Шароф Рашидов туманидаги «ўгай коттеж»лар аҳолисининг бир куни: кўздан йироқ, кўнгилдан йироқми?
KUN.UZ таҳририятига Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙда барпо этилган намунали уй-жойда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди. Олдинга ўтиб айтиш керакки, Kun.uz мухбири мазкур мурожаат юзасидан аҳоли пунктида бўлиб қайтди ва мурожаатда кўрсатиб ўтилган важлар ўз исботини топди. Боз устига, таҳририятимизга йўлланган мурожаат хати жуда пухта, равон ёзилгани учун уни деярли таҳрирламасдан эълон қилишга қарор қилдик.
«Албатта, об-ҳаво ноқулай келса, газ ва электр таъминоти таъмирлаш ишлари кетаётгани боис вақтинча узилса ёки музлатгичда гўшт қолмаса, бу — давлатнинг айби эмас.
Аммо Шароф Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙга қарашли 375та намунали уй-жойлар массивида янги орзу-ҳаваслар билан кўчиб борган аҳолини қийнаётган масалалар Юртбошимизнинг «Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган куйинчак талабига мутлақо мос эмаслиги билан юқоридаги айбловга сабаб бўлмоқда.
Гапни узоқдан бошлаймиз.
Президентимизнинг «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилингунига қадар 2015 йилда Шароф Рашидов тумани «Тоқчилик» мавзесида «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ Жиззах вилояти бўлими ва пудратчи ташкилотлари билан «ҳамкорликда» барпо этилган қоғозда битган амалда эса чала 3-хонали жами 325 та коттежларга аҳоли кўчиб кела бошлади (Изоҳ: 2016 йилда қурилиш бошланган ана шу типдаги 50 та коттеж ҳануз чала аҳволда турибди).
Аввало, ушбу коттежлар ноқулай даланинг ўртасида барпо этилган. Мазкур жойларнинг ўрни аввал балиқчилик хўжалиги бўлиб, кейинчалик хўжалик тугатилиб, ўрни фермер хўжаликларга бўлиб берилган. Теварак-атроф фермер хўжаликларига қарашли пахта ва ғалла далалари, тўқайзорлар, қамишзорлар шунингдек, янтоқзорлар билан ўралган, ер ости сувлари нисбатан яқин, тупроғи кучли шўрланган, зовур яроқсиз ҳолатга келган, бунинг устига қурилиш чиқиндилари тўлиғича коттежлар ҳовлисига тўкилиб, текисланган.
Бу ерда яшовчи аҳоли учун хар хил турдаги «ноёб» ҳашоратлар янгилик эмас, чунки уларнинг тури ҳам кўп сони ҳам. Томорқани томорқа қилиш ҳам катта маблағ, ишчи кучини талаб қилади. Бир қиш ва ёзни ўтказгандан сўнг аҳоли уйни «одам» қилиш учун ҳали кўп меҳнат ва пул сарфлаш кераклигини билиб олишди.
Келинг, яхшиси одамларнинг ўзидан уй-жойлар сифати билан боғлиқ фикрларни эшитсак. Шу ерда истиқомат қилувчи Шуҳрат Норалиев шундай дейди:
— Аввало қурилиш фирмасининг чала ишлари ҳақида гапирсам. Бизнинг уй-жойлар «Бизнес Жиззах» қурилиш фирмаси томонидан қурилган. Афсуски, кўп ишлар қўл учида, сифатсиз бажарилган. Ҳовлининг бетон тўшамаси қинғир-қийшиқ, деворга қумсувоқ шу қадар юпқа сурилганки, ғиштларнинг қандай терилганигача билиниб туради. Хуллас, бу гаплар янгилик эмас, фирма раҳбари Ш.Соатов билан айтишиб, тортишиб, яхши гапириб, ялиниб ҳеч нимага эришмадик. Кап-катта эркак киши кўзида ёш билан илтижо қилиб, уй-жойни қабул қилиб олганимиз ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдирди-ю, ғойиб бўлди. Бир кўрганимизда ишини прокуратура ўрганаётгани, яқинда суди бўлиш ҳақида дийдиё қилди. Шу-шу уни изламай қўйдик. Қолган ҳамма кам-кўстларни кучимиз етганча ўзимиз қилаяпмиз. Аммо тўловдан муаммо қилганимиз йўқ. (Муаммо қилишга қўйишмайдиям-да!) Коммунал тўловларни ҳам ипотека кредитни ҳам белгилаган вақтда ҳар ой тўлаб бораяпмиз...
Қишда иситиш тизимининг яроқсизлиги, вентиляциянинг ишламаслиги оқибатида уй-жойлар шифтини моғор босиб кетди. Ҳозир кўпчилик усталарни «алқаб» моғор изларини йўқотишга киришган. Хуллас, аввало «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ Жиззах вилояти бўлимининг маъсул ходимлари кейин эса қурилиш фирмасининг раҳбари Ш.Соатов ва ишчиларини маъсулиятсизлигидан ва виждонсизлигидан азият чеккан массив аҳолиси янги-янги муаммоларга дуч кела бошлашди.
Транспорт
Бу — ҳудуднинг энг оғир муаммоларидан бири. Деярли ҳамма шаҳарга қатнаб ишлайди. Болалар эса — мактабга. Оралиқ масофа 16 километр. Массив ва «Кўкбозор»ни боғловчи йўналишда «Жиззах Олимпик» МЧЖ га қарашли 25-рақамли автобус қатнови йўлга қўйилган. Аммо атиги 2 дона автобус қатнови эрталаб ишга, кечқурун уйга шошадиган одамларни мутлақо қониқтирмайди.
Мазкур автоуловдан фойдаланадиган одамнинг 40 дақиқа вақти манзилга етишга кетади. Кутиш вақти эса бир соатгача чўзилиши мумкин. Дам олиш кунлари ва бошқа кунлари бу иккита автобусни бирдан ғойиб бўлиши ҳеч кимга янгилик эмас, сабаб кўп: ё автобус бузилиб қолади, ё «заправкаси» тугайди ва ҳоказо .
Айниқса, мактаб ўқувчиларига қийин. Кузнинг ёмғирли, қишнинг совуқ кунларида соат 8:00 да ўқишда бўлиш учун шўрлик ўқувчилар тонг отмасдан йўлга чиқишга мажбур. Чунки ҳудудга энг яқин мактаб 5 километр узоқликда жойлашган. Таълим сифатидан қониқмаган ва мактабини ўзгартиришни истамаган ўқувчилар шаҳарга қатнашдан ўзга илож топа олишмаяпти.
Массивни «Эски шаҳар» бозори билан боғловчи яна бир йўналиш борки, у ҳақда алоҳида гапирмаса бўлмайди. 9-рақамли автобусни кўздан йироқ, кўнгилдан йироқ коттежларгача боради, деса кўпчилик «йўғ-е» деворади. Уловга минган йўловчи нақ 2 соату 40 дақиқада Жиззах шахрининг Учтепа, Эски шаҳар бозори, Саройлик, шаҳар маркази, «город», Кўкбозор ва Кимёгар маҳалласи бўйлаб экскурсия қилиб, вилоят адлия бошқармасига, сўнгги бекатга етиб келади.
«Заргарлик» маҳалласи бекатига етиб келиш учун нақ бир соат кетади. Икки марта мизғиб олишга ҳам улгурасиз. Узундан узоқ йўналишнинг кимга ва нега кераги бор экан-а?
25-рақамли автобус бўлмаганида 9-рақамли автобусга минадиган йўловчилар 800 сўм узатишга хижолат ҳам бўлиб қолишади. Энди тасаввур қилинг 2 соату 40 дақиқалик шаҳар бўйлаб экскурсияга 800 сўм пул тўлаб, ишга ёки ўқишга бориш учун соат нечада жўнаш керак?!
Умри йўлда ўтишини истамаган одамлар таксидан фойдаланиши мумкин, албатта. Аммо уйга қайтиш учун Хотира хиёбони ва Ёшлар шаҳарчаси чорраҳаларида турадиган киракашларнинг қош-қовоғига қарашга мажбурлар. Бу эса оилавий шаҳарга қатнаб ишловчилар учун яхшигина харажат бўлмоқда.
Ундан ташқари, коттежларни шаҳар билан боғлаб турувчи йўлларнинг абгор аҳволдалиги, ўнқир-чўнқирлиги, таъмирталаблиги, шу йўллар йўл бўлибдики бирон бир йўл белгиси у ёқда турсин, бирор жойи обод бўлмагани ўзи шусиз ҳам қийналаётган одамларни дардига дард қўшиб ётибди.
Транспорт муаммосини ҳал этиш учун яхши бир лойиҳа тузилган эди. Яъни массив ва Шароф Рашидов туманидан Жиззах шаҳрига кириб келишдаги рамзий дарвоза олдига олиб чиқадиган қисқа йўл ётқизиш. Афсуски, туман ҳокимлиги мутасаддилари кўздан пана бўлган, яйдоқ далада осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолган коттежларни ўз номи билан намунали массивга айлантириш ҳақида ортиқ бош қотиришни исташмайдиган кўринишади: «Бир эмас, иккита йўналишда автобус қатнаса, бу одамлар қачон рози бўлган ўзи?..»
Мактаб, боғча, болалар майдончаси...
Намунали уйда яшаш учун ҳар ой тўлов тўлаб бориш керак, бунинг учун ота-она тинимсиз ишлаши керак. Эҳтимол, уйга чарчаб қайтадиган катталарга билинмас, аммо болаларга массивнинг керамзит ғиштлардан тикланган, бир хил қиёфаси зерикарли туюлиши аниқ.
Президент қарорларига кўра, ҳар бир намунали уйлар массивида қишлоқ аҳолисининг ҳаёти даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича аҳоли эҳтиёжи, хонадонлар сонига қараб, савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчалари, касалхоналар, боғча, мактаблар, кутубхона, болалар майдончаси, футбол майдонлари ва бошқа шароитлар бўлиши шарт. Афсуски, биз ҳикоя қилаётган ҳудудда ишбилармон кишилар томонидан уйда очилган 1 та савдо дўкони бор, холос.
Болаларнинг узоққа қатнаб ўқишидан безор бўлган ота-оналар бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилдилар. Жумладан, фуқаро З.Норбековнинг ҳудудда мактаб қуриш борасидаги мурожаатига вилоят халқ таълими бошқармасидан қуйидагича жавоб келган: «Сизнинг мактаб буйича қилган мурожаатингиз кўриб чиқилмоқда ва келгусида яъни 2019 йили давлат дастурига киритишга тавсия қилинади».
Тасаввур қилинг жами битган битмаган коттежлар сони 375 та шундан тахминан 340 тасида аҳоли истиқомат қилади. Аксарият оилалар ёш оилалар эканлигини ҳисобга олсак, 400 дан зиёд мактаб ўқувчиси вилоят халқ таълимининг «ташаббуси» билан 2019 йилда ҳали қурилиши номаълум бўлган мактабни кутиб, йўлларда сарсон бўлиб ўтиб кетади шекилли.
Боғча масаласида эса, албатта, давлат ва хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилиши қўллаб-қувватланаётгани, бу борада аҳолининг ўзидан шахсий ташаббус кўрсатиш лозимлигини эътиборга оламиз.
Аммо тасаввур қилинг, дарвозадан тортиб, ошхона-ю ҳожатхонагача бир хил ўлчам, қурилиш ва ҳаттоки рангда бўлган коттеж-уйда яшовчи бола яна худди шундай коттеж-боғчага боргиси келадими? Менимча, ясли ёшидаги болаларгина бундай шароитга кўниши мумкин, аммо болани МТМга беришдан мақсад уни шахс сифатида ривожлантириш, онгу тафаккурини ўстириш, ақли ва руҳиятини ривожлантириш эмасми?
Биргина тажрибали (агар бўлса) тарбиячи билан бунга эришиш мушкул. Шу маънода ҳудудда давлат МТМ қуриш мақсадга мувофиқ бўларди. Гарчи коттежлар ҳудудига кириб келишда болалар майдончаси учун жой ажратиб қолдирилган бўлса-да, бу майдонни ҳозир ўт ва чиқинди босиб ётибди.
Болаларнинг ёлғиз эрмаги коттеж кўчалари бўйлаб ким ўзарга велосипед ҳайдаш ва тошдан дарвоза ўрнини белгилаб, автомобиль йўлида футбол ўйнаш. Баъзан массивда автоулов ҳаракати кўп эмаслигидан енгил ҳам тортасан...
Коттежлар битганидан бери шу ерда истиқомат қиладиган ҳеч қаерда ишламайдиган уюшмаган ёшлар шу коттежларда бирор марта Шароф Рашидов туман ёшлар иттифоқи раҳбарини ҳам аъзоларини ҳам, ҳокимлик вакили, қолаверса, азим Тошкентдан келадиган «каттакон»ларни кўришмаган бўлишса керак. Фақат, барака топишсин, МИБ ходимлари ора орада қадам ранжида қилиб туришади... Қолганлар эса жим-жит.
Тўғри-да, харитада бўлмаганидан кейин бу жойни қандай топишсин?!
Чиқинди
2017 йилнинг октябрь ойида ва ниҳоят ҳудудга маданий ҳаётнинг бир бўлаги — чиқиндиларни йиғиш хизмати кириб келди. «Тоза ҳудуд» ДУК Шароф Рашидов туман бўлими билан шартнома тузган ҳолда ҳафтада икки марта чиқинди олиб кетишга келишилди. Аммо аҳоли махсус автомашина келишини хавотир билан кутадиган бўлиб қолишди. Агар келса, чиқиндидан қутулган қўни-қўнилар бир-бирларига «хайрият» деб қўйишади, агар келмаса нима дейишларини ўзингиз яхши биласиз.
Айниқса, кунлар исиб, ҳовлида чиқинди сақлаш билан муаммолар туғилаётган шу кунларда аҳоли чиқиндининг ҳар ҳафтада икки эмас, икки ҳафтада бир марта олиб кетилишидан яхшигина норози бўлишмоқда.
— Шу йилнинг январь ойида бир марта ҳам чиқинди йиғиш хизматидагилар келмади, — дейди Муқаддас. — Ой бошида тўлов пулини йиғгани келишади-да, кейин хоҳлаган пайтлари кириб келаверади. Уйида йўқ одамларнинг чиқиндиси қолиб кетаверади. Шикоят қилсак, «Бизга ҳам ойлигимизни вақтида беришмаяпти, машина таъмирлаш учун пул беришмаяпти», дейди.
Президент портали, халқ қабулхоналари, «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго» каби ташкилотларга, «ишонч телефон»ларига қайта-қайта мурожаатлардан сўнг, шунингдек, ўша пайти вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи ва ҳозирги ҳоким Э.Салиевга қилган мурожаатлар асосий жон сақлаш манбаларининг таъминотини яхшилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки вилоят ҳокими қишнинг аёзли тунида ҳам ушбу муаммони имкон қадар бартараф этишга ўз ёрдамини аямади. Хуллас, февраль ойида ҳар хил муаммолар, айниқса паст газ босимидан заъда бўлган бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентининг порталига шикоят билан мурожаат қилдилар.
Мурожаат туман ҳокими ўринбосарлари иштирокида ўрганиб чиқилди. Шикоятдаги ҳар бир эътирозга жавобан «ҳозиржавоб» ҳоким ўринбосари Шокир Ҳошимов ўзи эринмай, кўрилажак чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш берди.
Ҳудудда инфратузилмани яхшилаш бўйича нималар қилинажагини баён этди. Электр, газ босими йўл, сизот сувларини пасайтириш учун дренажлар, мактаб, боғча, касалхона ва бошқа бошқа қоп-қоп ваъдаларни бериб, қўйни ёнғоқ пўчоққа тўлган фуқароларни ўзи тузган далолатномага қўл қўйдириб, шу билан мурожаатни ёпиб, фуқароларни уйига худди қаҳрамонлардай кузатди.
Орадан ўтган 5 ой давомида хоким ўринбосарининг айтганларидан фақат биттаси — кўчаларни туташтирувчи бетон тўшамалари қилинди, холос. Қолгани эса «эски тос — эски ҳаммом»лигича қолди кетди.
Бу масалани-ку туман хокими ўринбосари Ш.Ҳошимов «қиш»гача юмалоқ ёстиқ қилар, жуда бўлмаса кейинга қолдирар, лекин вилоятнинг қолган ташкилотлари масалан «Ўзтрансгаз»нинг Жиззах вилояти бўлими, вилоят газ таъминоти бошлиғию ўринбосарлари бу йил қишда коттежларда газдан умуман муаммо бўлмаслиги янги газ қувури тортиб келишга, газ тақсимлагичларни соз ҳолатга келтиришга аҳолига тинимсиз ваъдалар беришган.
«Мана лекин ёз ҳам ўтаяпти лекин улар халигача жим. Ё куз тушганда қимирлаб қолишадимикан? Шароф Рашидов туман газдагиларга нима улар бунга ўрганиб қолишган.... «Ўзбекэнерго»нинг Шароф Рашидов тумани мутассадилари сал қаттиқ шабадага электр токини узмасдан бир эски симларини алмаштириб эски трансформаторларни янги қилиб «краскалаб» қишга тайёрлашса нур устига аъло нур бўлар эди ё булар ҳам қаттиқ шамол ё қишни кутишаяптимикан...
Назаримда, биз ҳикоя қилган коттежлар массиви туман ҳокимлиги харитасидан тушиб қолган. Акс ҳолда, фуқароларнинг шикояти, эътирозига сабаб бўлаётган «ўгай коттеж» муаммоларини ечишга ҳаракат ҳам қилмай қўйишармиди? Муаммолар раҳбар кабинетидан чиқмай туриб ўрганилгандан кейин шудир-да.
Шунинг учун шу кунларда коттеж аҳолиси вилоят хокимига мурожаат билан чиқишмоқчи..
Вилоят ҳокими Э.Салиев шу ташкилотлар раҳбарларига ва туман ҳокимлигига шу санаб ўтилган масалаларга жиддий ёндашиб, уларни бартараф этиш зарурлигини уқтиришига ва қатъий назорат қилишига биз ишонамиз!
Янги ўқув йили бошланди, куз-қиш мавсуми келди. Яна соатлаб автобус кутишлар, совуқда бир хонага тиқилиб жон сақлашлар, шабада эсса ҳам узиб қўйиладиган электр муаммоси, қўланса ҳид чиқариб, ҳафталаб йиғилиб турувчи чиқиндилар.... Наҳот яна шундай давом этса?!
Яхшилаб қаранг-чи, туман харитасида ҳали ҳам 2016 йилда қурилган, «Раваллиқ» маҳалласига қарашли 375 талик янги аҳоли манзилгоҳи борми? Айни мақола ёзилаётган пайтида бу «ўгай коттежлар»да ҳозирги кунда «автобус бекати» ни ўтаётган катта дарахтлари бор соя жой ҳам бир кечада дарахтлари кесиб олиниб, қаёққадир олиб кетилди.
Ўзи шундоқ ҳам ёзнинг жазирама кунида иссиқдан қийналаётган аҳоли учун яна бир «шароит» яратиб берилди. Дарахтларни нега кесилганлиги номаълум. Биров дарахтлар сабабли пахтага «қурт» тушди деса, биров фермер дарахтларни ўтин қилиб сотди, деган фикрни илгари суради. Хуллас мана шунақа гаплар...
Ўзингиз бу ҳудудга ташриф буюрсангиз, қоғозбозликни бошламасдан аҳолини қийнаётган муаамоларга амалий ёрдам беришни бошласангиз, менимча нур устига аъло нур бўлар эди, деб ўйлаймиз», деб тугатилган мурожаатнома.
Kun.uz таҳририяти таҳририятимизга қилинган мурожаатда кўрсатиб ўтилган манзилда бўлиб, аҳоли билан учрашди ва уларни қийнаётган муаммоларни тасвирга тушириб қайтди. Қуйида Kun.uz ижодий жамоаси томонидан Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани «Раваллиқ» МФЙдан тайёрланган лавҳани томоша қилишингиз мумкин.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
12:40 / 19.12.2024
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
12:23 / 19.12.2024
Манба: Жиззах вилояти ҳокими ишдан олинган
12:31 / 10.11.2024