Жаҳон | 15:53 / 28.11.2024
1166
2 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Европарламентда Еврокомиссиянинг янги таркиби тасдиқланишидан олдин сўзга чиққан ЕК раҳбари мудофаа саноати ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Урсула фон дер Ляйен Фото: Mathieu Cugnot/European Union 2024/EP

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи давлатларини Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий агрессиясини ҳисобга олиб, мудофаа харажатларини оширишга чақирди. Россия ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизини ҳарбий эҳтиёжлар учун, ЕИ эса бор-йўғи 1,9 фоизини сарфлайди, деди у 27 ноябр, чоршанба куни Страсбургдаги Европарламент олдида ЕИ раҳбари сифатида келгуси беш йилда ўзининг устувор вазифалари юзасидан сўзлаган нутқида.

«Ушбу «тенглама»да номувофиқликлар бор, бизнинг мудофаа харажатларимиз ошиши керак», деди у. Фон дер Ляйен фикрича, бунинг учун мудофаа саноатини кучайтириш ва Европа хавфсизлиги бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш керак.

ЕИ мудофаа стратегияси 100 кун ичида тақдим этилади

Шу сабабли у Литва собиқ бош вазири Андрюс Кубилюсни Европа Иттифоқининг мудофаа бўйича биринчи комиссари, Эстония собиқ бош вазири Кая Калласни эса Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили этиб тайинлади, дея қўшимча қилди ЕК раҳбари. Кубилюс ва Каллас ўз лавозимларида дастлабки 100 кун ичида мудофаа соҳасидаги стратегик ҳужжатни тақдим этиш ниятида.

ЕИ раҳбарининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи вақтни беҳуда сарфлашга ҳаққи йўқ ва унинг мудофаа масалалари бўйича чоралари таҳдидлар қанчалик жиддий бўлса, шунчалик амбицияли бўлиши керак. «Сизни ишонтириб айтаманки, Европа хавфсизлиги доимо ушбу комиссиянинг устувор йўналиши бўлиб қолади», деди фон дер Ляйен.

Урсула фон дер Ляйеннинг нутқидан сўнг Европарламент Еврокомиссиянинг янги таркибини қўллаб-қувватлади, янги Европа комиссарлари ўз вазифаларини 1 декабрдан бошлайдилар.

Аввалроқ Еврокомиссия Европа Иттифоқининг кейинги 10 йил ичида хавфсизликка қўшимча эҳтиёжларини 500 миллиард еврога баҳолаган эди. Бироқ, бу ташаббус қандай молиялаштирилиши мумкинлиги ҳозирча аниқ эмас.

Мавзуга оид