Ўзбекистон | 12:50 / 12.10.2018
28092
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари билан учрашди

12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирликлари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Озарбойжон мудофаа вазири З.Гасанов, Арманистон - Д.Тоноян, Беларусь - А.Равков, Қозоғистон - Н. Ермекбаев, Россия - Ш.Шойгу, Тожикистон - Ш.Мирзо, Қирғизистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Р.Дуйшенбиев ва МДҲ Мудофаа вазирлар кенгаши котиби Ю.Дашкин иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг қайд этишича, МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилишининг Тошкентда илк маротаба ўтказилиши мамлакатнинг Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштироки янги босқичда эканидан далолат беради.

Ўтган йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёт, энергетика, илм-фан ва инновация, жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларда 10дан ортиқ ҳамкорлик органларига қўшилди.

Учрашув давомида МДҲ доирасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, идоралараро ҳамкорлик, икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар, шунингдек ҳарбий кадрларни профессионал тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари, шу жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.

МДҲ мамлакатлари Мудофаа вазирликлари раҳбарлари самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси президентига чуқур миннатдорлик изҳор этиб, ўз давлатлари раҳбарлари номидан энг яхши тилакларни етказишди. Мамлакатда Қуролли кучларни модернизация қилиш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича республиканинг ташаббуслари юқори баҳоланди.

Ўзаро манфаатли масалалар бўйича Мудофаа вазирликлари ўртасида конструктив ва яқин ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

Мавзуга оид