Ўзбекистон | 18:30 / 11.12.2018
12765
15 дақиқада ўқилади

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг асосий вазифалари белгиланди

Президент қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

Марказ ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш соҳасида:

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

халқаро ташкилотлар, шунингдек, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларида тақдим этилган маълумотларга шарҳлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотларнинг таклифларини тўплаш ва умумлаштиришни амалга оширади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя қилиш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг ахборотларини тинглайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўради;

инсон ҳуқуқлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг якдил нуқтаи назарини шакллантиришга кўмаклашади;

б) инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш соҳасида:

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини давлат органлари томонидан бажарилиши масалалари бўйича маълумот тўплашни амалга оширади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари қоидаларига давлат органларининг риоя қилиш ҳолатини тизимли таҳлил қилади ва умумлаштиради;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар тавсияларини, шунингдек, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг, шу жумладан маълумотлар базасидан фойдаланиш орқали миллий ҳаракат режаларини амалга ошириш бўйича яхлит услубиётни ишлаб чиқади ва мониторингини амалга оширади;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар тавсияларини бажариш бўйича давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатларни давлат органлари томонидан кўриб чиқишнинг тизимли мониторингини амалга оширади;

жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек, уларнинг ҳал қилиниши мониторинги ва таҳлилини ўтказишни амалга оширади;

в) Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари таъминланиши ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар йили чоп этади;

миллий маърузалар тайёрлаш жараёнларини стандартлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ахборот ва маълумотларини йиғишни мувофиқлаштириш бўйича чоралар кўради;

инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнига инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларини мослаштириш ва татбиқ қилиш бўйича чоралар кўради;

давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида БМТнинг устав ва шартномавий органлари учун Ўзбекистон Республикасининг асосий, миллий ва даврий маърузаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни таъминлайди;

БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш тўғрисида оралиқ ахборотлар тақдим қилади;

БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маърузалари лойиҳалари муҳокамаси юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан мунтазам мувофиқлаштирувчи кенгашлар ўтказади;

давлат органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маърузалари лойиҳаларининг муҳокамасини ўз вақтида ўтказишни таъминлайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмаларга Ўзбекистон Республикасининг миллий маърузаларини юборади ва уларни БМТнинг устав ва шартномавий органларига тақдим қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли миллий ва даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини давлат тилига таржима қилиш ва манфаатдор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларига ўз вақтида жўнатишни таъминлайди;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг якуний таклиф ва тавсияларини кўриб чиқиш ва бажариш бўйича давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини методик бошқаришни ҳамда уларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

манфаатдор давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашув ўтказади;

БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режаларини 
(“йўл хариталари”ни) ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун тақдим қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий ҳисоботларини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича тасдиқланган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”) масъул ижрочиларга етказилишини таъминлайди;

БМТнинг устав ва шартномавий органларининг якуний таклиф ва тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режалари ижроси масалалари юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун методик тавсиялар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасидаги илғор ўзгаришларни тавсифловчи инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-таҳлил ва статистик маълумотларнинг ягона базасини шакллантиради;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар тавсияларининг ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва унинг ишлашини таъминлайди;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет халқаро ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши ҳолати ҳақидаги холис ахборотнинг чоп этилишини ташкиллаштиради;

г) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг доимий таҳлилини амалга оширади ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг халқаро стандарт ва тавсияларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилинишини таъминлаш чораларини ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни ратификация қилиш 
ва тегишли давлат органлари томонидан уларнинг амалий ижроси бўйича таклифлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва муҳокамасида иштирок этади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича қонун лойиҳаларини тайёрлаш ташаббуслари билан чиқади ва уларнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан кенг муҳокамасини ўтказади, шунингдек, уларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига киритади;

д) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари борасида давлат органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича чоралар кўради;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишига тўсқинлик қилувчи сабаб ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш ишлари самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирларни ташкил этади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашади;

е) инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича маърифат ва таълим тизимини такомиллаштиришга ёрдам кўрсатиб, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга йўналтирилган миллий дастурлар ва ҳаракат режаларини ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлайди ва тақдим қилади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали механизмларини ва тартибини шакллантиради;

БМТнинг устав ва шартномавий органларига инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси миллий маърузаларини, муқобил маърузаларни, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар сўровларига жавобларни тайёрлаш асослари юзасидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ўқитиш бўйича ўқув курсларини ишлаб чиқади ва олиб боради;

ўқитишни ташкил этиш учун олий таълим муассасалари ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, хорижий мутахассисларни жалб этади;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича ахборот-маърифий кампаниялар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, учрашувлар, жамоат маслаҳатлашувларини ўтказади;

инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни амалга оширишда халқаро ва хорижий тажриба юзасидан илмий-таҳлилий материалларни ўрганади ва тайёрлайди;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий-техник грант ва лойиҳаларнинг амалга оширилишида иштирок этади, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар фаолиятидаги иштироки самарадорлигини илмий таҳлил қилади ва баҳолайди;

ноширлик фаолиятини олиб боради, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-даврий нашрини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа босма маҳсулотларни чоп этади;

ж) инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;

инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий тадбирларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга йўналтирилган ташаббусларини халқаро ташкилотларда илгари суриш бўйича чораларни ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар, бошқа ноҳукумат ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ишида қатнашади;

инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади;

хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади ва ҳисобот ҳамда келгуси ҳаракатлар масалалари бўйича тажриба алмашади;

давлат органларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимояси борасидаги халқаро стандартлар ва илғор амалиёт билан таништириш мақсадида халқаро ва хорижий экспертлар иштирокида халқаро ва (ёки) минтақавий тадбирлар ташкил этади;

инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчилик, таълим ва маърифий масалаларни такомиллаштириш, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятига халқаро стандартларни жорий этишни ташкиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.

Мавзуга оид