Ўзбекистон | 18:06 / 24.12.2018
123119
3 дақиқада ўқилади

Туробжон Жўраев, Муиджон Тоҳирий ишлари бўйича мумкин бўлган маълумотларни ошкор қиляпмиз – Бош прокуратура

Бугун, 24 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» Марказида 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг Бош прокуратура масъул ҳисобланган бандларини ижро этилиши натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Хусусан тадбир давомида соҳа фаолиятидаги шаффофлик, айбсизлик презумпциясига амал қилиш каби масалалар бўйича фикрлар билдирилди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг “қуйи поғонадаги ходимлар, мактаб директорлари, боғча мудиралари, шифокорлар ва ҳатто фаррошлар пора билан қўлга тушсалар, бундай ҳолат дарҳол телевидениеда эълон қилинади, пора олиш жараёнлари батафсил кўрсатилади, айбдор ўз айбини бўйнига олиб, кечирим сўрашга ҳам улгуради. Аммо юқори мартабали раҳбарларга алоқадор ишларда Бош прокуратура жуда қисқа ахборот билан чекланади. Нега айбсизлик презумпцияси ва қонунлар икки тоифага икки хил қўлланилади? Ахир ҳар икки тоифадагилар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари-ку?”, деган саволига Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Сурайё Раҳмонова қуйидагича жавоб берди:

– Айбсизлик презумпцияси ва қонунлар икки хил қўлланилади, деган фикрингизга қўшилмайман. Телевидение орқали намойиш этилган лавҳалар бир неча тузилмаларнинг ҳамкорликда уюштирган операциялари бўйича тезкор тасвирлар бўлади ва унда ҳам ўша одамлар айбдор эмас, гумонланувчи сифатида кўрсатилади. Юқори мартабали шахслар бўйича ҳам мумкин бўлган барча маълумотларни сайтимизда навбати билан ошкор қилиб боряпмиз. Масалан, Туробжон Жўраев иши бўйича ўнлаб маълумотлар бердик ва ҳозирда бу иш судга оширилган. Муиджон Тоҳирий иши бўйича ҳам унинг ҳибсга олинганини тасдиқлаймиз ва очиқланиши мумкин бўлган маълумотларни навбати билан ошкор қилиб борамиз.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев мавзу юзасидан қўшимча қиларкан шундай деди:

– Албатта, ОАВга қайноқ хабарлар керак. Аммо тўғри тушунишимиз лозим, биз ошкор қилишимиз мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган маълумотлар бор. Хусусан, юқори мартабали шахсларнинг айримлари билан боғлиқ давлат сирлари ҳам бўлиши мумкин. Лекин биз мумкин бўлган барча жараёнларни халқимизга ёритиб боришдан манфаатдормиз.

Мавзуга оид