Спорт | 15:10 / 15.08.2018
20245
12 дақиқада ўқилади

Бугун катта футбол: УЕФА Суперкубоги олдидан

Бугун Эстония пойтахти Таллинда УЕФА Суперкубоги соврини учун навбатдаги баҳс бўлиб ўтади. Тарихда биринчи марта бу соврин учун бир шаҳарнинг икки жамоаси курашади, яъни дерби.

МУСОБАҚА ТАРИХИ

УЕФА Суперкубоги 1972 йилда ташкил қилинган. Бу турнир асосчиси сифатида Нидерландиянинг De Telegraaf нашри мухбири Антон Виткамп тилга олинади. Ўша пайтларда Нидерландия футболи ва чемпионатининг даражаси қитъада жуда юқори бўлган ва Виткамп голланд жамоаларининнг Европа майдонларида синовдан ўтказишнинг янги йўналишини ахтаради. Кройф бошчилигидаги «Аякс» ва «Фейенорд» ўша йиллари тўрт маротаба Чемпионлар Кубоги финалида ўйнаб, уч марта ғолиб чиқишганди.

У пайтларда Чемпионлар кубогида фақат чемпион жамоалар қатнашар, табиий равишда, бошқа кучли клублар Кубок эгалари кубоги ёки УЕФА кубогида ўз маҳоратларини синаб кўришарди. Кўриниб турибдики, Чемпионлар кубоги бошқа еврокубоклардан яққол кучли бўлмасди, демакки, УЕФА Суперкубоги ростан ҳам Европанинг энг кучли жамоасини аниқловчи ўйин сифатида ҳам қаралар эди.

Хуллас, Антон Виткамп, «Аякс» президенти Яп ван Праг ва унинг отаси Михаэл ван Праг ўша пайтдаги УЕФА президенти Артемио Франкини янги совринни жорий қилишга кўндирмоқчи бўладилар. Аммо УЕФА бу ғояга хайрихоҳлик билдирмади, бунинг сабабларидан бири, ўшанда суперкубок учун «Аякс»га рақиблик қилиши керак бўлган «Глазго Рейнжерс» жамоаси дисквалификация қилинганди. Шу билан бирга, «Рейнжерс» ўзининг юз йиллигини нишонлаётганди, натижада, дастлабки Суперкубок учун ўйин норасмий тусда ўтадиган бўлди, De Telegraaf нашри эса, ҳомийликни ўз зиммасига олди. Тўқнашув «Аякс»нинг икки ўйин натижасига кўра 6:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Лекин УЕФА бу учрашувни тан олмади.

Айтиш керакки, 1972 йилдан бери мунтазам ўтказилиб келинадиган бу мусобақа 1974, 1981 ва 1985 йилларда ташкил этилмаган. Сабаби, клублар учрашувлар вақтини келиша олмаган эди. 1998 йилдан бери эса, ғолиб фақат бир ўйинда аниқлаб келинмоқда.     

ИСПАНИЯ ГЕГЕМОНЛИГИ

Шу бугунгача нидерландияликлар уч маротаба бу совринни ютиб олишган бўлса, айниқса, сўнгги йиллардаги яққол устунлик эвазига Ла Лига жамоалари анча илгарилаб кетишди. Испан жамоалари ҳаммаси бўлиб 14 маротаба Европа Суперкубогини қўлга киритишган бўлса, шундан 8таси сўнгги 9 йилга тўғри келади. Кейинги ўрнидаги италияликларда 9та Суперкубок соврини мавжуд.

Бу сафар испанлар 15-маротаба бу совринни ютиб олишлари аниқ, зеро, сўнгги беш йилда тўртинчи маротаба Суперкубок учун икки испан жамоаси майдонга тушаётганини кўрмоқдамиз. Бу сафар бу билан ҳам қаноатланмай, нафақат бир давлат, балки бир шаҳарнинг икки жамоаси ҳал қилувчи ўйинда рақиб бўлади. Демак, бу йилги Суперкубок соврини Мадридга кетиши аниқ.

«Реал» бу ўйинда ғалаба қозонса, ўз тарихида бешинчи маротаба Европа Суперкубоги соҳиби бўлади ва бу борада етакчи бўлган «Милан» ва «Барселона»га етиб олади. «Атлетико» ғалаба қозонса, бу жамоа учун учинчи Суперкубок бўлади ва «Ливерпуль» ҳамда «»Аякс» каби жамоаларига етиб олинади.

ЖАМОАЛАР ҲОЛАТИ

Айтиш керакки, сўнгги йилларда Европа Суперкубоги клублар учун мавсум олдидан муҳим назорат учрашуви сифатида қабул қилиняпти. Август ойи, ҳали жамоалар эндигина мавсумолди йиғинларни якунлаб, чемпионат ўйинларини бошлаш арафасида, кўп футболчилар, айниқса, жаҳон чемпионатидан сўнг, тўлиқ спорт формасига кириб улгурмаган бўлишади.

Аммо барибир, Европанинг икки кучли клуби мавсумга қандай ҳолатда кириб келаётганини кўриш ҳам қизиқ. Шунингдек, «Реал» бошқарувини қўлга олган Лопатеги учун ҳам илк расмий ўйинни соврин ютиб олиш билан бошлаш муҳим бўлса керак.

Испанияда ҳали трансфер ойнаси ёпилмагани учун ҳали ўзгаришлар бўлиши, масалан, «Реал» Азарни ёки Кейнни, балки Мбаппени сотиб олишга уриниб кўриши мумкин. Бугунги ҳолатда эса, «Реал»нинг трансфер сиёсатини у қадар фаол деб бўлмайди. Аксинча, «Атлетико»ни бу борада мақташ мумкин, бир қатор инглиз грандлари қўлга киритмоқчи бўлган Тома Лемарнинг 70 миллион еврога «Атлетико»га келиши Симеоне жамоасининг янги мавсумдан умиди катта эканини билдиради.

Аслида, «Атлетико»нинг яна бир йилга Антуан Гризманни сақлаб қолганининг ўзиниёқ катта ютуқ сифатида қабул қилсак бўлади. Шунингдек, хорватиялик ҳужумчи Никола Калинич 15 миллион еврога ва «ПСВ» ҳимоячиси Сантьяго Арьяс 11 миллионга сотиб олинди. Арьяс «Интер»га трансфер қилинган Врсальконинг ўрнини босиши керак бўлса, Кевин Гемейро «Валенсия» аъзосига айланди, Фернандо Торрес ҳам Мадридни тарк этди. Никола Калинич айнан ҳужум чизиғида ҳаракат қилади.

«Реал» Роналдуни «Ювентус»га сотиб юборганидан ташқари, Матео Ковачич «Челси»га ижарага берилди. Бельгиялик дарвозабон Тибо Куртуа ниҳоят «Челси»дан кетиб, «Реал» либосини киядиган бўлди. Шунингдек, назорат ўйинларида илиқ таассурот қолдирган ҳимоячи Одрисиола ва Бразилиядан 45 миллион евро эвазига келган Винисиус Жуниордан ҳам умид катта.

Назорат ўйинларига келсак, «Реал» йиғинлардаги илк ўйинини икки ҳафта олдин АҚШда «Манчестер Юнайтед»га қарши ўтказди ва 1:2 ҳисобида ютқазди. Кейинги икки ўйин ҳам океанортида бўлиб ўтди ва Италия жамоалари «Ювентус» ва «Рома» устидан мос равишда 3:1 ва 2:1 ҳисобида устун келинди. 11 август куни «Милан»га қарши Мадридда бўлиб ўтган ўйин эса, 3:1 ҳисобида Лопатеги шогирдлари ғалабаси билан якунланди.

«Атлетико»нинг мавсумолди ўйинлари бироз камтарона руҳда ўтди, дейиш мумкин. «Арсенал» ва «Штутгарт» билан бир хил – 1:1 ҳисобида дуранглар қайд этилган бўлса, «ПСЖ» билан ўйинда рақиб 3:2 ҳисобида устун келди. Яна бир мағлубият уч кун олдин «Интер» билан ўйинда қайд этилди. Мадридда бўлиб ўтган ўйинда италияликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонишди. Йиғинлардаги ягона ғалаба Кальярида маҳаллий жамоа устидан 1:0 ҳисобида қўлга киритилди холос.

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР

Бугунги ўйинга ҳар икки жамоа ҳам деярли тўлиқ таркиб билан етиб келмоқда. «Реал» таркибида сезиларли йўқотиш сифатида Лука Модрични кўрсатиш мумкин. Биринчидан, ЖЧ финалида майдонга тушган бу футболчи шерикларидан анча кеч таътилни тугатди ва ҳали спорт формасида эмас. Иккинчидан, унинг «Интер»га ўтиш масаласи ҳамон очиқ қолмоқда. Футболчи ва унинг агенти ушбу трансфер тарафдори, «Реал» эса етакчи ярим ҳимоячисини сақлаб қолмоқчи. Италияда трансфер ойнаси 2 кун ичида беркилишини эътиборга олсак, шу кунларда Модричнинг тақдири узил-кесил ҳал бўлади. Шунингдек, жароҳатлар туфайли Вальехо ва Одриосола ҳам бугун «Реал»га ёрдам бера олмаса керак.

РЕАЛ: Навас, Карвахал, Рамос, Варан, Марсело, Каземиро, Кроос, Иско, Бэйл, Бензема, Асенсио.

АТЛЕТИКО: Облак, Хуанфран, Годин, Хименес, Луис, Коке, Саул, Родриго, Лемар, Гризманн, Коста.  


ЎЙИНОЛДИ ФИКРЛАР

Юлен Лопатеги (Реал)

– Биз, албатта, ютишни хоҳлаймиз, аммо бунинг учун тайёр бўлишимиз керак. Бизни қийнаб қўйиши аниқ бўлган кучли рақиб устидан ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барчасини амалга оширамиз. «Атлетико» – бир қанча ажойиб футболчилар ва ажойиб мураббийга эга бўлган, бир неча йилдан бери тўғри йўналишда ҳаракат қилаётган жамоа. Бу финал. Ҳар икки жамоа ҳам осонликча таслим бўлмайди. Лекин биз бу ерга ғалаба қозониш учун келдик ва «Атлетико»ни қандай ютишни биламиз.

Диего Симеоне (Атлетико)

– Биз ўтган йилга нисбатан янада кучаймоқчимиз ва бунинг учун нима қилиш кераклигини тушуниб турибмиз. «Реал» янги мураббий қўл остида янги услубда ҳаракат қилади, бизнинг майдонимизда тўпни эгаллаш ва назорат қилишга уринади. Лопатеги Испания терма жамоасида ҳам бу фалсафага эргашган ва албатта, «Реал»да ҳам буни давом эттиради. Биз учун энг муҳими, ўйинда эмоция билан ўйнаш ва иродани намойиш қила олиш. Биз буни эплаймиз. Жамоа билан келган барча футболчилар соғлом ва ўйинга тайёр ҳолатда.


ФАКТЛАР

«Реал» УЕФА Суперкубогини қаторасига уч марта ютган илк клубга айланиши мумкин. Аммо «Атлетико» шу пайтгача Суперкубок учун икки марта майдонга тушган бўлса, иккала ўйинда ҳам ғалаба қозонган.

2013 йилдан буён «Атлетико»ни еврокубоклардан фақат «Реал» чиқариб юбормоқда.

«Реал» ва «Атлетико» еврокубокларда бугунгача тўққиз марта қарши келишган. Бу ўйинларнинг барчаси Чемпионлар Лигаси ёки Чемпионлар Кубоги турнирларига тўғри келади.

 

«РЕАЛ» ва «АТЛЕТИКО»нинг Европа Суперкубогидаги учрашувлари

РЕАЛ:

1998 йил. ЧЕЛСИ – РЕАЛ 1:0 (Густаво Пойет, 83)

2000 йил. РЕАЛ – ГАЛАТАСАРОЙ 1:2 (Раул, 79 – Жардел, 41, 103)

2002 йил. РЕАЛ – ФЕЙЕНОРД 3:1 (Пауве автогол, 15, Р. Карлос, 21, Гути, 60 – ван Хеойдонк, 56)

2014 йил. РЕАЛ – СЕВИЛЬЯ 2:0 (Роналду, 30, 49)

2016 йил. РЕАЛ – СЕВИЛЬЯ 3:2 (Асенсио, 21, Рамос, 90+3, Карвахал, 119 – Васкес, 414, Коноплянка, 72)

2017 йил. РЕАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД 2:1 (Каземиро, 24, Иско, 52 – Лукаку, 62)

АТЛЕТИКО:

2010 йил. АТЛЕТИКО – ИНТЕР 2:0 (Рейес, 62, Агуэро, 83)

2012 йил АТЛЕТИКО – ЧЕЛСИ 4:1 (Фалькао, 6, 19, 45, Миранда, 60 – Кейхил, 7)


ЎЙИН

Учрашув бугун, 15 август куни, Тошкент вақти билан соат 24:00да бошланади. Ўйин Эстония пойтахти Таллин шаҳридаги «Лилеклюла» стадионида бўлиб ўтади. Олти йил олдин УЕФА 1998 йилдан бери давом этиб келинаётган анъана - Суперкубок ўйинларини Монте Карлодаги Луи II стадионида ўтказишдан воз кечди ва шу тариқа футболда у қадар ривожланмаган мамлакатлар ҳам Европа Суперкубоги ўйинидан жонли тарзда баҳраманд бўлмоқда. Сўнгги йилларда Прага, Кардифф, Тбилиси, Тронхейм ва Скопье шаҳарлари УЕФА Суперкубоги ўйинини қабул қилди. 

Биргина муаммо сифатида стадион сиғимининг кичкина экани тилга олинаётганди ва ҳатто клублар ўйинни Мадридга кўчириш бўйича таклиф билан чиқишди. Испания оммавий ахборот воситалари стадионнинг атиги 10 500 томошабинни сиғдира олиши ҳақида ёзиб ваҳима кўтарди, лекин бу эски маълумот эди. УЕФАнинг «Хет Трик» лойиҳасига тушгандан сўнг, «Лилеклюла» сиғими икки баробарга кўпайган.

Учрашувни польшалик ҳакам Шимон Марчиняк ўз ёрдамчилари билан бошқариб боради.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари бу ўйинни жонли эфирда «Футбол ТВ» телеканалидан кўришлари мумкин.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид