Жаҳон | 15:40 / 28.12.2018
20240
2 дақиқада ўқилади

Суриялик ҳарбийлар курдларни турклардан ҳимоя қилиш учун Манбижга кирди

Фото: © РИА Новости

Сурия қуролли кучлари мамлакат шимолидаги, Туркия билан чегаралардан 25 километр масофадаги Манбиж шаҳрига киришди. Бу ҳаракат ҳудудда истиқомат қилувчи курдларнинг Туркиядан ҳимоя қилиш бўйича мурожаатига жавобан амалга оширилди.

Ҳарбийлар шаҳар марказига Сурия Араб Республикаси байроғини ўрнатишган.

SANA агентлиги томонидан хабар қилинишича, ҳукумат армияси Манбиждаги «Сурия фуқаролари ва бошқа аҳоли хавфсизлигини тўлиқ кафолатлайди». 

Сурияликлар баёнотида «миллий суверенитетни сақлаб қолиш учун кучларни бирлаштиришга чақирилган». Суриялик ҳарбийлар ҳар қандай босқинчини йўқ қилишга тайёрлиги қайд этилган.

Бундан аввалроқ суриялик курдларнинг «Халқ мудофааси кучлари» отряди (YPG) Туркия босқини хавфи остида қолган ҳудудларни Сурия армияси эгаллашини таклиф қилган ҳолда баёнот берганди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия шу ҳафтада танклари ва зирҳли техникаларини Сурия чегараси яқинига келтирганди. Анқарадагилар Фрот дарёси ғарбидаги «террорчиларни йўқ қилиш учун имкон қадар тезроқ ҳарбий амалиёт бошлаш» ниятида экани айтилганди. Туркия томони Сурия шимолидаги курдларнинг «Халқ мудофааси кучлари» отрядини ҳам, «Демократик иттифоқ» партиясини ҳам жангарилар сифатида таснифлайди.

Курдлар кўп йиллардан буён АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиб келаётганди. Аммо декабрь ойи охирига келиб АҚШ президенти Дональд Трамп Суриядаги ҳарбийлар олиб чиқиб кетилишини маълум қилди ва курдлар Туркия қаршисида ҳимоясиз қолди.

Мавзуга оид