Ўзбекистонда “КАМАЗ” билан қўшма корхона ташкил этилди
Ўзбекистонда Россиянинг машҳур юк машиналарини ишлаб чиқарувчи “КАМАЗ” компанияси билан қўшма корхона ташкил этилди. 2018 йил 16 октябрь куни “Ўзавтосаноат” бош идорасида “КАМАЗ” ОАЖ бош директори С.А.Когогин раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда тадбирда иштирок этган Kun.Uz мухбири.
“Ўзавтосаноат” АЖ ва “КАМАЗ” ОАЖ раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда “КАМАЗ” юк автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, дилерлик ва сервис тармоқларини кенгайтириш, “Ўзавтосаноат” корхоналарининг тайёр ва бутловчи маҳсулотларини “КАМАЗ” ОАЖ корхоналарига етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзавтосаноат” корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳиятини инобатга олган ҳолда, томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларни “КАМАЗ” ОАЖнинг асосий йиғув конвейерига етказиб бериш масаласи ишлаб чиқилади.
Учрашув давомида, шунингдек, “UzAutoTrailer” МЧЖ ва “КАМАЗ” ОАЖ ҳамкорлигида “KAMAZ ASIA CENTER” қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур қўшма корхона, асосан, “КАМАЗ” юк машиналарининг Ўзбекистондаги дилерлик ва сервис марказларини ривожлантириш ва назорат қилиш, юк машиналарига кафолат ва сервис хизматларини сифатли кўрсатишни таъминлаш, бундан ташқари, “UzAutoTrailer”да ҳамда “Ўзавтосаноат” корхоналарида ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларни “КАМАЗ” ОАЖ корхоналарига экспорт қилишни ривожлантириш билан шуғулланади.
Тантанали имзолаш маросимидан сўнг, қўшма корхонада ишлаб чиқилган табиий газ – метанда ишлайдиган илк юк машинаси – “КАМАЗ” 65117 тақдимоти бўлиб ўтди. Металл автофургонли юк машинаси “КАМАЗ” 65117 шассисида барпо этилган бўлиб, унга 300 от кучига эга RGK мотори ўрнатилган. Унга маҳаллий СПГ-1 газ баллонларидан 11та ўрнатилган бўлиб, 170 м3 табиий газ сиғади. Бу билан автомобиль 400 км масофани ортда қолдира олади.
Таъкидланишича, “UzAutoTrailer” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилувчи юк машиналарга эса, 240-420 от кучига эга турли модификациядаги двигателларни ўрнатиш режалаштирилган. Уларга 18 ой ёки 150 минг км кафолат муддати берилади. Шу билан бирга, RGK таснифидаги моторлар ECO GAS (метан) ёқилғисида ишлашга мўлжалланган бўлиб, унинг ишлаш кўрсаткичларини масофадан созлаш имконияти мавжуд.
Euro-5 стандартига мос келувчи двигатель ёқилғини 15 фоизгача тежаш, -28 даражагача совуқ ҳароратда ҳам қиздирмасдан ишга тушириш имконини беради.
Янги қўшма корхонада дастлабки йилларда 500тагача метанда ҳаракатланадиган юк машиналарини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
18:00 / 05.12.2024
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ҳисобига BYD'ларнинг таннархини пасайтириш режалаштирилмоқда
19:34 / 25.11.2024
Шавкат Мирзиёевга автомобил саноатидаги режалар ҳақида ахборот берилди
15:26 / 10.07.2024
“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик
11:41 / 26.06.2024