Жаҳон | 23:36 / 09.12.2018
9848
2 дақиқада ўқилади

Эрон Ҳинд океанида катта кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказишини маълум қилди 

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари январда Ҳинд океанида катта кўламли машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда ЭРОН ҲДК қўмондони ўринбосари контр-адмирал Али Кавианий маълум қилди. 

“Бу қишда Ҳинд океанининг нейтрал сувларида ўтадиган машғулотларда флот таркибига яқинда кирган, “Гадир” синфидаги сув ости кемалари ҳам иштирок этади”, деб маълум қилган Кавианий.  

Унинг таъкидлашича, Эронда ишлаб чиқилган ушбу сув ости кемалари ракета қуроли, торпедо ва миналар таший олади ҳамда десантни соҳилга ташлай олади. Сув ости кемалари ҳозирда Форс кўрфазининг жанубий сувларида ҳарбий навбатчилик олиб бормоқда.

Бундан ташқари, машғулотларда декабрь бошида сувга туширилган энг янги “Саханд” эсминеци иштирок этади. 1300 тонна сиғимдорлик ва 100 метр узунликка эга бўлган кема 5 ой давомида автоном сузишда бўла олади.

Кавианийнинг айтишича, машғулотлардан мақсад Эрон ҳарбий қудратини намойиш қилиш ва қуролли кучлари мудофаа қобилиятини оширишдан иборат бўлади. 

Аввалроқ АҚШ ОАВ Пентагондаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда АҚШнинг John C. Stennis авиаташувчи кемаси бошқа иккита кема ҳамроҳлигида яқин орада Форс кўрфазига киришини маълум қилган. АҚШ кемаларининг кўрфазга кириши охирги 8 ойдаги илк шундай операция бўлади. Кемаларнинг асосий вазифаси охирги вақтда АҚШ-Эрон муносабатларидаги тарангликнинг кучайиши ортида АҚШ ҳарбий қудратини Эронга намойиш қилишдан иборат бўлади. 

Мавзуга оид