Ўзбекистон | 14:10 / 13.12.2018
6771
3 дақиқада ўқилади

Сенатда халқаро шартномаларга оид қонун маъқулланди

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенатида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни муҳокама қилди. 

ЎзА’нинг ёзишича, қонун Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тузиш, ижро этиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва уларни тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. 

Қонунда Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тизимида халқаро шартнома мақоми, таянч тушунчалар мустаҳкамланмоқда. Ушбу соҳадаги терминлар ва таърифлар умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириляпти. Шунингдек, халқаро шартномаларни тузиш тартиби аниқ тартибга солинмоқда. 

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдиришнинг қуйидаги усуллари белгиланмоқда: халқаро шартномани имзолаш, ноталар, хатлар ёки халқаро шартномани ташкил этувчи бошқа ҳужжатлар алмашиш, халқаро шартномани ратификация қилиш, тасдиқлаш, қабул қилиш, унга қўшилиш.

Қонунда халқаро шартномалар бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш механизмлари белгиланмоқда. Бу эса замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда ягона электрон маълумотлар базасини яратиш, давлат органлари томонидан ҳар йили 31 декабрга қадар Ташқи ишлар вазирлигига халқаро шартномаларни бажариш тўғрисида ахборот юбориш, халқаро шартномалар ижроси ҳолати самарадорлигини баҳолаш, уларнинг тегишлича бажарилишини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш назарда тутилмоқда. 

Қонун давлат органлари ишлари самарадорлигини оширишга, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқиладиган ҳужжатлар сифатини оширишга, томонлар тарафидан битимлар тегишлича бажарилиши устидан назоратни таъминлашга хизмат қилади. 

Шунингдек, юзага келаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун олдини олувчи чоралар кўришга, мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини бойитади ва такомиллаштиради. Республика учун истиқболли бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузишга замин яратади ва халқаро ҳуқуқ умумэътироф этилган нормаларининг устунлигини таъминлайди. 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид