Light | 18:15 / 15.01.2019
87988
6 дақиқада ўқилади

Юрагингиз соғломми? Қандай текшириш мумкин?

Ҳар йили дунёда миллионлаб одамлар юрак-қон томир касалликлари туфайли ҳаётдан кўз юмади. Эрта босқичда диагностика қилиш бутун миллат аҳли учун одатга айланганида касаллик натижасидаги ўлим кўрсаткичларини қисқартириш мумкин бўлар эди, дейилади zdorovieinfo.ru сайтида.

Касаллик борлигини қандай тушуниш мумкин?

Ҳаво етишмаслиги, бош айланиши, тер ажралиш жараёнининг фаоллашуви ва шишлар муаммодан дарак бериши мумкин. Бироқ юрак-қон томир касалликларининг белгилари дарҳол намоён бўлмайди. Шунинг учун асосийси - ўз вақтида текширувдан ўтиш, айниқса хавф омили бўлса:

·      диабет;

·      қариндошларда юрак-қон томир тизими касалликлари бўлса;

·      чекиш;

·      камҳаракат ҳаёт тарзи;

·      юқори холестерин даражаси;

·      юқори қон босими.

Юракни текшириш учун шифокор сизни электрокардиография (ЭКГ), магнит-резонанс томография (МРТ) ёки эхокардиография (УЗИ)га йўллаши мумкин. Бироқ тўлиқ диагностика учун бунинг ўзи етарли эмас. Эҳтимол, яна фонокардиография, коронарография, рентген, электрофизиологик ёки радиоизотоп текширувга боришга тўғри келар.

Фото: Shutterstock

Юрак фаолиятини ўзимиз текширишимиз мумкинми?

Мустақил равишда шифокорга мурожаат қилиш вақти келган ёки йўқлигини билиш мумкин. Бунинг икки хил йўли бор:

·      Мартине усули

Бу тест юрак-қон томир тизимининг умумий ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

30 сонияда 20 марта ўтириб туриш, пульсни ўлчаш ва натижаларни ёзиш керак. Кейин 1-2 дақиқа дам олинг: бу вақт ичида юрак фаолияти қайта тикланади ва пульсни такроран ўлчашга тўғри келади. Хотиржамлик ҳолатидаги ва жисмоний машқдан кейинги ҳолатдаги кўрсаткичларни таққосланг.

Катта фарқ бўлмаса, демак, юрагингиз яхши ишламоқда. 60-80 фоиз атрофидаги тезлашиш нормал фарқ ҳисобланади. Агар бундан юқори бўлса, юрак фаолияти бузилган бўлади. Сабаблар турлича бўлиши мумкин: аритмия, атеросклероз, қон айланиш тизимининг бузилиши. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кардиологга мурожаат қилинг.

·      Штанге усули

Бу тест юрак-қон томир ва нафас тизими қанчалик яхши ишлаётганини аниқлашга ёрдам беради.

2-3 марта чуқур нафас олиш керак. Кейин чуқур нафас олиб, уни ушлаб туриш керак. Агар 40-50 сонияча нафас олмай тура олсангиз, демак, сиз мутлақ соғломсиз. Агар 40 сониядан кам бўлса, уйда эмас, мутахассис ҳузурида юрак текширувини амалга ошириш зарур бўлади.

Касалликни қандай бартараф қилиш мумкин?

Ғарбда бир анъана бор: юрак хуружидан вафот этган қариндошнинг дафн маросимидан кейин бутун оила аъзолари тиббиёт текширувига ёзилади. Ўз вақтида аниқланган паталогия - даволашдаги муваффақиятнинг ярми. Олимлар текширувлар ҳамда чекишни ташлаш ва ортиқча овқатланмасликка йўналтирилган оддий тавсиялардан ташқари қуйидагиларни маслаҳат беришади:

Фото: Shutterstock

·      Ҳафтасига 4-5 марта спорт билан шуғулланиш

The Journal of Physiology'да чоп этилган тадқиқотларга кўра, ҳафтада уч марта спорт билан шуғулланиш етарли эмас. Юрак фаолиятини нормал сақлаб қолиш учун ҳафтада 4-5 марта жисмоний машқлар билан шуғулланиш керак. Тадқиқот муаллифлари юзлаб кексаларни кузатиб, ҳафтада 2-3 марта спорт билан шуғулланган кишиларда йирик қон томирлари қаттиқ эканини аниқлашди. 4-5 марта жисмоний машқларни бажарган кишиларда эса улар соғлом ва эластик бўлган. Бу юрак фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади;

·      Йога билан шуғулланиш

Голландиялик олимлар ушбу қадимий машқлар тизимини маслаҳат беришади. 37 тадқиқотнинг метатаҳлили йога билан шуғулланиш қон босими ва холестерин миқдорини пасайтиришини кўрсатган.

·      Сочларни назорат қилиш

Сочларнинг эрта тўкилиши ва оқариши инсоннинг юрак касалликларига мойиллигидан дарак бериши мумкин. Олимлар 2 мингдан зиёд йигитни текширувдан ўтказиб, сочи эрта тўкилувчи эркаклар юрак касалликларидан кўпроқ азият чекишини аниқлашди. Лондонлик тадқиқотчи Алан Хьюзнинг таъкидлашича, соч тўкилиши қариш жараёнига таъсир кўрсатувчи генетик бузилиш белгиси бўлиши ҳам мумкин.

·      Асабийлашмаслик

Олимлар стресс ва юрак касалликлари ўртасида боғлиқлик борлигини аллақачон аниқлашган. Ҳарварддаги янги тадқиқот гап миянинг қўрқув ва ғазаб каби ҳиссиётларини ишлаб чиқувчи соҳаси - бодомсимон тана фаоллигида эканини кўрсатди. У мия суяк илигига сигнал йўллайди, у эса кўпроқ оқ қон ҳужайраларини ишлаб чиқара бошлайди. Бу эса артерияларда яллиғланишни келтириб чиқаради ва юрак хуружи, стенокардия ёки инсультга олиб келиши мумкин.

Фото: Dreamstime

 

Мавзуга оид