Жаҳон | 15:48 / 22.11.2018
9365
2 дақиқада ўқилади

Майамида Панама собиқ президентининг ўғиллари ҳибсга олинди

Фото: AFP

Панама собиқ президенти Рикардо Мартинеллининг икки ўғли Майамида (Флорида штати) қўлга олинди ва “пул ювиш”да айбланиб ўз ватанига экстрадиция қилинишлари мумкин. Бу ҳақда Панама бош прокурорига таяниб Reuters хабар берди.

Агентликнинг билдиришича, Панама ҳукумати 2017 йил ноябрда мамлакатнинг собиқ президенти ўғиллари Луиса Энирике ва Рикардони Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан ноқонуний равишда 49 миллион доллар олганликда айблаганди. Ушбу компания уларнинг отаси давлат раҳбари бўлган вақтда Лотин Америкаси тарихидаги энг йирик коррупцион можарога аралашиб қолган.

Мартинелли 2009 йилдан 2014 йилгача Панама президенти бўлган. У мамлакатни 2015 йил январда тарк этган, 2016 йил июнда эса панамалик судья Херонимо Мехия АҚШдан уни экстрадиция қилишни сўраган. Интерпол қидирувига берилган собиқ президент 2017 йил июнда Майамида қўлга олинган ва бир йилдан сўнг ватанига экстрадиция қилинган.

Мартинелли телефон суҳбатларини ноқонуний тинглашни ташкил этиш ва коррупцияда айбланмоқда.

Мавзуга оид