Жамият | 15:27 / 14.12.2018
9043
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий тилларда эфирга узатилувчи телеканални ишга тушириш таклиф этилди 

Фото: Fotolia / Degimages

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда хорижий тилларда эфирга узатилувчи миллий телеканални ишга тушириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Бугунги ахборот технологиялари ривожланган даврда юқори сифатли телеканалларга бўлган талаб ҳар доимгидан ҳам баланд. Республикада ҳозирда телеканаллар сони 20 дан ортиқ. Лекин назар соладиган бўлсак, деярли барча телеканалларнинг кўрсатувлари асосан ўзбек тилида олиб борилади. Шу тариқа телеканалларнинг ишлаш доираси фақатгина Ўзбекистон билан чекланиб қолмоқда. Ўзбекистон телеканаллари қўшни давлатларда ҳам намойиш этилса-да, тил сабабли қизиқиш пастроқ эканлигини сезиш мумкин, дейилади мурожаатда.

“Таклифим, Ўзбекистонда юқори сифатли, инглиз ва рус тилида фаолият юритувчи халқаро телеканални ишга тушириш лозим. Халқаро канал ҳозирги кунда Ўзбекистон учун жуда ҳам зарур. Телеканал Ўзбекистонда бўлаётган ривожланиш ва жадал ислоҳотларни, тарихий обидалар, миллий қадриятларимизни кўрсатадиган теледастурларни хорижий тилларда намойиш қилади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Билдирилишича, бу телеканал Ўзбекистон брендини ривожлантириш, хорижий сайёҳлар ва инвесторларни жалб этиш ва улар оқимини ошириш, миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорда реклама қилишга хизмат қилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги телеканал ташкил этиш таклифи берилганди.

Мавзуга оид