Жамият | 18:00 / 20.08.2018
100386
3 дақиқада ўқилади

Каъбанинг калити кимда сақланишини биласизми?

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Маккаи мунавварада Каъбатуллоҳ калитдорлари бўлган саҳобий Усмон Ибн Толҳа авлодларининг уйида меҳмон бўлди.

Буюк саҳобий авлодлари уй музейида Каъбатуллоҳнинг қадимги ва бугунги кундаги калитлари, турли асрлардан сақланиб қолган каъбапўшт парчалари, Каъбани таъмирлаш вақтида унинг остидан топилган қадимий тарихий ашёлар, ёзувлар ва хазиналар сақланади.

«Ушбу оила вакиллари билан учрашув илмий мазмунга бой, жуда қизиқарли ўтди. Учрашувда саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодлари Имом Бухорий юртини зиёрат қилиш ва Ҳазрати Имом мажмуасидаги Усмон Мусъҳафини кўриш орзусида эканликларини айтдилар.

Ҳожиларимиз буюк ибодатларини чиройли адо қилиб, юртимизга мабрур ҳаж билан соғ-саломат қайтишлари, юртимизда дин ва халқ манфаати йўлида бўлаётган ислоҳотлар бардавомлигини тилаб дуолар қилишди», дея хабар беради «Kun.uz» манбаси.

Нуриймон Абулҳасан саҳобий Усмон ибн Толҳа авлодларини Ўзбекистонга таклиф қилган ва навбатдаги учрашув яқин келажакда Ўзбекистонда бўлишига келишиб олишган.

Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганидан кейин, унинг назоратини ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга топширади. Каъбанинг калити дастлаб Исмоил алайҳиссалом, сўнгра унинг авлодларида бўлди. Кейинроқ калитни Исмоил алайҳиссалом авлодларидан Яманнинг Журҳум қабиласи, сўнгра Журҳумдан Хузоа қабиласи тортиб олди. Бундан 16 аср олдин Қусай ибн Килоб Хузоа қабиласи устидан ғалаба қозониб, калитни Қурайшга - Исмоил авлодларига қайтарган.

Расулуллоҳ (с.а.в) насаблари қуйидагича: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдул Манаф ибн Қусай ибн Килоб. Бинобарин, Қусай ибн Килоб Расулулллоҳнинг тўртинчи боболари ҳисобланади.

Қусай ибн Килоб ўлимидан кейин Каъба ҳожиблиги (калитдорлик) катта ўғил Абдуддорга мерос қолди. Шу билан Каъба ҳожиблиги расулуллоҳ (с.а.в) Маккани фатҳ қилиб, ислом нурини муқаддас диёрга қайтаргунича, Қурайшнинг Бани Абдуддор оиласида бўлди. Бу оиланинг раҳбари Усмон ибн Толҳа Макка фатҳидан олдинроқ Холид ибн Валид билан ҳижрат қилиб, исломга кирган эди. Макка фатҳ этилган кунда расулуллоҳ Усмон ибн Абу Толҳани олдиига чорлаб: «Эй Абу Толҳа ўғиллари, ҳожибликни - калитдорликни авлоддан-авлодга абадий мерос ўлароқ олинглар, уни сизлардан фақат золимгина тортиб олади», дейди. Шундай қилиб, Каъба калитдорлиги баъзи қисқа узилишларни ҳисобга олмаганда, 1400 йил давомида Усмон ибн Толҳа авлодлари қўлларида сақланади.

Мавзуга оид