Жамият | 16:50 / 04.09.2018
62434
7 дақиқада ўқилади

Оилавий зўравонлик: Ноҳақлик ва тўлиқ назорат

Фото: Flickr

Аёлга нисбатан айниқса турмуш ўртоғи томонидан зўравонликнинг қайд этилиши соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши йўлидаги жиддий муаммодир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Аёллар ўлимининг 38 фоизи уларнинг турмуш ўртоғи томонидан амалга оширилади ва зўравонликка дуч келган аёлларнинг 42 фоизигина муаммо ҳақида очиқ сўзлайди.

Оилавий зўравонлик - ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражаси ва демократизация форматидан қатъи назар, дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади. Аёллардан нафратланувчи эркакларни фақат қашшоқ ёки бадавлат, олий маълумотли ёки маълумоти йўқ, европалик ё осиёлик деб ажратиб бўлмайди. Бундайларнинг алоҳида бир миллати ё эътиқоди бўлмайди.

Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бизнинг мамлакатимизда маиший ёки "уй зўравонлиги"га кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Одамлар бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қурбони шармандлик ва турли гап-сўзлардан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади. Бундай вазиятда қолган аёлларнинг индамаслигига бир неча сабаб бўлади. Кимлардир молиявий ёрдамсиз қолишдан қўрқса, бошқалари фарзандлари ва ўз ҳаёти учун хавфсирайди. Зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳар томонлама қийин ҳолатда қолади. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочганда. Охир-оқибат бу доимий қўрқув, депрессия, ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.

Муаммо, унинг сабаблари  ва ҳал қилиш усуллари

Маиший зўравонлик нима? Маиший зўравонлик - бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Бу жисмоний ва ахлоқий устидан кулиш ҳолатларида ёки молиявий ҳолатини суистеъмол қилишда намоён бўлиши мумкин. Жисмоний зўравонлик жисмоний жароҳатларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавф туғдиради.

  • Аёлга қўл кўтарилади, калтакланади, жисмоний зўравонлик ишлатилади.

Ахлоқий зўравонлик - ўз "ўлжаси" устидан ҳукмронлик ўрнатишнинг самарали усули. Бу кўпинча ташқаридаги одамлар учун кўринмайди.

  • Аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади, барча тадбирларда кузатилади, баъзан шахсий буюмларигача йўқ қилинади.

Молиявий ҳолатини суистеъмол қилиш - бу зўравонга ўз "ўлжаси" устидан назорат ўрнатиш учун молиявий воситалардан фойдаланиш имконини берувчи маиший зўравонлик тури.

  • Мустақил даромад топишни тақиқлаш (ишлашга рухсат бермаслик), амалга оширилган харидлар ҳақида тўлиқ ҳисобот бериш, болаларни таъминлаш учун алимент тўламаслик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар учун пул бермаслик.

Маиший зўравонликка қарши қандай курашиш мумкин? Бунга қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ ва "шафқатсиз" қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.

Бутун дунёда бу каби жиноятлар профилактикаси бўйича катта тажриба, махсус қонунчилик меъёрлари ва бундай кишиларни реабилитация қилишга доир стандартлар  мавжуд. Ўзбекистонда ҳам бу нормалар ривожланмоқда. Президент қарорига (№3827) мувофиқ, Адлия вазирлиги Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда Оилавий зўравонлик тажрибаси тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Мамлакатимизда бундай  зўравонлик тушунчаси биринчи марта қонун доирасида белгиланади. Қонун ҳимоя механизмлари, тақиқловлар, чора-тадбирлар, процессуал кафолат кабиларни татбиқ қилишга йўналтирилади.

Республика реабилитация ва шахслар адаптацияси марказида зўравонликдан азият чеккан кишиларга ёрдам кўрсатилади. Профилактика ишлари билан эса Бош прокуратура, ИИВ, Таълим вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси шуғулланади.

Индамай юрманг! Зўравонликка қарши курашда ҳуқуқий механизмлар таъсири бўлса, яхши, албатта. Бироқ зўравонлик қурбонлари асосан "индамаслар" эканини ҳам унутмаслик керак. Шундай экан, уларни зўравонлик фактини тан олиш, зўравонликдан нормал ҳаётгача бўлган қадамларга ўргатиш керак. Бунда энг асосий звено одамлар ва атроф-муҳит бўлади. Халқ орасида кўп қўлланувчи "урадими, демак - севади" деган тушунчага умуман ўрин бўлмаслиги керак. Психологларнинг фикрича, бир марта қўл кўтардими, бу ҳолат яна такрорланиш эҳтимоли юқори. Зўравонликка имкон бериш керак эмас. Калтак ва ҳақоратлардан азият чекаётган аёл "Сабр қил!" эмас, "Биз сенга ёрдам берамиз!" деган гапни эшитгиси келади. Ҳатто баъзи сабабларга кўра ёрдамдан воз кечаётган аёл ҳам ёрдамга муҳтож бўлади. Яқинларингиз, таниш аёллар, дугоналарингиз ёки болаларда калтакланиш изларини кўрсангиз, индамай юрманг!

Болалар хавф остида. Болалар - маиший зўравонликда алоҳида мавзу. Улар зўравонликнинг тўғридан-тўғри қурбони бўлиши билан бирга, онага нисбатан қўлланаётган хатти-ҳаракатларнинг маълум қисмини ўзлаштириши хавфи ҳам бор. Бундай оилада боланинг реалликни қабул қилиши бузилади, зеро у учун ҳақорат ва калтаклар аста-секин нормал ҳолатга айланиб боради. Катта бўлгач унинг ўзи ҳам ана шундай зўравонлик хатти-ҳаракатларини қўллаши мумкин ёки шунчаки бундай "юк"ни кўтара олмайди ва бу кўпинча ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.

Шу ўринда KUN.UZ ўқувчиларида савол пайдо бўлиши мумкин: "Эркак қандай қилиб зўравонга айланади?" Бу ҳақида эса кейинги "Оилавий зўравонлик. Зўравонни қандай аниқлаш мумкин?" мақоласида маълумот берамиз.

Наталья Кучерявая

Мавзуга оид