Жамият | 15:53 / 23.01.2019
35321
28 дақиқада ўқилади

Антимонополия — давлатнинг «кўринар қўли» ҳақида

Япониянинг Кобе университети ҳуқуқ факультети докторанти Ҳусаин Ражапов янги тузилган «Монополияга қарши курашиш қўмитаси» қайси тамойилларга суяниши лозимлиги хусусида ўз фикрларини «Газета.uz» нашрида эълон қилинган таҳлилий мақоласида баён этди.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан «Давлат рақобат қўмитаси» асосида «Монополияга қарши курашиш қўмитаси» (Антимонополия қўмитаси) ташкил этилгани тўғрисидаги янгилик кишини қувонтирди. Алоҳида ва мустақил монополияга қарши курашувчи идора жорий иқтисодий ислоҳотлар занжирида етишмаётган эди.

Бу каби ислоҳот мамлакатда 2000 йилда ҳам амалга оширилган — Молия вазирлиги таркибидан мустақил «Монополиядан чиқариш давлат қўмитаси» ажратилган эди. Бироқ ҳукуматнинг 2012 йилдаги қарори билан «Монополиядан чиқариш давлат қўмитаси» ва «Давлат мулк қўмитаси» янги идорага — «Давлат рақобат қўмитаси»га айлантирилди.

Афсуски, бу янги ташкил этилган қўмита фаолиятида бевосита рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши йўналиш оз ўрин олган эди. Давлат рақобат қўмитасининг 2012 йилдан кейинги ҳисоботлари бунга далолат бўла олади. Уларда асосан давлат активларини хусусийлаштириш, сотиш, бошқариш, ночор корхоналар билан ишлаш ва ҳоказолар ёритилган.

Яъни, айтиш мумкинки, 2012 йилда Давлат мулк қўмитаси Монополиядан чиқариш давлат қўмитасини «ютиб юборди». Бу эса мамлакатдаги рақобатни ҳимоя қилишга салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабдан, мустақил Антимонополия қўмитаси ташкил қилинишини бозор иқтисодиётини қуришдаги тўғри қадам, деб ҳисоблайман.

«Кўринмас қўл»

Одамларнинг ўз манфаатларини кўзлаб қиладиган, аммо пировардида бутун жамиятга фойда бўладиган саъй-ҳаракатлари иқтисодиётнинг «кўринмас қўли» дейилади. Замонавий иқтисодиёт отаси саналмиш Адам Смитнинг «кўринмас қўл» назариясига асосан, инсон ўз табиатига кўра худбин ва манфаатпарастдир. Аммо у ўз фойдасини кўзлаб фаолият юритса-да, беихтиёр жамиятга фойда келтиради.

Энг қизиғи — у бу билан «жамиятни бойитяпман» деган фикрни хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин «кўринмас қўл» шундай натижаларга олиб келадики, бундан нафақат у одам — бутун жамият манфаат кўради. Иқтисодиёт назариясига кўра, бозорнинг бундай «кўринмас қўли» моддий ресурсларни тақсимлашда энг самарали инструмент ҳисобланади. Бироқ, турли хил ташқи сабабларга кўра, бу назария баъзида иш бермай қолади.

Бозорнинг «кўринмас қўли» ожиз бўлиб қолган пайтда, иқтисодиёт тамойилларидан бирига кўра, давлат иқтисодий ҳолатни яхшилаш имкониятини ишга солиши керак. Классик мисол — кимёвий заводларнинг атроф-муҳитни ифлослантириши. Бундай ҳолатда давлат табиатни муҳофаза қилиш борасидаги қонунчилик воситасида вазиятни яхшилаш имкониятига эга бўлади.

Бозорни ночор ҳолатга келтирадиган омилларга яна бир мисол — бозор устидан ҳукмронлик ўрнатиш (монополия, картеллар). Буларнинг натижасида иқтисодий самарадорлик пасаяди. Бу ҳолатда давлат ўзининг бевосита аралашуви орқали бозордаги носоғлом ҳолатни яхшилаши мумкин. Давлатнинг бундай — бозордаги носоғлом рақобатни йўқ қилишга йўналтирилган ижобий аралашуви адабиётда «давлатнинг кўринар қўли» деб ҳам номланади.

«Кўринар қўл»

Мазкур мақола доирасида биз давлатнинг айнан шундай — «кўринар қўли» — монопополияга қарши курашиш фаолиятини кўриб чиқамиз. Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш йўлида антимонополия идорасининг роли қандай? Монополияга қарши кураш ҳақиқатан ҳам самарали бўлиши учун қандай чораларни қўллаш керак? Ана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Монополияга қарши кураш ва ислоҳотлар

Келинг, айни вақтда давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг том маънодаги атимонопол сиёсат билан алоқасини кўриб чиқамиз.

A) Протекционизм

Маҳаллий саноатни ривожлантириш иқтисодий ривожланишнинг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий корхоналарни ҳимоя қилиш учун давлат протекционизм (импорт ўрнини босиш) сиёсатини қўллайди. Протекционизм тарафдорлари маҳаллий корхоналарни хорижий рақобатдан вақтинчалик ҳимоя қилиш «уларнинг дунё бозорида рақобатбардошлигини ошириш учун зарур чора» эканини таъкидлашади. Уларнинг назарида бу чора «маҳаллий саноатни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш-таъминлаш ҳамда янги технологияларни ўрганиш имконини беради».

Бироқ протекционизмни қўллаган кўплаб мамлакатларнинг тажрибасига назар солинса, бундай — маҳаллий корхоналарни ҳимоя қилиш сиёсати иш бермаганига гувоҳ бўламиз. Чунки, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун «беташвиш ҳаёт»ни юзага келтиради, бу эса маҳаллий тадбиркорларда технологик ривожланишга бўлган рағбатни сусайтиради.

Кўпчилик иқтисодчилар протекционизмга қарши чиқишининг асосий сабабларидан бири шу. Автосаноатимиз бунга классик бир мисол бўла олади.

Протекционизм сиёсати фойда келтиришининг ягона шарти — маҳаллий корхоналарга хотиржам бўлиб қолиш имконини бермасликдир. Буни эса фақат мамлакатда ички рақобатни ривожлантириш орқалигина амалга ошириш мумкин. Бундай стратегияни Япония ва Жанубий Корея тажрибасида кузатиш мумкин. Ривожланишнинг эрта босқичларида мазкур мамлакатлар ҳукуматлари маҳаллий корхоналарни хорижий рақобатдан ҳимоя қилиш билан бирга ички рақобатни кучайтиришган ва шу орқали маҳаллий корхоналар орасидан энг рақобатбардошларини (чемпионлари) етиштириб, халқаро бозорга чиқишга рағбатлантиришган.

Албатта, бирор соҳада ички рақобатни ривожлантириш иқтисодиёт ва бозор ҳажмига боғлиқ. Бу масалани, яхшиси, иқтисодчиларга қолдирамиз.

B) Давлат корхоналари

Давлат корхоналари хусусий корхоналарга нисбатан кам самарага эга экани иқтисодий жиҳатдан исботланган. Давлат одатда иш ўринлари сонини сақлаб қолиш ёки бошқа — ўз манфаатларига мос келадиган ижтимоий мақсадлар йўлида, самарали бўлмаса-да, давлат корхоналарини қўллаб-қувватлаб туради.

Самарали антимонопол сиёсат нотенг бўлган давлат кафолатлари (имтиёзлар) тақдим этилишини қисқартиради, давлат корхоналарини рақобатга ундайди ва энг муҳими, давлат ва хусусий корхоналар ўртасида тенг ва текис ўйин майдонини таъминлайди. Давлат корхоналари мулкчилик шакли туфайлигина қандайдир афзалликларга эга бўлиши нотўғри.

Бу борадаги Антимонополия қўмитасининг фаолияти хусусий секторга давлат корхоналари билан тенг равишда ресурслар, имтиёз ва инфратузилмадан фойдаланиш имкониятини таъминлашга қаратилиши лозим.

C) Инвестициялар

Монополияга қарши самарали кураш тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга туртки бўлиши ва уларнинг ички рақобатга салбий таъсирини олдини олиши лозим. Қандай қилиб?

Биринчидан, инвесторлар самарали антимонопол қонунчилик ва антимонопол сиёсатга ҳимоя сифатида қарайдилар — маҳаллий корхоналар томонидан устун (монопол) мавқеъини суиистеъмол қилиш ҳамда маҳаллий картеллар тузиш ёки коррупцион ҳолатлар каби тўсиқлар пайдо қилишидан ҳимоя сифатида.

Иккинчидан, самарали антимонопол сиёсат инвесторга алоҳида — преференциал режим, яъни ҳукумат томонидан кафолатланадиган алоҳида ҳуқуқларни тақдим этиш орқали инвестициялар сабабидан ички рақобатни чеклаш ҳолатларига йўл қўймайди.

D) Коррупция

Самарали антимонопол сиёсат баъзи ноинсоф тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида коррупцион келишувлар олдини олиш инструменти бўлиб хизмат қилади. Масалан, «Рақобат тўғрисидаги қонуннинг 14-моддасига кўра, Антимонополия қўмитасининг асосий вазифаларидан бири — давлат харидлари, аукционлар, танловлар ва тендерлар шаффоф ва ҳаққоний ўтказилишини таъминлаш. Шунингдек, бу идора лицензиялаш ва рухсат бериш тартиблари орқали бозорга киришни асоссиз чеклашга йўл қўймайди.

E) Ташқи савдони эркинлаштириш

Ташқи савдони эркинлаштириш ички бозордаги рақобатни кучайтиришда асосий роллардан бирини ўйнайди. Бироқ ташқи савдони эркинлаштириш иқтисодиётдаги рақобатни тўлиқ ривожлантириш учун етарли чора саналмайди.

Бу фикрни икки сабаб билан асослаш мумкин. Биринчидан, иқтисодиётнинг барча соҳалари ҳам ташқи савдони эркинлаштириш оқибатида импорт рақобати билан тўқнашмайди. Шунинг учун ҳам бошқа восита — монополияга қарши кураш каби чора зарур. Иккинчидан, савдонинг эркинлаштирилиши оқибатида нархларни сунъий ўрнатиш ва кўтариш, ҳамда бозорни тақсимлаб олиш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий тадбиркорлар ўртасида халқаро картел келишувлари тузилиш хавфи мавжуд.

F) Хусусийлаштириш

Шубҳасиз, хусусийлаштириш бозор иқтисодиётини қуриш йўлида муҳим қадам саналади, чунки бозор иқтисодиётининг асоси — хусусий мулк. Бироқ ташқи савдонинг эркинлаштирилиши каби хусусийлаштириш ҳам бозордаги рақобатни тўлиқ таъминлаш учун мукаммал инструмент саналмайди. Аксинча, агар монополияга қарши самарали курашилмаса, хусусийлаштириш фақатгина хусусий монополияларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Яъни, хусусийлаштириш монополияларнинг давлат мулкидан хусусий мулк шаклига ўтишини англатиши мумкин, холос. Бу эса моҳиятан ҳеч нарсани яхши тарафга ўзгартирмайди. Шунингдек, шуни қайд этиш лозимки, нафақат хусусийлаштиришнинг ўзи рақобатга тескари оқибатларга олиб келиши мумкин, балки хусусийлаштириш жараёни ҳам рақобатга қарши бўлиши мумкин.

Яъни, агар хусусийлаштириш жараёнининг ўзи ҳаққоний ва соғлом рақобат асосида амалга оширилмас экан, бу ҳолда айрим нуфузли кишилар хусусийлаштирилаётган объектларга асосий даъвогар бўлиб олиши мумкин. Бу эса жамиятни хусусийлаштириш ислоҳотининг фойдасидан маҳрум қилади.

G) Солиқлар

Маълумки, солиқлар давлат бюджети тушумининг асосий манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, солиқларнинг тадбиркорлик фаолиятига бўлган таъсири ҳам катта. Юқори ставкали ва дискриминацион солиқлар, айрим солиқ имтиёзлар янги тадбиркорларнинг бозорга киришига тўсиқ бўлиши, мавжудларини эса бозордан чиқишига олиб келиши, нотенг рақобат муҳити пайдо бўлиши ва оқибатда қора бозорнинг ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси бозордаги соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир қилади. Шу сабабдан Антимонополия қўмитаси янги Солиқ кодексини ишлаб чиқишда ўта фаол иштирок этиши ва рақобат чекланишига олиб борувчи солиқлар жорий қилинишига йўл қўймаслиги лозим.

Монополияга қарши самарали кураш

Юқорида «монополияга қарши самарали кураш» ибораси кўп бора қўлланди, бироқ бу иборадаги «самарали» тушунчаси нимани англатади? Албатта, «Рақобат тўғрисида»ги қонун ва Антимонополия қўмитаси мавжудлигининг ўзи монополияга қарши кураш самарали бўлишини англатмайди.

Қуйида, монополияга қарши курашнинг айрим муаммоларини қайд этган ҳолда, уларнинг самарадорлигини яхшилаш бўйича ўз таклифларимни беришга ҳаракат қиламан.

А) «Рақобат тўғрисида»ги қонун

Жорий «Рақобат тўғрисида»ги қонун мамлакатимизнинг ўзига хос иқтисодий ва ижтимоий жиҳатларини тўлиқ ҳисобга олмайди. Картел, қўшиб юбориш/олиш, давлат реестрини юритиш ва устун мавқени суиистеъмол қилиш борасидаги меъёр ва стандартларни қайта кўриб чиқиш зарур. Чунки улар замон талабларига жавоб бермайди.

Масалан, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси хўжалик юритувчи субъектларнинг умумий бозор улуши 35 фоиздан ошмаса, рақобатни четга суриб қўйиб, бемалол нархларни ўзаро келишган ҳолда асоссиз кўтариш, бозорлар ҳудудларини ўзаро бўлиб олиш каби картел келишувларини тузишга рухсат беради. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилинган корхоналар ҳам бозор улушидан қатъи назар, картел келишувларини тузишлари мумкин, дейилган.

Картел келишувлар бозор иқтисодиёти тизимини бузадиган энг хавфли қонунбузарлик ҳисобланади. Картелларни «махфий монополия» деб ҳам аташади, чунки бунда тадбиркорлар рақобатчидек кўринса-да, аслида рақобат қилмасдан ўзаро келишган ҳолда бир бутун монополия каби ҳаракат қилишади. Яъни, деярли монополия каби нархларни хоҳлаган пайтда ўзаро келишиб, бараварига кўтариб қўйишга қодир бўлишади.

Шунинг учун бундай истиснолар картелларга қарши курашни самарасиз қилади. Истисно қилиниши мумкин бўлган картел турлари сифатида экспорт картелларига рухсат берилса бўлади, аммо бунда ҳам бир шарт билан — картел келишувлари экспортни мақсад қилган рақобатчи корхоналарнинг мамлакатдаги ички рақобатига таъсир этмаслиги лозим.

Иккинчидан, дунёда картел келишувларига қарши энг самарали восита — «Жазодан озод қилиш дастури»ни (leniency program) амалда жорий этиш механизмини ишлаб чиқиш керак. Бу дастурнинг ҳуқуқий асоси 2012 йили «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасида белгиланган бўлсада, шу пайтгача амалиётга татбиқ этилмаган. Бу дастурнинг механизмини ишлаб чиқишда Япония тажрибасига мурожат қилишни таклиф қилган бўлардим, чунки Япония АҚШ ва Европанинг «Жазодан озод қилиш дастур»ларининг энг яхши тарафларини ўз ичига олган ва коррупцияга энг чидамли дастур ҳисобланади.

Учинчидан, рақобатга қарши ҳаракатлар, айниқса картел ва устун мавқени суиистеъмол қилганлик учун жазони кучайтириш лозим. Акс ҳолда монополияга қарши курашни тартибга солиш муваффақиятсизликка учрайди.

Таклиф сифатида жисмоний шахслар билан бир қаторда юридик шахсларнинг жавобгарлигини ҳам жорий қилишни тавсия қиламан. Ҳозирги вақтда бизда фақат жисмоний шахслар (тадбиркор ва амалдор) жавобгарлиги мавжуд. Бу «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 178-моддаси билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, рақобатга зид ҳаракатлар учун маъмурий жарима тадбиркорлар олиши мумкин бўлган ноқонуний фойдага таққосланганда жуда кам. Тадбиркорлар картеллар ёрдамида миллионлаб ва ҳатто миллиардлаб пул топади, ҳолат аниқланганда эса бор-йўғи беш минимал иш ҳақи миқдорида жарима тўлаб қутулади. Энди ўйлаб кўринг, тадбиркор бўлганингизда бир томонда миллионлаб фойда турса-ю, иккинчи томонда арзимаган 5 минимал иш ҳақига тенг жарима турса, сизни картел тузмасликдан нима тўхтатиши мумкин? Яъни, айтмоқчи бўлганим, ҳозирги жарималар рақобат қонунчилиги бузилиши олдини олиш функциясини умуман бажаролмайди. Маълумот учун: картел битимлари мавжуд бозорларда маҳсулот нархлари картел йўқ бозорларга нисбатан камида 15–20 фоиз баландроқ бўлади.

Тўртинчидан, қўшиб олиш ва акцияларни сотиб олиш борасидаги монополияга қарши идорадан олдиндан розилик олиш стандартларини ҳам бозорда иқтисодий концентрациянинг кучайишини олдини олиш учун қайта кўриб чиқиш лозим. Масалан, Давлат рақобат қўмитасининг ҳисоботларига кўра, амалиётда бирлашиш ва акцияларни харид қилиш учун аризаларнинг 98 фоизи монополияга қарши орган томонидан маъқулланиб келинади. Бу эса бозорда рақобатчи корхоналар сони камайиб, картел битимларини тузиш осонлашишига ва доминант корхоналари юзага келишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, бу қонунни давлат ва хусусий корхоналарни тенг имкониятлар билан таъминлаш борасидаги нормалар билан тўлдириш лозим. Монополияга қарши қонунчиликни мукаммаллаштиришни келгуси мақолада батафсил кўриб чиқамиз.

B) Монополияга қарши мустақил идора

Биринчидан, Монополияга қарши курашиш (антимонополия) қўмитаси бевосита президент ва парламентга ҳисобот топширадиган мустақил маъмурий орган бўлиши керак. Антимонополия қўмитаси нейтрал бўлиши ва ҳукумат идоралари фаолияти ва ислоҳотлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган рефери ролини бажариши лозим.

Антимонополия идорасининг мустақиллиги борасида япон ҳамкасбларимиздан ўрнак олишни тавсия этаман. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида араб-исроил урушлари сабаб юз берган нефть инқирози даврида кучли бензин танқислиги юзага келди. Бу эса нефтнинг жаҳон нархлари ўсишига олиб келди. Нархларнинг ўсишидан хавотирга тушган нефть компаниялари бензин нархини оширишни иқтисодиёт вазирлиги билан келишишга қарор қилишди. Йиғилишда Япония иқтисодиёт вазирлиги нефть компаниялари томонидан таклиф этилган нархни маъқуллади. Эртаси куни бензин нархи бутун Японияда бир хилда ошди. Бунга жавобан Япониянинг монополияга қарши идораси нефть компаниялари устидан «бензин нархини ўзаро келишган ҳолда белгилаш, яъни картел тузиш» айби билан иш қўзғади.

Нархни оширишга Япония иқтисодиёт вазирлиги шахсан розилик берганига Антимонополия идораси умуман парво қилмади. Натижада, картел иштирокчилари рақобат қонунчилигини бузганликлари учун жавобгарликка тортилишди. Япониянинг антимонопол органи ташкил этилишидан бошлаб ҳозиргача Япония иқтисодиёт вазирлиги билан бўлган қарама-қаршиликларини ОАВда кузатиш мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон Президенти фармонида айтилганидек, картел битимларини аниқлаш янги Антимонополия қўмитасининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Картел битимларини фош қилиш ва исботлаш учун Антимонополия қўмитаси прокуратура каби тезкор-қидирув ваколатларига эга бўлиши лозим. Чунки картел битимлари махфий бўлиб, уларни аниқлаш ва исботлаш — мураккаб жараён.

Антимонополия қўмитасини тезкор қидирув ваколатлари билан таъминлаш давлатнинг кун тартибида турган-турмаганини билмайман. Бироқ ваколатларнинг бу тариқа кенгайтирилиши иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида қай даражада мақсадга мувофиқлигини яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Сабаби, рақобат қонунчилиги коррупция, ваколатларни суиистемол қилиш ва айрим шахслар манфаатларини ҳимоя қилишнинг яна бир воситасига айланиши хавфи бор.

Аммо, мамлакатимизда суд мустақиллиги билан боғлиқ муаммолар бартараф қилинса, Антимонополия қўмитасини тезкор қидирув ваколатлари билан таъминлашнинг ҳеч қандай хавфи йўқ. Чунки, антимонопол идораларининг нотўғри ва асоссиз қарорларидан ва ноқонуний ҳаракатларидан тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун фақат суд кафил бўла олади. Шу сабабдан, рақобат қонунчилигини яхши биладиган малакали ва ҳалол судьяларни тайёрлаш зарур. Низоларни самарали ҳал этиш учун бу ўта аҳамиятлидир. Рақобат қонунчилиги ва иқтисодий асослар бўйича судьяларнинг билимлар етарли бўлмаса, судлар монополияга қарши органнинг айблов қарорларини тасдиқлаб бераверишдан нарига ўтмайди.

Шу билан бирга, Антимонополия қўмитаси ходимларининг виждонлилиги, ҳалоллиги ҳамда профессионаллиги муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, рақобатга зид ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва исботлаш меъёрлари аниқ ва тиниқ бўлиши керак.

Учинчидан, монополияга қарши орган халқаро картелларни аниқлаш учун хорижий ва қўшни мамлакатлар билан минтақавий ҳамкорликни ўрнатиши керак бўлади. Чунки Марказий Осиё ва бошқа МДҲ мамлакатлари билан ўзаро иқтисодий интеграциялашувимиз тобора кучайиб бормоқда. Бундай ҳамкорлик истеъмолчилар ҳуқуқларини халқаро картелларнинг сунъий нарх оширишларидан ҳимоя қилиш учун зарурдир.

Тўртинчидан, Антимонополия қўмитаси ўз фаолиятини бошлашда ўзини ижобий томондан номоён қилиши, халқни ва хусусий секторнинг ишончини қозона олиши жуда муҳим. Чунки ҳозирда хусусий секторда давлат идораларига нисбатан ишончсизлик (скептицизм) юқори.

Баъзи давлатларда янги ташкил қилинган антимонопол идоралар содир қилган хатоларни Ўзбекистон Антимонополия қўмитаси содир этмаслиги керак. Яъни, Антимонополия қўмитаси кичик ва ўрта бизнес йўл қўйган рақобат қонунбузарликларига қаттиқ ёпишиб, катта корхоналарнинг рақобатга зид ҳаракатларига нисбатан кўз юмиши ёки сусткашлик қилиши содир бўлмаслиги керак. Аксинча, кичик ва ўрта бизнес Антимонополия қўмитасини катта, монопол корхоналарнинг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қиладиган давлат органи сифатида кўриши керак. Бу борада яна Япония тажрибасини ўрганиш жуда ўринли деб ҳисоблайман.

Ана ўшанда монополияга қарши кураш самарали бўлади ва Антимонополия қўмитаси ҳалол тадбиркорлар учун ноинсоф тадбиркорларнинг рақобатга қарши ҳаракатларидан ҳамда давлат ҳокимияти органларининг асоссиз қарорларидан ҳимоя қила оладиган таянчга айланади.

C) Рақобат (антимонопол) сиёсати

Кўпчилигимиз рақобатбардош бозор деганда бозорда кўплаб харидор ва сотувчиларнинг мавжудлигини тушунамиз. Ҳа, бу тўғри, бироқ ушбу тушунча мукаммал эмас. Аслида, ҳақиқий рақобат бу — тадбиркорларнинг бозорга эркин кириб, уни эркин тарк эта олишидир. Айнан бозорга киришдаги тўсиқларнинг мавжудлиги монополия юзага келиши учун асосий омил ҳисобланади. Бозорга киришдаги тўсиқлар, ўз навбатида, қуйидаги ҳолатларда юзага келади:

  • ягона корхона ишлаб чиқаришнинг асосий ресурсларига эга бўлганда;
  • ҳукумат айрим маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича битта хўжалик субъектига мутлақ ҳуқуқлар тақдим этганда;
  • ишлаб чиқариш харажатлари шундайки, бозорда ягона ишлаб чиқарувчи бўлгандагина ишлаб чиқариш максимал даражада самарали бўлади (табиий монополиялар).

Аслида, бозорга янги хўжалик субъектларининг кириш имконияти доим мавжуд бўлса, зараркунанда монополия пайдо бўлмайди. Чунки бозорга киришда тўсиқлар бўлмаса ҳамда бизнес даромадли бўлса, унга киришни истайдиган тадбиркорлар албатта топилади, бу эса монополияни ўз ўзидан йўқ қилади.

Тан олиш керакки, мамлакатимизда монополияларнинг пайдо бўлишига давлатнинг ўзи асосий сабабчи ҳисобланади. Шунинг учун Антимонополия қўмитасининг устувор фаолиятидан бири — протекционистик мақсадлар ва рақобатни чеклаш мақсадида давлат органлари ва юридик шахслар бирлашмалари яратадиган бозорга кириш тўсиқларини қисқартириш.

Иккинчидан, Антимонополия қўмитаси рақобатнинг ҳолати ва истеъмолчилар фаровонлигига салбий таъсир кўрсатадиган давлат субсидиялари, имтиёзлари ва протекционизм чораларини синчковлик билан қайта кўриб чиқиши лозим.

Учинчидан, Антимонополия қўмитаси давлат идоралари ва юридик шахслар бирлашмалари (саноат ва савдо ассоциациялари) томонидан нархларни назорат қилишдаги функцияларини ҳам қайта кўриб чиқиши керак. Ижтимоий мақсадларни кўзлаган ҳолда айрим ҳолларда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳукумат органлари ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар учун нархларни қатъий ёки максимал миқдорини белгилаш ҳолатлари учраб туради. Бироқ давлат идоралари танганинг фақат бир томонини кўргани учун уларнинг бундай ҳаракатлари рақобатга ҳам, истеъмолчиларга ҳам зарар етказади.

Масалан, давлат идоралари томонидан гўшт, муайян дорилар, бензин каби маҳсулотлар нархининг қатъий белгиланиши охир-оқибат рақобат ҳолати ва умуман истеъмолчилар фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиб, бозордаги маҳсулотлар танқислигини ёки сифати бузилишини келтириб чиқаради.

Тўртинчидан, қисман хусусийлаштириш ёки қисмларга бўлиш мумкин бўлган соҳаларни аниқлаш учун табиий монополия тушунчасини торайтиришни таклиф этаман. Бунга аэропортларни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпания таркибидан ажратиш яхши мисол бўлади. Худди шунга ўхшаб табиий монополиянинг бошқа соҳаларида демонополизацияни амалга ошириш мумкин. Мисол учун, электр узатишнинг юқори вольтли линияларини давлат бошқарувида қолдириб, тизимларни эса ўзаро рақобат қилувчи хусусий етказиб берувчилар учун очиқ қилиб қўйиш мумкин. Бу худди маҳаллий телефон компаниялари ўз линияларига халқаро алоқа компаниялари киришига имкон беришига ўхшайди. Кўмир бўйича ҳам шунга ўхшаш ишларни амалга оширса бўлади. Тўғри, нархлар бироз ошиши мумкин, аммо трансформатор билан боғлиқ баҳоналар, кўмирнинг паст сифати ва электр оқимидаги узилишлар барҳам топади.

Айтиб ўтмасдан иложи йўқ: GM Uzbekistan автокорхонаси табиий монополия ҳисобланмаса-да, ҳозирда монопол ҳолатда. Аммо автосалонлар автосаноат таркибидан ажратилиб, хусусий секторга бериш эҳтимолини кўриб чиқиш керак. Ана шунда автосалондаги «шапкалар» ўз-ўзидан ечим топади.

Юқорида айтиб ўтилган вазифаларни самарали бажариш учун монополияга қарши идора зарур ва у етарлича моддий ва техник базага эга бўлиши лозим. Шунингдек, Антимонополия қўмитаси ходимларининг маоши ҳам мос даражада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардаги маошлардан кам бўлмаслиги керак.

D) Таълим ва тарғибот

Биринчидан, самарадорлик Антимонополия қўмитаси ходимларининг рақобат қонунчилигини қай даражада пухта билиши ва тушунишига боғлиқ. Рақобат қонунчилиги жуда серқирра соҳа, чунки бозорнинг турлари кўп. Шу сабабдан хорижий тажрибани ўрганиш ва хорижий юрисдикциядаги бевосита тренинглар, халқаро ташкилотларни (донорлар) жалб этиш катта аҳамиятга эга.

Иккинчидан, самарали монополияга қарши курашни тартибга солиш учун «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти, моҳияти ва меъёрларини хусусий секторга тушунтириш учун Антимонополия қўмитаси томонидан ҳар хил семинар ва конференциялар ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Тадбиркорлар ўзларининг қандай ҳаракатлари рақобат қонунчилигини бузишини (картеллар, устун мавқени суиистеъмол қилиш, ноинсоф рақобат ва ҳ.к ) ва аксинча давлат органларининг қайси ҳаракатлари тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузиши мумкинлигини билишлари лозим. Бу эса, ўз навбатида, қонунбузарлик ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш имкониятини беради. Масалан, доминант корхона ўзининг устун мавқеини суиистеъмол қилишининг кўплаб усуллари мавжуд бўлиб, улар ҳақида тадбиркор билмаслиги ёки уни рақобатнинг нормал усули, деб ҳисоблаши мумкин. Айтайлик, ҳокимлик тадбиркорни бирор ташкилотга (спортни ривожлантириш, маданий тадбирлар) пул ўтказишга мажбур қилиши «Рақобат тўғрисидаги» қонуннинг 12-моддасини бузиш эканини ҳамма тадбиркор ҳам билмаса керак.

Учинчидан, кадрлар таёрлаш учун олий таълим муассасаларида «Рақобат ҳуқуқи», «Қиёсий ва халқаро рақобат ҳуқуқи» фанларини киритиш керак. Шунингдек, диссертация ишларини рағбатлантириш ва турли илмий конференцияларни ўтказиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўртинчидан, монополияга қарши қонунчиликка ихтисослаштирилган адвокатлик фаолиятини ривожлантириш лозим. Хусусий сектор учун бу катта аҳамиятга эга. Адвокатлар тадбиркорларни антимонопол идоранинг асоссиз қарорларидан нафақат судларда ҳимоя қилиши, балки тадбиркорлар ўртасидаги рақобат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда иштирок этиши ва буни қўшимча фойда манбаига айлантириши мумкин. Мисол учун, «Рақобат тўғрисидаги» қонуннинг 10- ва 13-моддаларида белгиланган рақобатни чеклайдиган ҳолатлар оқибатида келиб чиқадиган зарарни ундириш бўйича низоларда тадбиркорларнинг манфаатларини хўжалик судларида ҳимоя қилишлари мумкин. Кўп давлатларда, айниқса АҚШда, адвокатлик фаолиятининг бу йўналиши (private litigation) анча ривожланган.

АММО! Агарда сиёсий ирода мавжуд бўлмаса, антимонополия қўмитасини ташкил қилишнинг ва «Рақобат тўғрисида»ги янги қонунни қабул қилишнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.

Одатда ислоҳотчилар антимонополия идораси кучайишини истамайдилар, чунки улар рақобат сиёсати иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг қўлини боғлаб қўяди, деб ҳисоблашади. Аммо рақобат сиёсати ва самарали антимонополия идораси бу — иқтисодий тараққиёт учун асосий ва зарурий элементлардан бири эканини тушуниш лозим.

Сиёсий ирода бўлмас экан, ҳукумат ўзининг саноат сиёсатига зид келадиган антимонополия идорасининг қарорларини блоклашни одат қилиб олади — бундай ҳолатлар ўтмишдаги антимонопол қўмита амалиётида бўлган. Умид қиламизки, Антимонополия қўмитасининг тузилиши бундай сиёсий ирода етилаётганининг далолатидир.

Сўзим якунида мустақил антимонополия қўмитаси яратилиши иқтисодий фаровонликка эришиш йўлида муҳим қадам эканини яна бир бор қайд этмоқчиман. Бироқ ривожланишнинг ҳозирги босқичида антимонополия идораси фақатгина назорат органига айланиб қолмасдан, балки кўпроқ ҳимоя қилувчи ва ҳуқуқбузарликлар олдини олувчи идора бўлиши лозим. Антимонополия қўмитаси ҳимоявий ва олдини олиш функцияларини амалга ошира олиши учун бошқа вазирлик ва идораларнинг рақобатни чеклайдиган ҳаракат ва қарорларига қарши чиқа оладиган, нейтрал ва мустақил идорага айланиши керак. Бунинг учун рақобат сиёсатининг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш зарур.

Муаллиф ҳақида: Ҳусаин Ражапов — Кобе университетининг (Япония) ҳуқуқ факультети докторанти. Тошкент Давлат юридик университети битирувчиси (бакалавр). Тадқиқот соҳалари: рақобат ҳуқуқи, халқаро иқтисодиёт ҳуқуқи (Жаҳон Савдо Ташкилоти).

Мавзуга оид