Жаҳон | 22:40 / 04.09.2018
16713
2 дақиқада ўқилади

Сингапур телевидениесида Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатув намойиш этилди

Скриншот

Сингапурнинг Vasantham миллий телевизион каналида Ўзбекистон Республикаси 27 йиллиги шарафига мамлакатимиз тарихи, маданияти, анъаналари, миллий таомлари ва туризм ривожи ҳақидаги кўрсатув намойиш этилди. Silver Screen International Pte ҳамда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси томонидан тайёрланган съёмкалар 2018 йилнинг май ойида Rayil Sneham ("Дўстлик поезди") лойиҳаси доирасида ўтказилган. Унда Осиё қитъаси бўйлаб Сингапурдан Европага саёҳат ҳақида сўз юритилади.

Кўрсатув орқали Сингапур жамоатчилиги замонавий Ўзбекистоннинг ривожи, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, унинг "Буюк Ипак йўли" тизимидаги тутган ўрни ва "Бир камар, бир йўл" ташаббуси ҳамда Ўзбекистонда туризм ривожи ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Кўрсатувда Тошкент шаҳри тарихи, унинг 1966 йилдаги зилзиладан кейинги қурилиши, пойтахтнинг тарихий қисми, "Ҳазрати Имом" мажмуаси, "Чорсу" бозори, бой миллий ошхонаси, мева ва сабзавотлари эътироф этилган.

Самарқандга саёҳат давомида эса Марказий Осиё мамлакатлари орасида ягона тезюрар поезд ҳисобланган "Афросиёб" поездларига тўхталиб ўтилган. Шунингдек 2750 йиллик тарихга эга шаҳарнинг ўтмиши ва бугуни, қадимий обидалари, Амир Темур давридан бошлаб маданият ва савдо-сотиқнинг ривожланиши ҳақида сўз юритилган.

10 сентябрь куни Сингапур миллий телевидениесида Самарқанд ҳақидаги навбатдаги сюжет ҳамда Бухоро ҳақидаги кўрсатув намойиш этилиши кутилмоқда.

 

Мавзуга оид