Ўзбекистон | 10:34 / 10.12.2018
22834
2 дақиқада ўқилади

Ишга қабул қилишни ДХА орқали амалга ошириш таклиф этилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида ишга қабул қилишни давлат хизматлари агентлиги орқали амалга ошириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, бугунги кунда болалар мактабгача таълим муассасаларига фақатгина давлат хизматлари агентлиги орқали навбатга қўйилмоқда. 

“Таклифим ишга қабул қилишга ҳам худди шу тартибни жорий этиш керак. Бу билан салоҳиятли кадрларнинг бир четда қолиб кетиши ёки чет давлатларга чиқиб кетишининг олди олинади”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, қайси ташкилотларга ва қандай лавозимларга мазкур тартиб қўлланиши (қўлланмаслиги) қонунчилик билан белгилаб қўйилади ва бунинг назорати ҳам электрон тарзда юритилиши керак. 

“Бир жойга бир нечта номзод бўлганда, уларнинг ишга қабул қилинишида меъёрлар сифатида қанча муддатдан буён иш қидираётгани, малакаси, ОЎЮни тугатиб биринчи марта ишга кираётгани, оиласида бошқа ишловчилар мавжудлиги ва ҳоказолар ҳисобга олиниши керак. Ишга қабул қилиш рад этилганда, иш қидираётган шахс билан ўтказилган суҳбат баёни ва ишга қабул қилиш рад этилганлик сабаблари, танловдан ўта олмаганлик важлари аниқ кўрсатилиши керак”, - дейилади петицияда.

Бу таклифни амалга ошириш учун меҳнат қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унга амал қилмаганларга нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ёзади мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги телеканал ташкил этиш таклифи берилганди.

Мавзуга оид