Фан-техника | 22:06 / 22.10.2018
15617
7 дақиқада ўқилади

​Ўзбекистонда сунъий онг: бу реалликми ёки хомхаёл?

Тошкентдаги Турин политехника университети 2-курс магистранти Фирдавс Нематзода Ўзбекистонда сунъий онг соҳасининг истиқболи порлоқ бўлишига ишонади.  Айни вақтда у Италиядаги Турин политехника университетида таълимни давом эттирмоқда. Нематзода робототехника соҳаси бўйича илмий изланишларни амалга оширган ва бунинг натижасида қатор ютуқларга эришишга улгурди. Жумладан,  ўтган йили Япония робототехниклари учун малака ошириш гранти соҳиби, “Йилнинг энг яхши талабаси” совриндори бўлди. Фирдавснинг муҳим ихтироларидан бири ногиронлиги бўлган инсонлар учун сунъий қўл протезини кашф этиш ҳисобланади.

Сунъий қўл протезини яратиш ғояси қандай пайдо бўлган? Жараён давомида қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?

Кўп йиллардан бери робототехника соҳасига қизиқаман. Турли техник қурилмаларни ясаб, уларни дастурлашга кўп вақт ажратардим. Роботик протезларни фақат интернетда кўргандим, лекин реал ҳаётда кўзим тушмаган.  Қизиқиб кўрганимда, роботик протезнинг ўртача нархи 15,000 АҚШ долларини ташкил этаркан. Тасаввур қилинг: ўртаҳол яшовчи, қўлидан айрилган ногиронлиги бўлган одам ҳеч қачон бунча катта харажат қилиб протез сотиб ололмайди. Шунинг учун уни маҳаллийлаштириш ва ҳамёнбоп қилиб яратишни ўйлаб қолдим.

Олийгоҳни битираётганимда диплом иши мавзум айнан шу йўналишда бўлган. Интернет форумларида ҳафталаб вақт сарфлаб турли хил маълумотлар йиғиб,  охири ўзим бир прототипни ишлаб чиқишга эришдим. Асосий мақсад имконияти чекланган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш, ахир улар ҳам оддий одамлардек ҳаракатланишга, фарзандларини бағрига босишга ҳақли.

Жараён борасида гапирадиган бўлсам, 2017 йил март ойида чизмаларни тайёрладик. Сўнг 3D принтердан фойдаланган ҳолда сунъий қўл деталларини ишлаб чиқаришни бошладик. Қисмлар тайёрланишига 3 ҳафта вақт кетди. Энг машаққатли палла олдинда эди. Қийинчилик тарафи - бу механизмга мослаб бармоқларни ҳаракатлантирувчи мотор танлаш эди, чунки кучлироқ мотор қўйсак, прототипни синдириб юбориш эҳтимоли юқори,  оддийроғи эса ҳаракатни тўлиқ бажара олмасди. Протезга тўғри келадиган моторлар жуда қиммат.  Бир донаси 110 АҚШ долларини ташкил этарди. Манга эса 5та керак бўлди. Амаллаб  арзонроғини топиб, ўрнатдик. Охирги босқич қўлни ҳаракатлантириш, электроника ва дастурлаш қолганди. Бу борада билимим етарли бўлгани учун унчалик қийналмадим. Май ойининг бошида биринчи протезим тайёр бўлди.

Қурилманинг ишлаш принципи нималардан иборат?

Сунъий қўл электромагнетик сенсорлар орқали ҳаракатга келтирилади.  Махсус электромиографик сенсор ногиронлиги бўлган одамнинг ампутация бўлган қўл қисмига ўрнатилиб, мускуллардаги нейрон сигналларни олиб контроллерга юборади. Контроллер эса уни рақамли сигналга айлантириб, қўлни ҳаракатга келтиради. Туғма ногирон одамларда бу ишламайди, чунки уларда айнан ушбу мускуллар ривожланмаган. Бахтсиз ҳодиса туфайли қўлини йўқотган беморларга ўрнатилган протез ҳақиқий қўл каби мия орқали бошқарилади.

Ушбу инновацион янгилик ҳаётга татбиқ қилиндими? Амалиётда ундан кенг фойдаланиш қанчалик наф беради?

Ушбу протез учун патент олиш жараёни бошланди. Бу муддат ўртача 3-6 ойни ўз ичига олади.  Дунёда ногиронлиги бўлган одамлар сони жуда кўп. Протез ишлаб чиқарувчи компанияларда нархлар жуда юқори.  Айтиб ўтганимдек, маҳаллий протезимиз 1200 АҚШ доллари атрофида бўлиши кўзланяпти. Агар профессионал тиббиёт ходимлари билан келишиб ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, ўйлайманки,  бу инновацион лойиҳа билдирилган ишончни оқлай олади. Шунингдек, уни турли соҳаларга, жумладан, инсон ҳаёти учун хавфли  кимёвий завод ва шахталарда ҳам фойдаланса бўлади.

Айни вақтда яна қандай изланишлар билан бандсиз?

Ҳозирги пайтда 3та лойиҳа бўйича иш олиб боряпман. Биринчиси, бу протезни янада такомиллаштириб, камчиликлари устида ишлаш. Иккинчи лойиҳам протез оёқлар яратиш бўлади.  Шунингдек, сунъий интеллектга эга  одамсимон гуманоид робот ясаш режаси ҳам бор.

Ўзбекистон шароитида оригинал техник ишланмаларни реал ҳаётга олиб кириш учун қандай амалий ҳаракатлар зарур, деб ўйлайсиз?

Ишланмаларни реал ҳаётга олиб кириш учун, биринчи навбатда, ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш керак.  Патентлаш ва ундан кейинги жараён -  амалий ҳаракатга кўмак зарур. Мен ўзим ҳам шундай ортиқча тўсиқларга дуч келганман.  Ёшлардан жуда кўп лойиҳалар чиқади, лекин улар кимга учрашишни ва қаерга боришни билишмайди. Уларга тўғри йўналиш берадиган махсус муассаса ташкил қилиниши керак ёки мавжудлари ўз фаолиятини қандай самарали олиб бориш борасида ўйлаб кўриши керак. Техник соҳа ривожлантириб, технопарклар қурилиб, илм-фанга катта эътибор берилса, албатта, ривожланган давлатлар қаторига кирамиз. Кучли ва салоҳиятли  кадрлар бор, аммо қўллаб-қувватлаш жуда суст даражада олиб борилади.

Юртимизда сунъий онгни ривожлантириш масаласи бўйича ўз фикрларингизни билдирсангиз.

Сунъий онг дунёни забт этиб бўлди. Қўлимиздаги смартфондан тортиб барча нарсалар бу оламга мансуб. Келгуси ҳаёт фақат шу билан боғлиқ бўлишига ишонаман. Автоном машиналар,  роботларнинг барчаси сунъий онг ёрдамида бошқарилади. Шу кунларда сунъий онг орқали бошқариладиган одамсимон робот лойиҳаси устида ишлаяпман ва  2019 йил куз ойларида кенг жамоатчиликка намойиш этиш ниятидаман.  

Агарда иқтидорли ёшларга ўз инновациялари, ғояларини бемалол, ҳеч қандай кўринмас тўсиқларсиз амалга оширишлари кафолатланса, биз Япония, Сингапур, Корея давлатлари даражасига эришоламиз. Фақат молиявий тарафдан кўмак беришнинг ўзи етарли эмас, назаримда. Янгича фикрлаш, ўзгача ёндашув тўғри қабул қилинсагина, тараққиёт пиллапояларидан тез одимлай оламиз. Истеъдодли ёшлар нимани истайди? Ўз қарашлари, ташаббуслари қўллаб-қувватланишини хоҳлайди. Инновацияга кенг йўл берилиши ҳаётнинг барча жабҳасини юқори даражага олиб чиқа олади.

Маълумот учун, қирғизистонлик олти нафар дастурчи ва шифокорлар жамоаси 9 ой давом этган интенсив тадқиқотлардан сўнг, бион протез қўл ясаб, 10 ёшли Алияга янги чап қўл ўрнатишди.

Фирдавс таъкидлаганидек, «кўринмас» ёхуд назарда тутилмаган қийинчиликлар, боз устига ихтиро учун зарур бўлган компонентларни харид қилиш масаласи ҳам ижобий ечимини кутаётган муаммолардан биридир.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид