини улар билан дўстона муносабатлар сабаб рағбатлантириш – жамоани инқирозга олиб борувчи профессионал сифатида шаклланмаганлик белгисидир.

Фото: Лайфхакер

9. Масъулиятни ўз бўйнига олишга тайёрлик

Яхшироқ бажариш ва омадсизлик ҳолатида яна бир марта синаб кўриш умуман ҳеч нарса қилмасликдан яхшироқ. Ҳаракатсизлик ва қарор қабул қилиш масъулиятини ўзидан соқит қилиш нотўғри қадам ва хатони тан олишдан ёмонроқ. Бироқ ўзига масъулият олиш қўл остидагиларнинг ғояларини тан олмаслик ва барча ишни якка ўзи бажаришни англатмайди.

10. Ташаббускорлик ва олдиндан кўра билиш

Бу жиҳатлар доимо ёнма-ён юради: ташаббускорликни намоён этишнинг ўзи етарли эмас, унинг оқибатларини кўра олиш ҳам муҳим. Жамоанинг муваффақияти раҳбарга боғлиқ, шунинг учун ташаббускорлик кўрсата туриб, у бошқаларга қандай ишлаш кераклиги бўйича аъло даражадаги намунани кўрсатади. Бундай ёндашувда компания ривожланади ва янги марраларга эришади. Яхши хом ғояни таклиф этиш ва кейинчалик унинг устида ишлаш идеални жимгина излашдан яхшироқ.

11. Ишончлилик

Бу ҳусусият ҳеч кимга ортиқчалик қилмайди. Жамоа раҳбарга ишона олиши ва унга ёрдам сўраб мурожаат этиши мумкинлигини ҳис қила олиши керак. Етакчи эса ҳамкасбларига тўлиқ ишона олиши ва унинг топшириқлари талабларга мувофиқ бажарилишини билиши зарур.

Фото: Лайфхакер

12. Қатъийлик ва чидамлилик

Мақсад сари оғишмай интилиш ва исталган натижага эришиш йўлида учраган машаққатларни енгиб ўта олиш яхши раҳбарни  одатдагисидан фарқлайди. Танланган йўлдан боришда ирода, қатъийлик ва ботирлик мақсадга эришишда ёрдам беради. Чидамлилик чарчаш ва ноқулайлик ҳиссини енгиш имконини беради. 

13. Маънавий жасорат

Бу хусусият қўрқув ҳиссини енгишда ёрдам беради. Ўзингизда бу жиҳатни ривожлантиринг, у сизга номаълумликнинг юзига тик боқиш ва касбий йўлда учраган мағлубиятларни жасорат билан бошдан ўтказишда қўл келади. Кутилмаган вазиятларда хотиржамликни сақлаш орқали хавотирни енгиб, унинг жамоада тарқалишининг олдини олган бўласиз.

14. Муносиб кўриниш кўникмаси

Ташқи кўриниш етакчи учун характер ҳусусияти каби муҳим. Раҳбарнинг ташқи кўриниши эгаллаган лавозимига мос бўлиши ва у ҳақида ижобий фикрни шакллантириши лозим.

15. Хабардорлилик ва аҳамият бериш

Яхши раҳбар компанияда бўлаётган барча ишлардан бохабар бўлиши лозим. Бу ностандарт вазиятларда тезкорлик билан реакция қилиш ва тўғри қарорларқабул қилиш имконини беради. Барча нарсага эътибор бериш бир қадам олдинда бўлиш, шу орқали жамоага тўғри йўл кўрсатишда ёрдам  беради.

16. Ҳазилни тушуниш ҳисси

Ҳазил назоратдан чиқиб кетаётган вазиятни қутқариши мумкин. Баъзида мураккаб вазиятни юмшатиш учун биргина ҳазил кифоя.

Фото: Лайфхакер

17. Ҳаракатларнинг аниқлиги

Одамлар жамоа етакчисидан нима кутишни билиши керак. Агар ноаниқлик мавжуд бўлса ва унинг мақсадлари кундек равшан бўлмаса, қўл остидагилар жаҳлдор бўлиб қолишлари, раҳбарнинг кўрсатмаларини инжиқлик сифатида қабул қилишлари мумкин.

18. Яхши намуна кўрсата олиш

Қўл остингиздагилар интиладиган инсон бўлинг. Қандай ишлаш кераклигини кўрсатинг, барча эришишга ҳаракат қиладиган шахсий намуна кўрсатинг. Жамоадагиларда кўришни истаган хусусият ва кўникмаларни намойиш этинг.

19. Профессионаллик

Ўз соҳангизда профессионал бўлиб қолиш учун мавжуд билим ва кўникмаларингизни доимий равишда ривожлантиринг. Долзарб билимларга эга бўлинг, уларни амалиётда қўлланг, ривожланинг ва ўз даражангизни ошириб боринг.

Фото: Лайфхакер

20. Тажриба алмашиш кўникмаси

Билим ва бой тажрибага эга бўлишнинг ўзи етарли эмас, уни жамоа билан баҳам кўриш лозим. Қўл остингиздаги ходимларга ўзингизга таниш, бироқ улар учун янги услубларни тушунтиринг. Уларга маслаҳатлар беринг, имкон қадар ёрдам кўрсатинг – улар сизга сифатли ишлари билан миннатдорчилик билдиришади.

Мавзуга оид