Ўзбекистон | 19:20 / 06.11.2018
35723
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирига янги ўринбосарлар тайинланди. Дилшод Кенжаев яна қайтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазири ўринбосарларини тайинлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугун, 6 ноябрь куни янги тайинланган 2 нафар вазир ўринбосарларини таништириш маросими бўлиб ўтди.

Президент қарорига кўра, Халқ таълими вазири ўринбосари вазифасини бажариб келган Алишер Умаров Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари, вазир ўринбосари вазифасини бажариб келган Отабек Назиров ва Сарвар Бабахўжаев вазир ўринбосари лавозимига доимий асосда тайинланган.

Шунингдек, Халқ таълими вазирига яна икки нафар ўринбосар тайинланган.

Дилшод Кенжаев Халқ таълими вазирининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаган. У ўтган ойда Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтган Алишер Саъдуллаев ўрнини эгаллади. 

Фото: Дилшод Кенжаев

Дилшод Муталибович Кенжаев сўнгги икки йил ичида ушбу лавозимга учинчи марта қайтди. У 2017 йил июлида Алишер Саъдуллаев вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши сабабли ишдан кетган ва бошқарма бошлиғи лавозимига тайинланган эди. 2017 йилнинг октябрида у яна вазир ўринбосари этиб тайинланди ва 2018 йилнинг июнигача, собиқ вазир Улуғбек Иноятов ишдан олиниб, унинг ўрнини Шерзод Шерматов тайинлангунича Халқ таълими вазирининг Маънавият масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлади

У кейинги вақтларда Вазирлар Маҳкамаси маданият-санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментининг ёшлар сиёсати ва маънавий ривожлантириш масалалари шўъбаси раҳбари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Яна бир бўш турган Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига Иброҳим Жўраев тайинланган. У ҳудудий бошқармалар фаолиятини ҳамда мактабларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари бўйича жавобгар бўлади. Иброҳим Жўраев бунгача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Шу тариқа, Халқ таълими вазири ўринбосарлари сони 4тадан 5тага ошган.

Мавзуга оид