Афсонавий шифокор Хинохаранинг узоқ умр кўриш ва саломатлик сирлари
Шигеаки Хинохара — Япониянинг узоқ умр кўрувчилар мамлакати номини олишига сабабчи инсонлардан бири. Унинг ўзи ҳам мисли кўрилмаган фаол кексалик даври намунасидир. Хинохара 75 ёшидан кейин 150 та китоб ёзган. Улар орасида энг машҳури “Узоқ умр кўриш, яхши яшаш” номли китоб 1,2 миллион ададда чоп этилган. 100 ёшдан кейин одамларни даволаш ва маъруза ўқишда давом этган.
Таъкидлаш жоизки, Хинохарани фақат шифокор сифатида танишмаган, у 90 ёшида ўз орзусини амалга ошириб, оркестр дирижёрлик пультини бошқарган. Шифохонада ўз беморлари учун мусиқий оқшомлар уюштирган.
Қуйида Шигеаки Хинохаранинг узоқ умр кўришга оид қоидалари билан бўлишишга қарор қилдик.
1. Инсон таом ёки уйқудан эмас, шодлик лаҳзаларидан қувват олади. Ёдингизда бўлса, болалик чоғимизда қувноқ дамларда ҳатто овқатланишни ҳам, уйқуни ҳам унутиб қўяр эдик. Катталарда ҳам шундай. Танамизни ортиқча таом ёки уйқу билан қийнашга ҳожат йўқ.
2. Ҳар қандай ирқ, миллат ёки жинс вакиллари узоқ яшаши мумкин. Уларни фақат бир жиҳат бирлаштиради: узоқ умр кўрувчилар орасида бирорта ортиқча вазнли одам йўқ. Масалан, мен нонуштага бир чой қошиқ зайтун мойи қўшилган қаҳва ёки сут ё апельсин шарбати ичаман (у артериялар ва тери учун фойдали). Тушликка – печенье ва сут, агар ҳаддан ташқари банд бўлсам, ҳеч нима. Мен ишлаётган вақтимда умуман очликни ҳис қилмайман. Кечки овқатга сабзавотлар, бироз балиқ ва гуруч ейман. Ҳафтада икки марта 100 граммдан ёғсиз гўшт истеъмол қиламан.
3. Ишларни доим олдиндан режалаштиринг. Менинг иш дафтарим одатда келгуси йилгача тўлган бўлади – беморлар олдиндан қабулга ёзилади, маърузалар ва шифохонадаги ишлар. Бироқ 2016 йилда бироз кўнгил ёзишни режалаштирдим ва Токиодаги Олимпиадада бўлдим.
4. Пенсияга умуман чиқиш керак эмас. Агар буни четлаб ўтишнинг иложи бўлмаса, буни имкон қадар кечроққа суринг. Бугунга келиб Японияда пенсия ёши – 65 ёш, лекин бу ярим аср илгари белгиланган меъёр, у даврда мамлакатдаги ўртача умр кўриш давомийлиги 68 ёш бўлган, бутун Япония учун 100 ёшли қариялар сони эса атиги 125 киши бўлган. Ҳозир япон аёллари ўртача 86 йил умр кўришади, эркаклар эса – 80 йилгача, 100 ёшдан ошганлар сони эса – 36 минг нафар!
5. Ўз билимларингиз билан бўлишинг. Мен йилига 150 маъруза ўқийман, улар турли аудиторияларга мўлжалланган – мактаб ўқувчиларидан тортиб то ишбилармонларгача. Менинг маърузаларим бир соатдан бир ярим соатгача давом этади ва мен уларни тик турган ҳолатда ўқийман.
6. Шифокор сизга қандайдир таҳлил топшириш ёки операция қилдиришни тавсия қилса, унга савол беринг: худди шу тавсияни ўз фарзандлари, аёли ёки қариндошларига берган бўлармиди ёки йўқ? Шифокорлар ҳамма касалликни ҳам даволай олмайди. Ортиқча азоб-уқубатларга нима ҳожат? Баъзан мусиқа ёки жониворлар терапияси жарроҳлик операцияларидан яхшироқ ёрдам беради.
7. Саломатликни сақлаб қолиш учун зинадан ҳаракатланинг ва ўз буюмларингизни ўзингиз кўтаринг. Мен бирйўла икки зинани хатлаб чиқаман, шунда мушаклар яхшироқ ишлайди.
8. Роберт Браунинг томонидан яратилган “Аббат Фоглер” поэмаси мени жуда илҳомлантиради. Унда ёзилишича, санъатда ва ҳаётда инсон ўз олдига катта мақсадларни қўйиши керак. Дейлик, айлана чизмоқчисиз, у шу қадар катта бўлиши керакки, бутун умр давомида тугата олманг. Биз бу айлананинг бир қисминигина кўрамиз, қолгани эса бизнинг нигоҳимиз ва ҳаётимиздан ташқарида.
9. Оғриқ — сирли нарса; уни енгишнинг энг яхши усули - бу қандайдир жуда қизиқ нарсага чалғиш. Боланинг тиши оғриганда уни бирор ўйин билан чалғитиш керак, шунда у оғриқни дарҳол унутади. Шифохоналар бу борада бош қотириши керак. Бизнинг шифохонамизда шодликка сабаб кўп: мусиқа, жониворлар ва арт-терапия. Буларнинг бари жуда яхши ёрдам беради.
10. Кўп моддий бойлик тўплашга ҳаракат қилманг. Ёдингизда бўлсин: вақти-соатингиз қачон тугашини ҳеч ким билмайди. Уларни барибир ўзингиз билан бирга олиб кета олмайсиз.
11. Шифохоналар катта фожиаларга тайёр туриши ва уларга мурожаат қилган ҳар бир инсонни қабул қилиши керак. Бизнинг шифохонамиз шундайки, зарурат туғилганда ҳар қандай жойда операция қилиш мумкин: ертўлада, коридорда ва б. Фожиаларга тайёр туриш ҳақида гапирганимда кўпчилик мени ақлдан озганга чиқарарди, бироқ 1995 йилнинг 20 мартида “Аум Синрикё” сектаси Токио метросига ҳужум уюштирганда бу тайёргарлик жуда катта фойда берди. Биз 740 нафар жабрланувчини қабул қилдик ва икки соатда бу зарин гази бўлганини аниқладик. Биргина бемор ҳалок бўлди, лекин 739 нафарини қутқариб қолдик.
12. Фақат илм-фаннинг ўзи одамларга ёрдам бера олмайди. Илм-фанга таянадиган бўлсак, у барчани бир қолипга солади, лекин биз ҳаммамиз ҳар хилмиз, касалликлар эса бизнинг қалбимиз билан чамбарчас боғлиқ. Касалликни тушуниш ва инсонга ёрдам бериш учун нафақат илм-фан, балки санъат ҳам керак.
13. Ҳаёт кутилмаган ҳодисаларга тўла. 1970 йилнинг 31 мартида, 59 ёшимда мен Токиодан Фукуокуга учдим. “Қизил армия” коммунистик партияси аъзолари самолётни қўлга олганида, ажойиб қуёшли тонг эди, мен Фудзияма манзараларидан завқ олиб кетаётган эдим. Кейинги тўрт кунни мен 40 даражали иссиқда креслога занжирбанд ҳолатда ўтказдим. Шифокор сифатида ўзимни ташқаридан кузатдим ва тананинг инқирозли вазиятларга қанчалик мослашишини кўрдим.
14. Ўзингиз ҳавас қилган инсонлардан-да ўзишга ҳаракат қилинг. Менинг отам 1900 йилда Шимолий Каролинадаги Дюка Университетида ўқиш учун АҚШга борган. У фаол инсон ва менинг қаҳрамонларимдан бири бўлган. Кейинроқ бошқалари ҳам пайдо бўлди. Қийин вазиятда қолганимда шундай инсонлар менинг ўрнимда бўлганида қандай йўл тутган бўларди, деб ўйлайман.
15. Узоқ яшаш — жуда яхши. Биз 60 ёшгача оиламиз фаровонлиги учун ишлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларга эришиш осонроқ. Бироқ кейин биз бутун жамият фаровонлиги учун ҳаракат қилишимиз керак. Мен 65 ёшдан кейин бепул ишлай бошладим – кунига 18 соатдан, ҳафтасига етти кундан. Ҳар дақиқа ўз ишимдан завқ оламан.
Доктор Шигеаки Хинохара, Токиодаги Муқаддас Лука шифохонасининг президенти, 2017 йилнинг 18 июлида ҳаётдан кўз юмган. У деярли сўнгги кунларигача беморларни қабул қилишда давом этган. Афсонавий шифокор 105 ёшида вафот этган.
Мавзуга оид
12:13 / 25.12.2024
“Ўзбекистондаги носвойлардан 10 хил заҳарли модда аниқладик” — Япониядаги ўзбек олими янги тадқиқоти ҳақида
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
18:22 / 22.12.2024