Спорт | 12:43 / 27.11.2018
21965
3 дақиқада ўқилади

Бикмаев «Пахтакор»га қарши ўйиндаги ҳаракати учун жазога тортилиши мумкин

Фото: Tribuna.uz

«Локомотив» ҳужумчиси Марат Бикмаев кеча «Пахтакор»га қарши кечган ўйиндаги ножоиз ҳаракати учун ПФЛ томонидан жазоланиши мумкин.

«Ўйинчи бутун ўзбек футболи жамоатчилиги диққат-марказида турган учрашув вақтида қўли билан хунук ҳаракат кўрсатди ва бу ҳолат ўйинни томоша қилаётган кўпсонли ишқибозлар томонидан салбий қабул қилинди. Мазкур хунук хатти-ҳаракат рақиб жамоа мухлислари томон қаратилган бўлиши ҳам мумкин.

Профессионал футбол лигаси Марат Бикмаев томонидан амалга оширилган ушбу ҳаракатни инобатга олиб қўйди. Тез орада Тартиб-интизом қўмитаси ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқади», - дейилади ПФЛ хабарида.

Фото: Tribuna.uz

«Локомотив» ҳозирча ушбу ҳолатга муносабат билдирганича йўқ. Юқори ташкилотдан олдин клубнинг ўзи футболчини тартибга чақиргани ёки интизомий чора кўргани номаълум бўлиб турибди.

Бу - Бикмаевнинг ўйиндаги ягона одобсизлиги эмас. У 70-дақиқадаги голини нишонлаши билан ҳам бадхулқлик намунасини кўрсатган эди. Ўзбекистон терма жамоаси асосий ҳужумчисининг ушбу ҳаракатларига нисбатан жиддий жазо қўлланмаса, бу кейинчалик бошқа футболчиларга ҳам салбий туртки бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Ҳужумчи Instagram`даги саҳифаси орқали иккинчи голини бу тарзда нишонлагани учун узр сўради.

«Ўзбек футболининг ҳурматли мухлислари ва «Пахтакор» ишқибозлари! «Пахтакор» дарвозасига урган голимни бундай нишонлаганим учун узр сўрашни истаяпман. Бу англашилмовчилик бўлган эди. Мен ҳеч кимни хафа қилишни истамагандим, ҳеч кимни ҳақорат қилишни хоҳламагандим, ишонинг. Футболда ҳамма нарса бўлади. Ҳиссиётлар жўш ураётган, қизғинлик энг юқори нуқтасига етган, адреналинни ушлаб қолиш иложсиз эди. Шунчаки ўзимни ушлаб қола олмадим. Эс-ҳушим жойида ва ҳаммасини тушуниб турибман, баҳонам йўқ, қўшиламан!!! Мендан хафа бўлмасликлари учун яна бир марта кечирим сўрашни истайман.

P.S. Мен ҳақимда бошқа иғво қилмасликларига умид қиламан», - деб ёзди Бикмаев.

Фото: Tribuna.uz

Қайд этиш керак, ҳужумчи фақат голни нишонлаш тарзи учун узр сўраган бўлиб, ПФЛ эътирозига сабаб бўлган ва кўриб чиқилиши ваъда қилинган қўл ишораси ҳақида оғиз очмаган.

Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этган «темирйўлчилар» қаторасига учинчи маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлишга эришган, Марат Бикмаев жамоасининг сўнгги иккита голига муаллифлик қилган эди.

Мавзуга оид