Ўзбекистоннинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда космик технологияларни жорий этиш орқали 100 мингдан ортиқ қонунбузилиш эҳтимоли юқори ҳолатлар қайд этилган. Шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратлар ва уларнинг таҳлилига бўлган эҳтиёж ўсиб бормоқда. Сенат маъқуллаган «Космик фаолият тўғрисида»ги қонун билан ҳукумат, «Ўзбеккосмос» ва Мудофаа вазирлиги соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
19 декабр куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Космик фаолият тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Сенаторларга кўра, 2023 йилда иқтисодиёт соҳаларига космик технологияларни жорий этиш орқали 47 мингга яқин қонунбузилишларни аниқлашга кўмаклашилган бўлса, жорий йил декабр ҳолатига 100 мингдан ортиқ қонунбузилиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолатлар қайд этилган.
Шу билан бир қаторда мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратларга ва унинг таҳлил натижаларига бўлган эҳтиёж йилдан йилга ўсиб бормоқда.
Бироқ бугунги кунда космик фаолият соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи, космик фаолиятни амалга оширишда ягона давлат сиёсатини ҳамда унинг принциплари ва мақсадларини белгилаб берувчи, шунингдек, соҳага алоқадор давлат органлари ваколатларини аниқ тартибга солувчи қонун мавжуд эмас.
Янги қонун билан космик фаолиятга оид асосий тушунчалар ва принциплар, фаолиятни амалга оширишнинг мақсадлари, космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилган. Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Қонунда космик фаолият ва унинг объектлари ҳамда субъектлари, ерусти космик инфратузилмаси объектлари, ерни масофадан зондлаш, космик аппарат, космик мониторинг, космик объект, космик технологиялар, космик хизматлар каби асосий тушунчалар мазмуни очиб берилмоқда. Ҳужжатда космик фаолиятнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:
- мамлакатнинг илмий-техник салоҳиятидан ва космик фаолият имкониятларидан самарали фойдаланиш;
- космик технологиялардан фойдаланган ҳолда соҳаларнинг рақамлаштириш даражасини ҳамда шаффофлигини ошириш;
- космик фаолиятни амалга оширишда экологик, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга доир ва бошқа талабларга риоя этилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунда космик соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, космик тизимларнинг турлари, яъни ерни масофадан зондлаш, давлат космик мониторинги, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигация тизими, космик ракета комплексларидан (космодромлардан) фойдаланиш, космик объектларни тамғалаш, ижарага бериш, космик объектларни ва техника воситаларини утилизация қилиш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.
Қонунда илм-фан, ижтимоий-иқтисодий, экология, мудофаа, хавфсизлик ва бошқа соҳаларга оид мақсадларга эришиш учун космик технологиялар воситасида космик фазони ва Ерни тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, космик фаолиятнинг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва аҳоли соғлиғига таъсирини назорат қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган. Қонунда космик фаолият соҳасидаги стратегик йўналишлар ҳамда давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолларини космик суратларга ишлов бериш орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири экани назарда тутилган.
Ҳужжат қабул қилиниши натижасида космик фаолият соҳаси тартибга солиниб, масъул органлар, уларнинг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгиланиши, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мудофаа ва хавфсизликни таъминлашда космик фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолати яратилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
21:12 / 12.12.2024
МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини яратади
07:51 / 12.12.2024
АҚШда конгрессменлар 2025 йил учун мудофаа бюджетини тасдиқлади
15:22 / 05.12.2024
РФ мудофаа вазири ўринбосари урушда бедарак йўқолган россияликлар сонини очиқлади
15:53 / 28.11.2024