Ўзбекистон | 15:01 / 26.07.2018
5044
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этди

2018 йилнинг 25 июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Вашингтондаги Миллий пресс-клубда “Ўзбекистонда диний эркинликларнинг янги даври” мавзусида махсус брифинг ўтказди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

ТИВнинг хабар беришича, Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг таклифига биноан Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрди. 

Вазир Абдулазиз Камилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов, Адлия вазири Русланбек Давлетов ўз нутқларида Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи мамлакатда яшаётган турли дин ва конфессионал гуруҳларга нисабатан бағрикенглик ва ҳурмат билан муносабатда бўлинганидан дарак беришини таъкидлашди.

Хабарда айтилишича, брифинг қатнашчиларига мамлакатда диний эркинликларни таъминлаш ва маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Миллий пресс-клуб мажлисида иштирок этган журналистлар, экспертлар, сиёсатшуносларнинг саволларига ҳам жавоб берди.

Брифингда Америка томонидан АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё бўйича директори Ж.Колберт, Глобал жалб этиш институти президенти Ж.Чен, Вашингтон Университети профессори К.Сайпл нутқ сўзлашди.

Брифингда шунингдек АҚШ маъмурияти, Конгресс, эксперт-таҳлил ва ишбилармонлик доиралари, диний ва бошқа ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.

Мавзуга оид