Ўзбекистон | 00:32 / 25.08.2018
8685
4 дақиқада ўқилади

Давлат харидларини ўтказувчи ихтисослашган ташкилотлар тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 20 августдаги 3057-сонли буйруғига мувофиқ "Давлат харидларини ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар тўғрисида"ги низом тасдиқланди.

Ихтисослашган ташкилот - давлат буюртмачиси топшириғига кўра, товарлар, ишлар, хизматлар давлат харидини ўтказишни ташкил этиш хизматини шартнома асосида пуллик равишда кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган, ушбу Низом талабларига мувофиқ келувчи юридик шахс.

Ихтисослашган ташкилотлар қуйидаги давлат харидлари бўйича хизматларни кўрсатиши мумкин:

  • ривожлантириш давлат дастурларини, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни, шунингдек давлат буюртмачиларининг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган хизматлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Президент ва Ҳукумат томонидан донор мамлакатлар, халқаро, ҳукуматга қарашли бўлган ва қарашли бўлмаган чет эл ташкилотлари билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган хизматлар.

Ихтисослашган ташкилотлар қандай талабларга жавоб бериши керак?

  • Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик шахс бўлиши;
  • ихтисослашган ташкилотнинг таъсисчиси давлат хариди субъекти бўлмаслиги;
  • солиқ имтиёзларини тақдим этувчи ва маълумотларни тўлиқ очишни ва банк назоратига маълумотларни (оффшор ҳудуд) тақдим этишни кўзда тутмаган, шунингдек якуний давлатлар ва ҳудудларда рўйхатдан ўтмаган ихтисослашган ташкилот таъсисчилари сафида бўлмаслиги;
  • штатида хизмат кўрсатиш бўйича амалий тажрибага эга бўлган бир нафардан кам бўлмаган ходимга эга бўлиши;
  • махсус ахборот порталига уланиш имконини таъминловчи дастурий техник қурилмага эга бўлиши.

Ихтисослашган ташкилот қандай хизматларни кўрсатади?

  • товар (иш, хизмат)нинг бошланғич нархини аниқлайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
  • маркетинг ва бошқа тадқиқотларни ўтказади;
  • реклама ишларини ташкиллаштиради;
  • харид тартиб-таомиллар ўтказилиши тўғрисида хабарномаларни, эълон матнларини ва харид ҳужжатларини расмийлаштиради;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ харид тартиб-таомили шартлари ва талаблари, харид тартиб-таомили бўйича тушунтириш матнларини тайёрлайди;
  • давлат буюртмачисига харид тартиб-таомили турлари  бўйича таклиф беради;
  • давлат буюртмачисининг ёзма мурожаатига кўра, қонун ҳужжатларига асосан давлат харидлари тартиби ва муддатлари тўғрисида махсус ахборот порталга маълумот жойлаштиради;
  • харид тартиб-таомили иштирокчилари ғолиблари билан имзоланадиган шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;
  • давлат буюртмачисининг ёзма мурожаатига асосан махсус ахборот портали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ўтказилиши режалаштирилган давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни молия манбалари мавжуд бўлган ҳолда жойлаштиради;
  • харид тартиб-таомили иштирокчиларига таклифларнинг амал қилиш муддатларини аниқ бир муддатга узайтириш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат этади;
  • танлов ва тендер комиссияси йиғилиш баёнларини расмийлаштиради;
  • харид тартиб-таомили якунлари бўйича ҳисоботларни шакллантиради;
  • харид тартиб-таомилида иштирок этишга таклифномалар юборилишини таъминлайди;
  • харид тартиб-таомилини ташкил этишда иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, Низомга мувофиқ, ихтисослашган ташкилот ўзи ташкилотчи бўлган харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиси сифатида қатнаша олмайди.

Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Мавзуга оид