Ўзбекистон | 18:27 / 13.08.2018
8062
2 дақиқада ўқилади

Дарахтларни ноқонуний кесишга жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда

Фото: KUN.UZ

Дарахтларни ноқонуний кесиб-кетишга қарши курашиш бўйича жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси вакили берган маълумотга таяниб хабар бермоқда.

«Ҳақиқатан, дарахтларнинг ноқонуний равишда кесишга қарши жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу таклиф Бош прокуратурага тақдим этилди.

Бундан ташқари, етказилган зарарни қоплаш бўйича белгиланадиган тўлов миқдори ҳам бир неча баробар оширилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Таъкидлаш лозимки, ушбу миқдор амалдаги белгиланган суммадан тахминан 10 баробар кўп бўлиши кутиляпти»​, дейди қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларнинг кўп сонли мурожаатлари, таклифлари ўрганилиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ўртасида «Тошкент шаҳри ҳудудидаги манзарали дарахт ва буталар муҳофазасини кучайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларининг олдини олиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини ажратишда дарахтлар ва кўп йиллик буталарни сақлаш қолиш тизимини ташкиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор имзоланганди.

Мавзуга оид