Жаҳон | 23:55 / 21.07.2018
32232
3 дақиқада ўқилади

Хитой Халқ Республикаси фуқароси Ўзбекистонга нега киритилмаяпти?

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг 2017 йил 29 майдаги қарорига асосан, Хитой Халқ Республикаси фуқароси Юсуфжианг Маимаитикари (Yusufuhiang Maimaitikari) ЎзР МЖтКнинг 225-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Суд мазкур  МЖтКнинг 21-моддасини қўллаб, огоҳлантириш бериш билан чекланиб маъмурий жавобгарликдан озод қилди. Унга нисбатан МЖтКнинг 29-1-моддаси қўлланиб, 3 (уч) йил муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш белгиланди.

Тошкент шаҳар маъмурий суди кассация инстанциясининг 2017 йил 24 июндаги қарори билан суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2017 йил 5 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси фуқароси Юсуфжианг Маимаитикари (Yusufuhiang Maimaitikari) 1-Республика Тиббиёт коллежининг 1-курсида тўлов-контракт асосида ўқишлигини, турмуш ўртоғи ва бир нафар вояга етмаган фарзанди билан вақтинча Тошкент шаҳрида яшашлигини инобатга олиб, суд қарорларини ўзгартирди. Уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини 3 йилга чеклаш ҳақидаги қисмини бекор қилди. 

 Олий суднинг ушбу қарори ижроси 31.10.2017 йилда Учтепа тумани Ички ишлар бошқармаси хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ҳозирда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими)га юборилди. 

Бироқ, ҳалигача ушбу суд ҳужжати ижроси таъминланмади. Ваҳоланки, тегишли қонунда бундай қарорлар ижроси тез фурсатда таъминланилиши лозимлиги уқтирилган.

Ҳозирда суд ҳужжати ижросини таъминлаш бўйича тегишли идораларга қилинган мурожаатлар қаноатлантирилмаяпти. 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддасига асосан, суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги (янги таҳрири) Қонуннинг 5-моддасида, “Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт” дейилган.

Бундан келиб чиқиб, муайян ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қонунларда белгиланган бўлса-да, масъул шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш билан бирга суд ҳужжати ижроси ҳам таъминланиши керак.

Ўйлаймизки, мазкур масала тез орада ўз ечимини топади ва чет эл фуқаросига қўйилган чекловлар тегишли ташкилотлар томонидан амалиётда ҳам олиб ташланади.

Мавзуга оид