Ўзбекистон | 19:53 / 15.10.2024
11338
4 дақиқада ўқилади

“Секин ошириб борамиз” – Тошбоев Ўзбекистон 24 минглик Ҳаж квотасидан тўлиқ фойдаланмаётгани ҳақида

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевга кўра, Ўзбекистон томони Ҳаж учун Саудия подшоҳлиги ажратган 24 минг кишилик квотани олиш учун ташкилий жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Шу сабабли ҳозирча 15 минг билан чекланиляпти. Қўмита раҳбари Ҳаж зиёратини кейинчалик турфирмаларга бериш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлигини истисно этмади.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев 15 октябр куни Тошкентдаги халқаро конференция доирасида Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди. Хусусан, қўмита раиси Саудия Арабистони Ўзбекистон учун ажратган 24 минг кишилик Ҳаж квотасидан тўлиқ фойдаланилмаётганига изоҳ берди.

“Бу келажакда секин-секин [бўлади]. Дастлаб Ҳаж учун квотамиз 3 мингта бўлган. Кейин 5200 га чиқди, 7200 га чиқди. Мана, уч йилдан бери… бу йилги [режамиз] ҳам 15 минг бўлиб турибди, секин-секин кўтариб боряпмиз.

Бир нарсани ҳисобга олиш керакки, биз бунга тайёр ҳам бўлишимиз керак. У ердаги меҳмонхоналар ва бошқа масалаларга тайёргарлик кўришимиз керак. Мен шу соҳада 3 йил давомида фаолият юритаётган бўлсам, ўзига яраша машаққатлари бор, фақат Ҳажга олиб бориб келмаяпмиз. Меҳмонхонаси, Мино, Арофат, Муздалифага тайёргарлигимиз бор. “Ҳаво йўллари”нинг тайёргарлиги бор, бу йил 14-15 кун ташиб берди, чунки у ерда слот олиш қийин бўлаётган даврларимиз бўлди.

24 мингта квота олишимиз… ким ташиб беради буларни бизга? Кўпчилик айтиши мумкин, 100 мингта бўлса ҳам ташиб берамиз, деб. Лекин бунинг ўзига яраша ташкилий масалалари бор. Агар эртага 15 минг эмас, 50 минг одамга яхши хизмат кўрсатмайлик, Ўзбекистондан келганлар шунақа бўлди, деб бутун дунёга айтади. Мана шу масалаларимиз бор. Бу [квота] секин-секин кўтариб борилади”, – деди қўмита раиси.

Содиқжон Тошбоев кейинчалик Ҳаж зиёратини ташкил этиш турфирмаларга ҳам берилиши мумкинми, деган саволга жавоб берди.

“Балки берилиши мумкин. Лекин ҳозирча Саудия ҳукумати ҳам Ҳаж масаласида фақатгина давлат билан ишлаш тарафдори бўляпти. Уларнинг талаблари шунақа. Балки келажакда бўлиши мумкин. Мана, Туркияда ҳам шунақа қилинади, лекин Диёнат ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириляпти.

Келажакда шунақа бўлиши мумкин, буни Саудия билан ишлаб кўришимиз керак. Ҳозирча Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита билан шартнома имзолайди, Мусулмонлар идораси хизмат кўрсатиб беради”, – деди у.

2022 йил сентябр ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Робияни қабул қилган эди. Учрашувда Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотасини 24 минг нафаргача ошириш бўйича келишувга эришилган. Лекин келаси икки йил давомида ҳам 15 минг нафардан фуқаро Ҳажга юборилди. Квотанинг қолган 9 минглик қисми Мусулмонлар идораси томонидан фойдаланилмади, турфирмаларга ҳам бўлиб берилмади.

Мавзуга оид