Ўзбекистон | 20:30 / 27.11.2018
11366
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ собиқ бош котибини қабул қилди

27 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби, ҳозирда Глобал яшил ўсиш институти ассамблеяси ва Халқаро олимпия қўмитасининг этика бўйича комиссияси раҳбари Пан Ги Мунни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Пан Ги Мун бугун Нукусда бўлиб ўтган «Оролбўйи ҳудудларида экологик муҳитни яхшилаш масалалари ва бу жараёнда корейс диаспорасининг роли» мавзуидаги халқаро форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ўзбекистон раҳбари мартабали меҳмонни ташрифи билан қизғин қутлар экан, унинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш, шу жумладан, жаҳон ҳамжамиятининг глобал муаммо ва замонавий таҳдидларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўлидаги хизматларини алоҳида қайд этди. 

Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилишда Пан Ги Муннинг шахсий ҳиссасини юқори баҳолади.

Суҳбат давомида Орол денгизи минтақасида устувор лойиҳаларни илгари суриш бўйича халқаро институт ва ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон билан Корея ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистондаги кўпсонли корейс диаспорасининг икки халқ ва мамлакат ўртасида дўстлик ва ўзаро тушунишни чуқурлаштиришга қўшган ҳиссаси мамнуният билан қайд этилди.

Пан Ги Мун самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда қабул қилинган, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган 2021 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларга юқори баҳо берди.

Ўзбекистоннинг 2018-2021 йилларга мўлжалланган Орол денгизи минтақасини ривожлантириш бўйича Давлат дастури доирасида минтақада ижтимоий-иқтисодий вазиятни тубдан яхшилаш, экологик муаммоларни ҳал этиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбарининг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ва Оролбўйи халқаро инновацион марказини ташкил қилиш бўйича ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Пан Ги Мун Ўзбекистон ва Корея ўртасида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларининг олдини олиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишда давом этишини тасдиқлади. 

Пан Ги Мун БМТ бош котиби лавозимида фаолият олиб борган вақтда Орол денгизи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг ташаббус ва таклифларини фаол қўллаб-қувватлаганди.

 

Мавзуга оид