Иқтисодиёт | 23:18 / 03.12.2018
34327
11 дақиқада ўқилади

Рақамли иқтисодиётда яширин иқтисодиёт ва қора бозорга ўрин йўқ

Охирги вақтларда жамоатчиликда кўп муҳокама бўлаётган мавзулардан бири - мамлакатимиздаги яширин иқтисодиёт фаолиятини расмий иқтисодиётга ўтказиш ва валюта қора бозорининг ҳанузгача сақланиб қолаётган салбий таъсирлари билан курашиш мавзулари кўпчиликни жиддий ўйлантириб қўймоқда.

Яширин иқтисодиёт ва қора бозор ҳақида аввал ҳам батафсил ёзганман, шунингдек улардан халос бўлиш учун қандай йўлларни танлаш мумкинлиги ҳақида ҳам ҳали валюта либерализацияси бўлмасдан анча олдин фикрлар билдирган эдим . Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда валюта либерализациясидан бир йилдан ортиқ вақт ўтгач бирмунча вазият ўзгаргани ва анча енгилликлар яратилганига қарамасдан яшириш иқтисодиёт ва қора бозорнинг аломатлари ҳали ҳануз сақланиб қолаётгани ҳақида сўз юритсак.

Яқинда Юлий Юсупов Олий Мажлис қонунчилик палатаси мажлисида илгари сурилган фикрларга нисбатан ўз муносабатини билдирди ва нақд кўринишда хорижий валютани банклар томонидан сотилмаётганини қора бозорни сақланиб қолаётгани асосий сабабларидан бири сифатида эътироф этди. Шунингдек, юқори даражада белгиланган солиқлардан қочиш ва давлат томонидан сунъий пасайтирилган нархдаги товарларни мавжудлиги қора бозорни авж олишига олиб келишини таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, унинг фикрлари ўринли, шу ўринда у бафуржа ёзмаган бир ҳолат, яъни нақд хорижий валюта сотиб олишга бўлган чекловлар сақланиб қолаётганига изоҳ бериб ўтмоқчиман.

Ўйлашимча, нақд валютанинг тўғридан тўғри банк кассаларидан сотилишини ҳозирча тўхтатиб турилиши сабаби, аввало, аҳолини чекловсиз миқдорда валюта харид қилиш мумкинлигига вақт давомида кўниктириб бориш (бу ўз навбатида илгари кузатилган турнақатор навбатларни келгусида камайтиради), валютани аҳоли томонидан харид қилиш даражасини либерализациядан кейин кескин ошишини олдини олиш ва валютани харид қилаётган шахсларни идентификация қилинишини таъминлаш (бу эса айнан қайси шахслар кўпроқ миқдордаги валютани харид қилаётганини билиш имконини беради) билан боғлиқ.

Ушбу ҳолат вақтинчалик чора сифатида қўлланилгани ва яқин орада бу масала “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрири қабул қилингач ҳал бўлиши Марказий банк вакиллари томонидан ҳам қайд этиб ўтилди. Шунингдек, валюта қора бозорини мавжуд бўлишида монетар омиллар эмас, балки айрим фискал омиллар сабаб бўлаётгани қайд этилган. Мисол тариқасида ноқонуний импорт билан шуғулланаётган чайқов бозори вакиллари валютага бўлган талабни ошираётгани келтирилган. Албатта, яширин иқтисодиётнинг вакиллари нақд кўринишдаги назорат қилинмайдиган хорижий валютадан максимал даражада фойдаланишади. Бироқ, бу ўз навбатида нақд валютани сотилмаслигини таъсири ҳам борлигини инкор эта олмайди.

Чунки, инсонлар психологиясида ҳали ҳануз ўша моддий кўринишдаги пулларнинг ўрни ва аҳамияти юқорилигича қолган. Яъни, кўзи билан кўриб қўли билан ушлаб кўрмагунча кўнгил жойига тушмайди. Валютани картага ташлаб, уни кейин банк кассасидан ёки банкоматлардан нақд қилиш эса бир томондан вақт, иккинчи томондан харажат талаб қилганлиги, қолаверса шу нарса ҳам қайсидир маънода руҳий чеклов вазифасини бажаради. Бу иккита ҳолат эса оддий аҳолини ҳам ўз навбатида ҳеч қандай ҳужжат сўрамайдиган “эски таниш долларчи”ларга мурожаат қилишига сабаб бўлади.

Менимча, токи Марказий банк шу нақд хорижий валютани сотишни йўлга қўймагунча доимий равишда эътирозлар билдирилаверади ва валюта қора бозори вакиллари ҳам фаол яшашда давом этади. Қора бозор, токи талаб бор экан яшайди, талабни ўзимиз пайдо қиламиз, бизда талаб пайдо бўлишига сабаб эса айнан нақд кўринишда валютани бирданига банклардан сотиб олишдаги қийинчилик. Бошқа томондан эса ноқонуний савдо ва бизнес вакиллари учун айнан валюта қора бозорининг мавжуд бўлиши ҳам айни муддао. Айниқса, валютани сандиқ тагида жамғаришни ва исталган пайтда мамлакатдан шу пуллар билан чиқиб кетишни захира йўли сифатида сақлаб қўйган “зодагон”лар учун ҳам нақд кўринишда нақд валютани исталган пайтда топа олиш имконияти муҳим саналади.

Бироқ, мени кўп ўйлантирадиган нарса бу - бутун жаҳон ривожланган давлатлари имкон қадар рақамли иқтисодиётга ўтишни ўйлаб, ҳаракат қилаётган бир пайтда, биз оддий нақд хорижий валюта муаммосини охиригача ҳал қилмаганимиздир. Рақамли иқтисодиёт аввало барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг рақамли технологияларни қўллаган ҳолда амалга оширилишини талаб қилади. Рақамли технологияларни қўллашда энг биринчи навбатда, аввало, мана шу рақамли тўловлар технологияларини такомиллаштириш керак бўлади. Рақамли иқтисодиёт ривожланиши учун нақд пулсиз иқтисодиёт (Cashless economy) қурилиши керак. Аслида, нақд пуллар 21-аср ахборот технологиялари асри учун эскирди. Бугунги кунда Канада, Швеция ва Буюк Британия мамлакатлари мисолида нақдсиз тўловлар такомиллаштирилиши ва нақд пуллар муомаласининг максимал даражада камайтирилиши натижасида иқтисодиётда яширин иқтисодиётнинг ЯИМга нисбатан энг қуйи кўрсаткичларни қайд этаётганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу давлатларда валюта қора бозори деган тушунчанинг ўзи йўқ.

Демак, ушбу давлатлар тажрибасидан хулоса қилиш ва максимал даражада нақдсиз пул муомаласини кўпайтириш ва нақд пул ҳажмини имкон қадар камайтириш Марказий банк диққат қаратиши керак бўлган асосий жиҳатлардан бири бўлиши керак.

Менга қолса, аввал ҳам таъкидлаганимдек бу ишни айнан нақд хорижий валюта муомаласидан бошласа ҳам бўлади. Амалдаги “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилган. Бўлди, қонун амалда ижросини топиши учун Республика ҳудудида нақд кўринишида хорижий валютани амалда бўлишини ўзи тушунарсиз ҳолат. Расман ҳар қандай товар ёки хизматга миллий валютада тўлов амалга оширилгандан кейин хорижий валюта фақатгина жамғариш учунгина фойдаланиши мумкин. Жамғариш ёстиқ остида ёки сандиқ ичидамас, балки банкда бўлишини таъминлаш учун ҳам нақд хорижий валютани Ўзбекистон ҳудудида амал қилишини олдини олиш керак.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, оддий аҳоли учун нақд хорижий валюта жамғаришдан бошқа нима учун керак? Эскидан қолиб келган ўзаро келишувлар ва йирик товарлар қийматини долларда белгилаш ва долларда ҳисоблашиш анъанасидан воз кечиш керак. Долларга нисбатан мўлжал олса олаверсин, лекин тўлов сўмда бўлиши шарт. Хорижга чиқмоқчи бўлса, бемалол исталганча миқдордаги пулни хорижий валютада картасига ўтказиб беришади банкларда. Ривожланган хориж давлатларида нақд хорижий валютани биздагидек улуғлашмайди ва умуман йирик миқдордаги купюраларга шубҳа билан қаралади. Чунки, йирик миқдордаги купюралардан уларда асосан нолегал соҳа вакиллари кўпроқ фойдаланишади.

Дарҳақиқат, тан олиш керак нақд кўринишдаги хорижий валюталар кўп ҳолларда айнан ноқонуний фаолият юритувчи шахсларда, ўзининг қанча миқдорда маблағи борлигини расман ҳеч ким билмаслигини хоҳлайдиган коррупция вакилларида, контрабанда вакилларида, чайқовчи тадбиркорлар томонидан тез-тез фойдаланилади. Чунки бу шахслар нақд хорижий валюта(қаттиқ валюта)нинг кучини билишади ва унинг назоратдан ташқарида эканлигидан максимал фойдаланишади. Улар нақдсиз кўринишда хорижий валюталарни банкларда сақлайдиган бўлишса, бундай катта миқдордаги маблағларга нисбатан шубҳалар пайдо бўлишидан қўрқишади. Шунинг учун ҳам доимий равишда нақд валютанинг муомаласи барқарор бўлишини чин дилдан исташади. Аслида яширин иқтисодиёт вакилларининг аксар қисми фаолияти айнан нақд хорижий валюта билан олди-сотди қилишни талаб қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, нақдсиз хорижий валюта тартибини такомиллаштириш яширин иқтисодиётни камайтиришга сабаб бўлади.

Бунинг учун нақд валютанинг ҳар қандай кўринишда бўлишини тўхтатиш ва шундай сақланаётган ҳолатлар аниқланганда давлат ҳисобига мусодара қилишни белгилаш орқали амалдаги қонуннинг ҳаётда реал амал қилинишига эришиш мумкин. Албатта, орангизда чеклаш орқали яна нақд валютани тасарруф этиш эркинлигимиз чекланади дейдиган инсонлар ҳам топилади, бироқ Биз иқтисодиётни соғлом ривожланиши учун ҳам шундай йўл тутишимиз керак. Бу йўл революцион йўл бўлади, ривожланган давлатлар нақдсиз иқтисодиётга эволюцион йўл билан эришишмоқда. Аммо, бу йўлни қўллаш учун аввало банклардаги нақдсиз хорижий валюта транзакциялари жараёнларини маҳаллий қисмини тезкор бўлиши учун хорижий валюталар айланиши учун ҳам миллий тўлов тизимини жорий қилиш, етарли даражада хавфсизлик ва интеграция жараёнлари техник талабларга жавоб берадиган технологияларни татбиқ қилиш лозим бўлади. Аввал хорижий валютада нақдсиз муомалани мукаммал йўлга қўйгач кейинчалик миллий валютадаги нақдсиз пул муомаласига тўлиқ ўтиш имкониятларини кўриб чиқса бўлади.

Мен айтаётган таклиф амалга ошиши амримаҳол, чунки бунинг учун ҳам техник томондан, ҳам маънан, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий томондан фикрлар ва қарашлар шунга мутаносиб ва тайёр бўлиши керак. Бироқ, эртами кечми қачондир нақд пулсиз иқтисодиётга ўтиш масаласи биринчи ўринга чиқади ва шу пайтда йўқотилган вақт ҳақида фикр юритишса ажаб эмас.

Ахир бутун дунёда рақамли пуллар, электрон пуллар ва виртуал пуллар оммалашаётган бир пайтда нақд пулларнинг муомаласини кўпайтириш эркинлаштириш учун - бир қадам олдинга, рақамли иқтисодиёт учун - икки қадам орқага юриш саналади. Жаҳонда криптовалюталар савдосини биржаларга жорий қилиш бошланаётган бир пайтда бизда доимий электр билан таъминланган ҳудудларимиз етишмайди. Энг ачинарлиси, Биздаги монетар сиёсатнинг ўзича, фискал сиёсатнинг ўзича ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ўзича ҳаракат қилиши натижасида умумий бизнес учун яратиладиган шароитларда омихта ечим бўладиган қулай шароитлар ва адолатли ўйин қоидаларини ишлаб чиқилишида анча муаммолар юзага келгани. Бу эса ўз навбатида расмий фаолиятдан кўра норасмий фаолият юритишга замин яралишини таъминламоқда. 

Рақамли иқтисодиёт ҳақида сўз юритишдан олдин аввало ўзимизда такомиллаштирилган узлуксиз сифатли хизмат кўрсатадиган инфраструктура, ахборот технологиялари ва малакали кадрлар, сифатли давлат хизматлари ва омихта фаолият юритадиган монетар, фискал ва ташқи иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини самарали йўлга қўйилишини таъминлаш талаб этилади. Умид қиламизки, яқин йилларда айнан шу соҳаларда ижобий ўзгаришлар бўлади.

Мансур Тангишов,
молиячи эксперт

Мавзуга оид