Бешариқда пахта пунктлари ҳосилни қабул қилмаяпти, фермерлар сарсон бўлмоқда
Бу йил водий вилоятларида пахта ҳосили бироз кеч етилди. Кўпни кўрган деҳқонлар ҳам пахта ҳосили 15-20 кунга кечикканини айтишмоқда. Бунинг устига кузнинг совуқ кунлари ҳам ҳар йилгидан эртароқ бошланадиган кўринади...
Фермерлар ҳосилни эртароқ йиғиштириб олиш ҳаракатига тушишган. Ҳар бир ёмғир ёғиши эса тайёрлов идораларига топшириладиган пахтанинг навини пасайтириб юборади. Жуда кўп туманларда 10-15 сентябрь кунлари пахта теримига киришилган.
Бу йилги терим суръати бошқача. Пахтанинг ҳар бир терилган килограмми учун 750 сўмдан тўланаётгани катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Моддий манфаатдорликни ошиши кўплаб кишиларни пахта даласига етаклаб чиққан.
Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги фермер хўжаликларида ҳам терим авжида. Бироқ, улар томонидан терилган ҳосилни пахта тайёрлов масканлари қабул қилишда сунъий равишда сусткашлик қилишяпти. Фермерлар бундай тушунарсиз ҳолатдан ҳайрон. Фермер хўжалиги томонидан терилган пахта ортилган аравали тракторлар халқ тилида «пункт» дея аталувчи маскан олдида ҳосилни топшира олмай суткалаб қолиб кетаётгани таажжубли. Кундузги соат 16 ларга бориб, «пункт» эшиги беркитилмоқда.
Хўш, бу ҳолатдан ким зарар кўради? Албатта, фермер ва теримчилар. Теримчининг терган пахтаси фермер хўжалиги тракторида «пункт»га келиб тарозидан ўтгач, пахта завод пул ўтказиш операциясини бажаради ва теримчиларга ҳақ тўланади. Далада терилаётган пахта пешма-пеш трактор аравасига юкланиб, «пункт»га олиб келинмаса, далада теримчилар терган пахтани ерга тўкишлари керак бўлади. Ҳосил ерга тўкилиб сифати пасаяди, сўнг уни трактор келгач, яна юклашга тўғри келади. Қисқаси, бир қатор муаммолар...
«KUN.UZ» нашрига мурожаат келиб тушгач, вазиятни ўрганиш учун Бешариқ тумани, Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган «Бешариқ пахта заводи»га бордик. Дарҳақиқат, завод қошидаги «пункт» олдидаги кўча пахта юкланган аравали тракторларга тўлиб кетибди.
«Мен «Беҳрузбек замини» фермер хўжалиги пахтасини олиб келдим. Икки кундан бери навбатда турибмиз. Нега қабул қилишмаяпти, ҳайронмиз», дейди тракторчилардан бири. «Нишонбой ота» хўжалиги ишчиси Ортиқали ака Кабиров ҳам уч кундан бери пахтани топшира олмай ҳалак. Унинг айтишича, «пункт»га маълум тонна пахта қабул қилиш ҳақида «юқори»дан буйруқ бўлибди.
Пахта заводи ва унинг қошидаги тайёрлов масканига кириб, мутасаддилардан ҳеч кимни топа олмадик. Ҳисобчи аёлнинг билдиришича, тайёрлов маскани («пункт») раҳбари Рустамжон Эшматов мажлисга кетган экан.
Ўзини оператор Мухторали Йўлдошев даб таништирган ходим шундай деди: «Биз графикда қанча тонна кўрсатилган бўлса шунга қараб пахта қабул қиляпмиз».
Қарангки, айни пахта йиғимида биринчи терим кетаётган пайтда «пункт» юқоридан берилган графикка асосан сутканинг маълум пайтида, чекланган график асосида пахта қабул қиляпти экан холос. Буёқда фермерлар далада терилган пахтани тортиб ололмай муаммога учрашяпти.
Муаммо нимага боғлиқ эканини сўраб-суриштириб била олмадик. Сабаби, пахта тозалаш заводида мутасаддилар йўқ эди.
Туманнинг бошқа тайёрлов масканларида ҳам худди шу аҳвол экан. «Ўтган йили ҳоким пахта терим сурати тушиб кетгани учун гап эшитган. Шунинг учун пахта қабул қилишга маълум чеклов қўймоқда», деб изоҳлашди бу ҳолатни фермерлар.
Пахта етиштириш жуда машаққатли иш, энди бешариқлик деҳқонларга уни топшириш ҳам қийинчилик туғдиряпти. Наҳотки, кимдир гап эшитмаслиги учун пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил ташлаб қўйилса?
Тумандаги 320дан зиёд фермер хўжаликларига хизмат кўрсатадиган «Бешариқ», «Яккатут», «Рапқон» пахта қабул қилувчи тайёрлов масканларида ҳам шу аҳвол.
Эрта-индин ёмғирли кунлар бошланса, яна фермерга зиён бўлади. Пахтанинг нави пасаяди. Далаларда теримчилар қаерга пахтасини тўкишни билмай, прицеп кутиб ўтирибди. Пахта заводи ходимлари эса «Кунлик график бор, бугунга етади», деб дарвозаларни беркитиб қўяётгани жуда ажабланарли. Қизиғи, бунинг сабабини фермерларга тушунтирадиган одамнинг ўзи йўқ.
Бошқа вилоятлардаги ҳолат билан танишиш учун Андижон вилояти, «Андижонпахта» жамиятига қарашли пахта тайёрлов масканига борганимизда, бутунлай бошқа ҳолатни кузатдик. Бу ерда тунги соат иккиларда ҳам ҳосилни қабул қилиш ишлари давом этаётган эди.
Бешариқда эса фермерларнинг фиғони фалакни тутган. Мазкур муаммо бўйича вилоят ва туман мутасаддиларидан жавоб кутиб қоламиз. Ахир, кузнинг ҳар дақиқаси ғанимат...
Элмурод Эрматов, Фарғона
KUN.UZ журналисти
Мавзуга оид
09:33 / 26.11.2024
Пахта маҳсулотини сотишда манипуляцияга йўл қўйган корхонага чора кўрилди
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024