Ҳаж мавсумида вафот этганлар сонининг кўплиги сабаблари маълум қилинди
Саудия Арабистони расмийларининг маълум қилишича, бу йил Маккадаги Ҳаж вақтида камида 1301 нафар зиёратчи вафот этган. Кўпчилик жазирама қуёшда ҳаддан ташқари исиб кетишдан жони узилган.
Саудия Арабистонининг SPA расмий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, вафот этганларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғида Ҳаж рухсатномаси бўлмаган. Ҳажда жами 1 миллион 830 мингга яқин зиёратчи қатнашган бўлса, шундан 1 миллион 600 мингдан ортиғи хориждан келган.
Ҳажда ўлимлар сонининг кўплиги ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароити билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда BBC ёзди. Хусусан, Маккада соядаги ҳаво ҳарорати 51 даражадан ошиб кетган ва кечаси фақат вақти-вақти билан 40 даражадан пастга тушган.
Кўплаб зиёратчилар, айниқса кексалар ёки касаллар, соя топиб бўлмайдиган кенг очиқ жойларда жазирама билан курашган. Айрим зиёратчиларнинг Ҳажга ноқонуний, тегишли рухсатномасиз келгани ҳам уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кескин чеклаб қўйган.
Қайд қилинишича, рухсатномаси бўлмаган зиёратчилар ёрдамга муҳтож бўлса ҳам, жазоланишдан қўрқиб, расмийларга мурожаат қилишдан қочган бўлиши мумкин, бу эса транспорт оқимини бошқариш ва тиббий ёрдам кўрсатишни қийинлаштирган. Бу Ҳаж вақтида ўлим кўрсаткичи юқори бўлишининг асосий омилларидан бири, деб ҳисобланмоқда.
Араб дипломатларидан бири берган маълумотга кўра, ҳалок бўлган 630 нафардан ортиқ мисрликларда тегишли рухсатнома бўлмаган. Саудия Арабистони расмийлари ноқонуний зиёратга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда. Аммо қанчалик муваффақиятли экани номаълум.
Зиёратчиларнинг кекса, ногирон ёки сурункали касали борлиги яна бир омил сифатида кўрсатилган. Кўпчилик зиёратчилар умрининг охирида Ҳаж зиёратига боради, баъзилар Ҳаж сафарида «ўлиш бахтига муяссар бўлиш»дан умидвор бўлади. Масалан, Бангладешдаги мусулмонлар жамоати Ҳаж вақтида ўлимни катта ютуқ деб билади, чунки бу марҳумга алоҳида мақом беради. Саудия Арабистонидаги Ал-Боқий қабристонига Муҳаммад пайғамбар асос солгани айтилади, бу уни мусулмонлар учун орзу қилинадиган дафн жойига айлантиради.
Шу билан бирга, одамларнинг кўплиги ва санитария муаммолари, транспорт муаммолари, тиббий ёрдамнинг кечикиши ҳам ўлимлар сонининг кўплиги билан изоҳланмоқда.
Таъкидланишича, зиёратчи Ҳаж вақтида вафот этса, унинг ўлими ҳақида қариндошларига хабар қилинади. Кейин жасад ювилади, кафанга ўралади ва Саудия ҳукумати томонидан тақдим этилган музлатгичларга ташилади. Дафн маросимлари машҳур масжидда ўтказилади, аммо қабрнинг ўзи оддий бўлади, баъзида бир нечта жасадлар биргаликда дафн этилади. Қабристонларда ҳар бир дафн қилинган шахс ҳақида батафсил маълумот ёзиб қўйилади, марҳумнинг оиласи уни зиёрат қилиши мумкин.
Мавзуга оид
18:07
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024