Жамият | 19:59 / 21.09.2018
30830
2 дақиқада ўқилади

Қул бўлишга тайёр дунёга қулмиз

Дунё менга орқасини ўгирди дема, ўзинг унга тескари ўгирилиб олгансан. Дунё имтиҳонхонадир. Дунё учун унга кимнинг кириш ё кирмаслигида фарқ йўқ.  Бу хонага кириб, нимагадир эга бўлиб чиқиш ҳам, ҳеч нарсасиз чиқиб кетиш ҳам ўзимизга боғлиқ. 

YouTube’да кўриш

Аудио версиясини тинглаш

Дунё Оллоҳнинг амрига биноан бор бўлиб, У Зотнинг хоҳиши билан йўққа айланади. Дунё Оллоҳ таоло яратган нарсалар ичида энг буюги – инсонга қарамдир. Шундай катта дунё заррадек инсонга имтиҳон учун берилган. Дунё инсоннинг назорати остида бўлишга буюрилган. Лекин биз – энг ақлли, айни пайтда ҳайвондан-да беақл бандалар дунёни бошқаришдан бош тортмоқдамиз. Бизларга қул бўлишга рози дунёга қул бўлишга тайёрмиз. Шу жонсиз дунё Оллоҳдан қўрққани учун инсонга қул бўлишдан четланмаяпти. Биз паст дунёдан ҳам паст кимсалар эса Оллоҳга итоат этмай дунёни ўзимизга бошлиқ қилишга ундамоқдамиз. 

Дунё бизнинг ҳар бир амримизга кўз тикиб туришга мажбурдир. У чегарадан чиқа олмайди. Бизлар дунёга шунчалар ўрганиб, дунё бизга эмас, биз дунёга шунчалар қарам бўлиб қолганмизки, бизга жовдираб кўз тикиб турган дунёга, тескари қарадинг, деб туҳмат қилмоқдамиз. Дунё ўз ўрнида турибди, аслида бизлар ўрнимизни йўқотганмиз.

Заҳириддин Мансур

Мавзуга оид