Спорт | 19:33 / 03.11.2018
23294
2 дақиқада ўқилади

Серик Қўнақбаев: «Халқаро Олимпия Қўмитаси қандай қарорга келишидан ташвишдамиз»

AIBA президентлиги учун сайловда ғолиб Ғофур Раҳимовга рақобатчи сифатида иштирок этган Қозоғистон вакили Серик Қўнақбаев овоз бериш натижалари маълум бўлгач, Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлди.

«Боксдаги фаолиятимни давом эттираман. AIBA атрофида юзага келган вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз. Халқаро Олимпия Қўмитаси қандай қарорга келиши борасида ташвишдамиз.

Овоз бериш жараёнида қоғоз бюллетенларидан фойдаланмаслик тарафдори эдим. Аммо Ижроқўм аъзолари бошқача фикр билдиришди. Ҳозир бу борада баҳслашишни истамаган бўлардим. Муҳими бу эмас. Бирлашиб ишлаган ҳолда ташкилотни ҳозирги мураккаб вазиятдан олиб чиқиб кета оладиган инсонлар сайланган бўлиб чиқишини истайман.

Осиё боксида қандай ўзгаришлар кутилиши мумкин? Афсуски, энди Осиё Бокс Конфедерацияси президенти лавозимида эмасман. Менинг ўрнимга келган раҳбар қитъада бокс тараққиёти учун қўйилган асосларга таянган ҳолда уни ривожлантириш ишларини давом эттиради, деб ўйлайман. Ўз тавсияларим билан унга ёрдам бериб туришим мумкин.

Сўнгги Олимпиада ўйинларида кузатилган ҳакамлик борасидаги можаролар, молиявий мураккабликлар кабиларни бартараф этиш янги раҳбарият, янги жамоадан катта меҳнат талаб этади.

Вазн тоифалари сонининг 12 тадан 10 тага, мана энди 8 тага туширилиши ХОҚнинг талаблари билан боғлиқ. Улар бокс ажралиб турувчи спорт тури эканини, унинг ўзига хос жиҳатлари борлигини ҳисобга олиб бундай ислоҳотларни дастлаб таклиф сифатида киритишлари лозим. Якунда бокс яна аввалги даражада оммабоп спорт турига айланишига умид қиламан», - деб айтиб ўтди Қўнақбаев.

137 нафар делегат иштирок этган сайловда ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов 86 та, Серик Қўнақбаев 48 та овоз йиғди, яна 3 та бюллетен тўлдирилмаган ҳолда қайтарилди.

Мавзуга оид