Иқтисодиёт | 14:06 / 26.10.2024
6507
3 дақиқада ўқилади

Таом етказиб бериш хизматлари бозори монополлашди

Рақобат қўмитаси бу бозорда Yandex Eats ва Express24 сервисларини устун мавқега эга (монопол) деб топди. Аввалроқ бу икки сервис ягона платформада бирлашиши эълон қилинганди.

Иллюстратив сурат

Рақобат қўмитаси “YandexGo UB” МЧЖ, “Yandex Eats” МЧЖ ХК ҳамда “Express24 APP” МЧЖни устун мавқега эга (монопол) рақамли платформа операторлари деб эътироф этди.

Қўмитанинг тегишли буйруғи билан, Yandex Go такси агрегатори хизматлари бозорида, Yandex Eats ва Express24 эса тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизматлари бозорида устун мавқега эга деб топилган.

Расмий хабарда айтилишича, бунга “Yandex Eats” МЧЖ ХК ва “YandexGo UB” МЧЖларнинг бу соҳаларда устун мавқега эришилгани ҳақидаги хабарномалари асос бўлган.

“Қўмита “YandexGo UB” МЧЖ ва “Yandex Eats” МЧЖ ХKлар томонидан янги тартибга солиш ҳужжатлари талабларини бажарилишини олқишлайди”, – дейилади монополияга қарши орган баёнотида.

Қўмита эндиликда бу корхоналар томонидан устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли тартибда мониторинг ўтказиб борилишини маълум қилди.

Кеча, 25 октябр куни Yandex Uzbekistan компанияси Express24 сервиси активларининг бир қисмини сотиб олишини эълон қилганди. Yandex Uzbekistan матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан ушбу битим иқтисодий концентрация устидан давлат назорати талабларига тушмаслиги, шундай бўлса-да, Рақобат қўмитасига хабар берилганини билдирганди. Қўмита буни тасдиқлаган.

“Мазкур битимга монополияга қарши орган билан олдиндан келишиш (розилик олиш) талаблари татбиқ этилмайди, чунки, корхоналарнинг акциялари (улушлари) сотиб олинмаган ва қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш ҳолатлари содир этилмаган”, – дея қайд этган қўмита.

Қўшимча қилинишича, амалдаги қонун ҳужжатларига активларни сотиб олишда монополияга қарши органининг олдиндан розилигини олиш тартибини такомиллаштириш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қўмита томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси “YandexGo UB” МЧЖнинг такси агрегатори хизматлари бозоридаги устун мавқейини ўтган йили 4 декабрда эътироф этганди.

Мавзуга оид