Жаҳон | 09:33 / 02.01.2019
7890
2 дақиқада ўқилади

Куба инқилобнинг 60 йиллигини нишонламоқда

Сешанба куни тунги соат 24:00да (Тошкент вақти билан 09:00) Гавана кўрфазига киришни қўриқловчи Сан-Карлос-де-ла-Кабанья қадимий қалъаси деворидан артиллерия залпи отилди, у Кубада инқилоб ғалабасининг 60 йиллиги ва янги йил кириб келганидан дарак беради.

Куба ҳукумати мамлакат пойтахтидаги анъанавий салют билан чекланиб, Сантьяго-де-Куба шарқий шаҳрида байрам тантаналарини ташкил қилди. 60 йил муқаддам Фидель Кастро инқилоб ғалабасини эълон қилган майдонда, тунги соат 24:00да миллий мадҳия садолари остида Кубанинг улкан байроғи кўтарилди. Ушбу маросимда минглаб фуқаролар қатнашди.

Фото: Twitter
Фото: AP

Асосий тадбирлар инқилоб етакчиси Фидель Кастро дафн этилган Санта-Ифигения қабристонида бўлиб ўтади: кутилишича, маросимда унинг укаси Рауль ва давлат раҳбари Мигель Диас-Канель иштирок этади. «Ҳа - Куба халқи ва инқилобий ҳукумати биргаликда қурган ҳамма нарсанинг қувончи, ҳимояси ва байрамига. 1959 йил январь ойида Батиста узоқ диктатурасига чек қўйган ҳамда Куба учун Озодлик ороли номини қўлга киритганларга ҳурмат ва шон-шараф!» - дея ёзган Диас-Канель Twitter’даги саҳифасида.

Фото: AP
Фото: AP

1959 йил 1 январда диктатор Фульхенсио Батиста Кубадан қочганлиги маълум бўлди. Сантьяго-де-Кубадаги шаҳар муниципалитети биноси балконидан Фидель Кастро инқилоб ғалабасини эълон қилди. Шундан сўнг, унинг бошчилигидаги қўшинлар 8 январда тантанали равишда Гаванага кирди. Янги йилнинг биринчи куни - Озодлик куни - Кубада асосий миллий байрамлардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид